1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзанд тарбияси

15:30 / 31.08.2021 15419 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарбия ҳам ота‑оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир.

«Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради.

Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар.

Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди:

«Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир».

Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади:

«Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Исломда болалар тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота‑онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота‑онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота‑она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота‑онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».

Яъни, ота‑оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?»

Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота‑онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота‑она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси бўйича мутахассисларимиз: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Она тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган ҳолатлар бор. Мисол учун .Хотин, сўзи турли жойларда давоми...

4926 20:00 / 09.08.2019
Сунний талоққа хилоф талоқ .бидъий талоқ, дейилади. .Бидъий, ndash .бидъатга мувофиқ, дегани бўлиб, .суннатга хилоф, маъносини англатади. Бидъий талоқ қилган одамнинг давоми...

2307 21:41 / 02.12.2022
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едирибичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан давоми...

3210 19:04 / 31.01.2020
Ҳазилмутойиба ва кўнгилхушлик қилишга ўхшаш ишларда мўътадиллик бўлиш шарт.Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига, шариатга давоми...

3768 09:05 / 22.07.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021