1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

83-боб. Қўл остидагиларга ёмон муносабатда бўлиш

19:04 / 13.04.2020 2626 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Дардодан ривоят қилинади:

«У киши одамларга қараб шундай дер эди:

«Эй одамлар! Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз яхшиларингизни ёмонларингиздан ажратиб олганмиз.

Сизнинг яхшиларингиз – яхшилиги умид қилинадиган, ёмонлигидан эмин бўлинадиганларингиздир.

Сизнинг ёмонларингиз – яхшилик умид қилинмайдиган, ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган ва қули озод бўлмайдиганларингиздир».

Яъни, одамлар ундай кишилар ҳақида «бу одам яхшилик қилади, ёмонлик қилмайди» деган хаёлда бўладилар. Қайси бир қавм бир одам ҳақида «ундан яхшилик кутилади, ёмонлик кутилмайди», деган фикрда бўлса, ўша одам яхши одам ҳисобланади.

«Сизнинг ёмонларингиз – яхшилик умид қилинмайдиган, ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган...» яъни бундай одам исталган пайтда бирор ёмонлик қилиб қолиши мумкин.

«...ва қули озод бўлмайдиганларингиздир».

Ўша пайтларда бутун дунёда қулдорлик тузуми ҳукм сурган эди. Ислом қулдорликка қарши ҳаракатни биринчи бўлиб бошлаган, уни йўқ қилиш учун аста-секин кураш олиб борган.

Ушбу курашнинг дастлабки босқичларидан бири – қулини озод қилмайдиган одам яхши одам эмас, деб эълон қилиш бўлган.

Бу эълон қулдорлик тузумига қарши жуда катта зарбадир. Бу масаланинг иймон-эътиқодга қўшиб айтилиши, одамларнинг яхши-ёмон сифатларини белгилашга бир аломат, мезон қилиб қўйилиши Исломнинг қулдорлик тузумига қарши курашда қўйган энг кўзга кўринган қадамларидан бири ҳисобланади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Одамларга уларнинг яхши ва ёмонини билиш ҳақида хабар бериш мумкинлиги.

2. Яхшилиги умид қилинадиган ва ёмонлигидан эмин бўлинадиган одамлар яхшилар экани.

3. Яхшилик умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган одамлар ёмонлардан экани.

4. Қулини озод қилмайдиганлар ёмон кишилар экани.

Абу Умомадан ривоят қилинади:

«Кануд – меҳмонига икром кўрсатмайдиган, ёлғиз ўзи яшайдиган ва қулини урадиган одамдир».

Шарҳ: Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг Аъдият сурасидаги «Иннал инсана ли Роббиҳи ла кануд» оятида келган «кануд» сўзининг тафсири келмоқда.

Кануд – жуда ёмон одам. Бундай одам хасислиги боис меҳмонларига икром кўрсатмайди, зиёфат қилиб бермайди, ҳеч кимга ҳеч нарса бермайди. Бахиллик қилиб, оч қолганга ҳам, меҳмонга ҳам – ҳеч кимга дастурхон ёзмайди.

Таомни ёлғиз ўзи ўтириб ейди, ҳеч кимга бермайди.

Бундай одам бировларни ёқтирмагани учун «яккамохов» бўлиб, ёлғиз ўзи яшайди.

Бундай кишининг учинчи сифати – қулини уради. Қулни уриш ҳам «кануд» сифатининг белгиларидан бири экан.

Маълумки, у пайтларда қулни ҳеч ким одам ўрнида кўрмаган, қулни истаган киши худди ҳайвонни калтаклагандек калтаклаб, ишлатиб, қийнаб, азоблаб юрган.

Ислом эса қулини урган одамни «канудлар», яъни жуда ёмон одамлар қаторига қўшмоқда.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Меҳмондўст бўлмаганнинг ёмон одамлиги.

2. Таомини ҳеч кимга бермай, ўзи ейдиганнинг ёмон одам экани.

3. Қулини, хизматчисини урадиган одам ёмон одамлиги.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Бир киши қулига туяни эгарлашни буюрди. Қул ухлаб қолди. Хожаси қулнинг юзига олов билан урди. Қул қудуққа тушиб кетди. Тонг отганда Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига келди. Умар унинг юзидагини кўриб, уни озод қилди».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қулнинг юзидаги жароҳатларга қараб туриб: «Бор, сен энди қулмассан, озодсан», деб уни қўйиб юборган эканлар.

Демак, қул ноҳақ ёки ҳаддан ошиқ ҳолда азоблангани, зулм кўргани сабабли Ислом давлатининг раҳбари Ислом давлати фуқароларидан бирининг хатосини тўғрилаш мақсадида ҳалиги қулни озод қилиб юборган экан.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Язийд ибн Абу Ҳабийбдан ривоят қилинади .Уламолар .Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан афзал,, дер эдилар. Ҳар бирининг ҳам ҳаққи бор,. Шарҳ Отаонанинг давоми...

2093 09:23 / 12.06.2024
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолонинг наздида дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик давоми...

2062 15:30 / 12.10.2019
40. Ибн Умардан ривоят қилинади.Сафарда бир аъробий олдимиздан ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий.Фалончининг давоми...

3864 08:30 / 12.01.2019
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

2682 11:20 / 23.11.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021