1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Суннатга мувофиқ зийнатланиш

05:00 / 02.03.2017 4714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзининг азиз китобида бандаларига: «Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатларингизни олинг», деб хитоб қилган Аллоҳ азза ва жаллага битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин.

«Қачонки, Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!» деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату дурудлар бўлсин.



Биз мусулмонлар ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат қилиш учун аввало  Қуръони Каримга назар соламиз, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишга интиламиз. Зийнат бобида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қиладиган бўлсак, бир қанча нарсаларни топамиз.


Шундан биринчиси ва энг муҳим бўлгани - покликдир. Шаръий, айниқса, фиқҳий китобларда зийнат ҳақида гап кетадиган бўлса, одатда покликдан бошланади. Бунинг ажабланадиган ери йўқ, зийнатнинг асли покликдир, поклик бўлмаса, ҳар қанча устига безанилса ҳам фойдаси йўқ. Маданият чўққисига чиққанликни даъво қилаётган ҳозирги баъзи халқларнинг ҳаёлига ювиниш келмаган, ҳаммом нималигини тасаввур қила олмаган бир даврда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига поклик бобида ҳам гўзал намуна кўрсатдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Албатта Аллоҳ кўп тавба қилувчи ва покланувчиларни севади», дейди. Эътибор берсак, покланувчилар дейиляпти, поклар эмас. Бундан покланишга интилувчи ва ҳаракат қилиб шунга эришувчилар назарда тутилгани аён бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак,  деди».

Диний китобларни мутолаа қилар эканмиз, қизини эрга бераётган она қизига насиҳат қилар экан, зийнатланиш  воситаларининг энг афзали сув эканлигини уқтираётганини биламиз, бу билан она қизига доимо озода юриш керак эканлигини тайинлайди. Шунингдек, биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳушбўйликни севганларини, унга доим тарғиб қилганларини, ўзлари ҳам доим уни ишлатганларини ва У зотнинг ўзлари ўта ҳушбўй бўлганларини биламиз. Бу ҳақида ривоятлар жуда кўпдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши хушбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони қилар эди».

Бешовлари ривоят қилган бошқа бир ривоятда: «Кимга ҳушбўй нарса тақдим қилинса рад қилмасин, чунки унинг ҳиди ҳушбўйдир ва вазни енгилдир» дейилган.

Термизийнинг ривоятида: «Уч нарса қайтарилмас: болишлар, ҳушбўй нарса ва сут», дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан танишар эканмиз, сочларини парвариш қилганлари, баъзида ҳинно билан бўяганлари, уни мойлаганларини ҳамда сочни парвариш қилишга буюрганларини билиб оламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин», дейдилар, яъни парвариш қилиб яхши қарасин, деганларидир. Яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни сурма қўйишлари ҳам ворид бўлган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмадонлари бор эди, У зот ундан ухлашдан олдин ҳар бир кўзларига уч мартадан сурма сурар эдилар».

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ҳам зийнат ҳақида кўп таълимотлар берганлар, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайздан покланиб ғусл қилишда, аёлларга сув ила сидр ишлатишни, мискланган пахталарни ишлатишни тавсия қилганлар. Сочларига беэътибор бўлмасдан, вақти вақти билан уларни парваришлаб, мойлашни, ҳиннолаш кераклигини ўқиттирганлар. Аёл кишини кўзида сурмасиз, қўлида ҳинносиз кўришни ёқтирмасликларини ҳам айтганлар.

Ҳар бир мусулмон ва муслима ибодат учун зийнатланиши зарурлиги, Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатларингизни олинг» деган хитобида таъкидланган.  Эркаклар зийнатланишга кўпчилик билан жам бўлишда, жамоат ерларида ҳамманинг ўнгида ҳайъатлари гўзал бўлиб, кўпчиликка танглик келтирмаслик мақсадида  урғу беришни доимо ёдда тутиши лозим. Шунинг учун биз аёллар доимо эркакларга уйдан чиқишларида Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зийнатланишларида ёрдам берганларидек, эркакларимизга ёрдамлашиб, зийнатланишни унутиб қўймасликлари пайидан бўлиб туришимиз керак. Лекин биз, аёлларнинг зийнати асосан эрлари учун бўлишини унутмаслигимиз лозим ва  соллаллоҳу таоло ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.


Одинахон Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича давоми...

7363 10:59 / 21.09.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди,.Бешовларидан фақат Термизий ривоят давоми...

6135 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .hellipшойи ипаклардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой,, деган.Шарҳ Аллоҳ давоми...

12363 05:00 / 02.03.2017
Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз давоми...

6675 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021