1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ислом ҳамма одамларнинг динидир (биринчи мақола)

16:05 / 25.03.2020 3572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳақидаги келтирилган маълумотларнинг ниҳоясида нима учун у зотнинг хотинлари кўп бўлганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоғимиз лозим бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари кўп бўлганининг ҳикматлари ҳақида гапиришдан олдин эса Исломдаги кўпхотинликка умумий рухсатнинг ҳикматлари ҳақида сўзлаб ўтмоқ даркор.

Қадимги вақтда Ислом душманлари «Бир эркакка тўрт хотин кифоя қилади» деган ҳукм учун «Бу жуда оз-ку!» деб туҳмат тошини отишган эди. «Бир кишига тўрттадан ортиқ аёлга уйланишни ман қилиш – жабр ва зулм. Ҳар ким хоҳлаганича сондаги аёлларга уйланиш имконига эга бўлиши керак», деб дод солишган, яна оғизларига нима келса, шуни айтиб, вайсашган эди.

Ҳозирги вақтда эса Ислом душманлари «Бир эркакка тўрт хотин кифоя қилади» деган ҳукм учун «Бу жуда кўп-ку!» деб туҳмат тошини отишмоқда. Ислом душманлари Исломда кўпхотинликка рухсат берилганини шунчалар кўп танқид қилганларки, ҳатто дунёда кўпчилик Ислом деганда тўртта хотинга уйланишни тушуниб қолган. Баъзилар Ислом ҳақида ҳеч нарса билмаслиги мумкин, аммо Исломда тўртта хотинга уйланишга рухсат берилганини жуда яхши билишади.

Агар Ислом душманларининг бу масаладаги шовқин-суронига эътибор бериладиган бўлса, худди Ислом фақат шу масаладан иборатга ўхшаб қолади. Улар Исломдан сўз очилиши билан тўртхотинлик масаласига ёпишиб олишади. Гўёки Ислом шариати мусулмон эркакларга тўрттадан хотин олишни фарз қилиб қўйгандек!

Бу ҳолат асрлар давомида душманлар томонидан Исломга қарши олиб борилган ташвиқотларнинг самарасидир. Бу тарғиботлар ҳатто ўзини мусулмон санаб юрган баъзи жоҳилларга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ушбу масалада батафсилроқ сўз юритиш маъқул кўринди.

1. Кўпхотинлик фақат Исломга хос эмас.

Бу иш дунёнинг ҳамма халқларида, ҳамма тузумларида бўлиб келган. Баъзиларида ҳозир ҳам бор.

Африқонинг баъзи минтақаларида хотини нечта эканини билмай, санаб охирига ета олмайдиган қабила бошлиқлари борлиги сир эмас. Айни пайтда, насроний дини канийсаси Африқода истисно тариқасида кўп хотинга уйланишга рухсат бергани ҳам сир эмас. Маълум бўлишича, биттадан ортиқ хотинга уйланиш ман қилингани уларга ўз динини тарқатишда халал бераётган экан.

Нима учун қадимдан бўлиб келаётган, ҳозирда ҳам бор масала учун фақат Исломни айблаш керак?!

2. Ислом кўпхотинликни янгидан чиқарган эмас, балки мавжуд тартибсиз, чегарасиз, зулм ва жабрдан иборат, хотинларнинг ҳеч бир ҳаққини риоя қилмайдиган ҳукмни тартибга солган, чегаралаган, адолатли бўлишини, хотинларнинг барча ҳақларига риоя қилинишини йўлга қўйган, холос.

Биринчидан, Ислом хотинлар сонининг тўрттадан ошмаслигини қатъиян тайин қилган. Тўрттадан ортиқ хотини борларга амр этиб, ортиқчаларига жавоб беришни йўлга қўйган.

Биттадан ортиқ хотин олиш учун эса хотинлар ўртасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўйган. Кўп хотинли эр хотинларига нафақа, турар жой, муомала ва бирга ётишни бир хилда таъмин қилишни шарт қилган. Агар шу шарт вужудга келмаса, биттадан ортиққа уйланиш маслаҳат берилмайди.

Аллоҳ таоло:

«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани ‎‎(олинг)», деган («Нисо» сураси, 3-оят).

Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, улардан фақат биттасига майл кўрсатса, қиёмат куни бир ёнбоши мойил бўлган ҳолида келур», деганлар.

3. Ислом оламшумул диндир. У ҳамма маконлар, ҳамма замонлар ва ҳамма одамларнинг динидир. Шунинг учун ҳамманинг эҳтиёжини, ҳамманинг табиати ва талабларини эътиборга олган. Ислом битта хотинни зўрға эплайдиган мижози суст шимолликларнинг ҳам, битта хотин билан сабр қила олмайдиган мижози кучли жанубликларнинг ҳам динидир.

Бугунги кунда Исломдаги кўпхотинликка мижози суст, бир хотинни ҳам эплай олмайдиган кишиларнинг қарши чиқаётганлиги ҳам шуни кўрсатади. Улар қўрқмасалар ҳам бўлаверади. Ислом уларни кўп хотин олишга мажбур қилмайди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг Ислом оламида тутган ўринлари у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида катта аҳамият касб этди. Умар давоми...

3811 19:50 / 07.04.2019
Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичгандан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра давоми...

2609 19:10 / 21.03.2019
Уламолардан бири шундай ёзади.Бир йил олдин саксон ёшли бир қария зиёратимга келди. Унинг худди ёш йигитлардек зиналардан чаққонлик билан сакрабсакраб давоми...

14220 10:00 / 06.10.2020
Ўртангиздаги муҳаббат ҳасталикка учраб, ўлим томон юз тутаётганини сезган заҳотинг уни ҳимоя қилишга, соғомон сақлаб қолишга ҳаракат қил.1. Эзгу дуо ёки мақтов давоми...

10367 14:40 / 09.04.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021