1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Отадан кейин унинг дўстини эъзозлаш

09:00 / 30.06.2022 3375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّ أَبَرَّ الْبِرِّ أَنْ يَصِلَ الرَّجُلُ أَهْلَ وُدِّ أَبِيهِ بَعْدَ أَنْ يُوَلِّيَ»، يَعْنِي: يُوَلِّيَ الْأَبُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:

«Яхшиликларнинг энг яхшиси киши отасининг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир. У кетганидан кейин».

Яъни отаси ўтиб кетганидан (кейин)».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Фарзанд дунёдан ўтган отасига яхшилик қилишни, уни эъзозлашни истаса, отасининг яхши кўрган кишиларини зиёрат қилсин, уларга яхшилик қилсин, уларни ҳурмат қилсин, отасининг ўрнига уларни эҳтиром этсин. Бу билан худди отасининг ўзига яхшилик қилгандек бўлади, отасининг руҳи шод бўлади.

Бу ҳадисдан ўғил ёки қиз фарзанд ота-онасини чиндан ҳам севса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этишни истаса, улар дўст тутган кишиларни ота-онасини ҳурмат қилгандек ҳурмат қилиб, уларга моддий ёрдам, хайр-эҳсонлар ва бошқа яхшиликлар қилиб туриши лозимлигини билиб оламиз.

عَنْ حَنْظَلَةَ بْنِ أَبِي سُفْيَانَ، عَنْ رَجُلٍ: أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنِ طَاوُسَ قَالَ لِأَبِيهِ، وَهُوَ بِالْمَوْتِ: مَا تُوصِينِي؟ قَالَ: مَا كُنْتَ تُهْدِنِي بِهِ فَانْظُرْ فُلَانًا. قَالَ الرَّجُلُ: فَبَيْنَمَا عَبْدُ اللهِ وَأَنَا مَعَهُ إِذِ الرَّجُلُ، فَنَزَلَ عَبْدُ اللهِ عَنْ فَرَسِهِ، فَمَشَى إِلَيْهِ حَتَّى احْتَضَنَهُ. رَوَاهُ الْحُسَيْنُ الْمَرْوَزِيُّ.

Ҳанзала ибн Абу Суфён бир кишидан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Товус ўлим тўшагида ётган отасига:

«Нимани васият қиласиз?» деди.

«Менга ҳадя қиладиган нарсангни фалончига қил», деди.

Ўша киши (ровий) айтди: «Абдуллоҳ кетаётган эди. Мен у билан бирга эдим. Бирдан мазкур киши чиқиб қолди. Абдуллоҳ отдан тушди ва юриб бориб, уни қучоқлади».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Товус отаси вафот этиши олдидан, яъни ўлимидан олдинги бетоблигида:

«Нимани васият қиласиз?» деб сўради.

«Менга ҳадя қиладиган нарсангни фалончига қил», деди отаси.

Яъни «Мен вафот этгач, менга ҳадя қилиб юрадиган нарсангни, мени ҳурсанд қиладиган нарсангни фалончига қилиб юргин», дея бир дўстининг исмини айтди.

Ровий айтадики, «Абдуллоҳнинг отаси вафот этганидан кейин бир куни у билан бирга кетаётган эдик. Отаси айтган ҳалиги одам кўриниб қолди. Шунда Абдуллоҳ отидан тушиб, югуриб бориб, мазкур одам билан қучоқлашиб сўрашди». Яъни отасининг васиятига амал қилиб, унинг дўстига шу даражада ҳурмат кўрсатдики, бу билан у худди отасига яхшилик қилгандек бўлди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сафарда бир аъробий ўтиб қолди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий:

«Фалончининг ўғлимисан?» деди.

«Ҳа», деди Ибн Умар ва орқасидан эргаштириб юрадиган эшакни беришга амр қилди. Бошидан салласини ечиб, унга берди. Шунда у билан бирга турганлардан бири:

«Унга икки дирҳам кифоя қилмасмиди?!» деди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Яна Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин», деганлар», деди Ибн Умар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сафарда кетаётиб, бир аъробий – саҳролик арабни учратиб қолибдилар.

Аъробийлар саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бироз қўполроқ бўлиши билан маъруф ва маълум бўлган. Ўша аъробийнинг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган экан.

Аъробий Ибн Умарга қараб: «Сен Умарнинг ўғлимисан?» дебди.

«Ҳа, мен Умарнинг ўғлиман», дебдилар Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва унга бир эшак совға қилишга амр этибдилар, бошларидаги саллаларини ҳам ечиб, унга кийгизиб қўйибдилар.

Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳамсафарларидан баъзилари: «Бунга бир-икки дирҳам бериб қўйсангиз ҳам бўларди», дейишибди.

Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Яна Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин», деганларини эшитганман. Шунинг учун бу одам икки дирҳамга лойиқ бўлса ҳам, эшак миндириб, салламни кийгиздим», дебдилар.

Бошқа ривоятларда ҳамсафарларининг «Бу оз нарса билан ҳам хурсанд бўлаверарди», дейишгани, у кишининг эса «Унинг отаси менинг отамнинг дўсти эди, шунинг учун эҳтиром қиляпман, чунки Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар», деганлари айтилган.

Демак, «Ота-онамга улар вафот этиб кетганларидан кейин ҳам яхшилик қилишни истайман», деган фарзанд ота-онаси дўст тутган кишиларни дўст тутиб, уларга яхшилик қилишда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ибрат олиши керак бўлади.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Саъд ибн Убода Зарқийдан, у отасидан ривоят қилади.Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. давоми...

2323 13:30 / 19.02.2020
Отангиз бирор жисмоний меҳнат билан шуғулланса, уни кексайиб қолганини айтиб, мутлақо чеклаб қўйманг. Уни тоқати етганича, бироз ҳаракат қилишига қўйиб беринг. давоми...

995 10:32 / 30.09.2025
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан .Бу сенга ким бўлади, деб сўрадилар. У .Отам,, деб жавоб берди. Шунда у зот .Унинг исмини айтиб давоми...

1577 14:56 / 20.11.2025
Бир аёл ҳар сафар ўғилларидан биронтасини хулқида ёмон ўзгаришни кўрса, дарров садақа қилиб, таом тарқатар ва .Молларидан садақа ол. Бу билан уларни давоми...

2539 21:08 / 11.11.2022
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021