1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ийло масаласи

15:30 / 16.02.2020 4699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.

Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. (Бақара сураси, 226-227 оятлар)

«Ийло» эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида одамлар хотинидан аччиғи чиқса ёки уни жазоламоқчи бўлса, ийло қилиб, унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичиб қўяр экан. Шу билан бир-икки йил ёки ундан ҳам кўпроқ бепарво юраверар, аёл бечора азобда қолар экан. Хотин бўлиб, хотин эмас ёки боши очиқ ҳам эмас. Бу иш, албатта, аёл учун руҳий, маънавий ва асабий тарафдан азобдир. Бу унинг аёллик ҳурматини оёқости қилиш, эр-хотинлик ҳаётини бузиш, оилани парчалашдан иборатдир.

Шу билан бирга, бунда баъзи бир нотўғри ҳолатларни тўғрилашга, ҳар ким ўзини-ўзи синаб олишига фурсат ҳам бор. Шунинг учун ҳам Исломда ийлони бутунлай бекор қилмасдан, балки маълум доирада чегаралаб қўйилган. Бунда ҳам эркакнинг, ҳам аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари эътиборга олинган:

«Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир».

Шу билан эркакларнинг қасам туфайли аёлига яқинлик қилмай юришининг энг узун муддати чегараланди. Бу муддат тўрт ойдир. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, қасам ичмасдан, бошқа узрли сабабларга кўра яқинлик содир бўлмаса, бу ҳукмга кирмайди.

Ийлонинг узоқ вақти айнан тўрт ой бўлишининг ҳикмати шуки, аёл киши эрсиз шу муддатга сабр қила олади. Бундан ўтиб кетса, чидай олмаслик эҳтимоли бор.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси ҳеч кимга билдирмасдан, айланиб, одамларнинг ҳолларидан хабар олиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қолибдилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан жиҳодга кетган экан. Сўнгра ҳазрати Умар одам юбориб, қизлари Ҳафса онамиздан:

– Аёл киши эрсиз қанча сабр қилади? – деб сўрабдилар. У киши:

– Тўрт ой, – деб жавоб берибдилар.

Буни билгандан кейин ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берганлар.

Тўрт ой ичида эр ҳам ўйлайдиганини ўйлаб, бир қарорга келиб олган бўлади. Кейин бу масалани бир ёқлик қилса бўлади.

«Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Яъни эрлар хотинларига қайтиб, оилавий ҳаётларини давом эттириб кетсалар, Аллоҳ мағфиратли Зот, олдинги ўтган хатоларни кечиради ва раҳмли Зот раҳм қилиб, қайтишига рухсат беради.

«Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».

Яъни тўрт ой ўтгандан кейин агар қайтишни эмас, талоқни ирода қилсалар, Аллоҳ эшитиб, билиб турибди, «ийло»си талоққа айланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаблари бўйича, тўрт ой ўтиши билан ражъий талоқ тушади. Эр талоқ қилиши шарт эмас.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, валийингиз фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва бўйсунган ҳолларида намозни тўкис адо этиб, закот берадиган иймон келтирганлардир, Моида сураси, давоми...

1397 19:00 / 05.11.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади quotСизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. давоми...

2955 16:00 / 01.03.2020
.Албатта, бандаларим устидан сенинг ҳукмронлигинг йўқ. Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир, Исро сураси, 65оят. Кимки Аллоҳга ҳақиқий банда бўлса, қалби Аллоҳга давоми...

1675 19:00 / 05.06.2024
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Жумуъа, Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар барча нарсанинг эгаси, барча айблардан холи, ўта иззатли, давоми...

3358 14:09 / 02.11.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021