1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Закотни яқин қариндошга бериш

11:01 / 16.04.2020 2813 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Ассалому алайкум, саволим закот ҳақида. Закотни яқин қариндошга берса бўладими, яъни ака ёки укангизнинг оиласи касал бўлса ва бу қариндошингизнинг тирикчилиги ўтиб турган бўлса-ю, аммо дори-дармонларга пули етмаётган бўлса, уларга берилган ёрдам закот ўрнига ўтадими, закот ниятида берилса, албатта?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Закотни бериб бўлмайдиган бир неча тоифалардан бири қуйидагилардир:

«Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борларга закот бериб бўлмайди.

Бунга кишининг туққанлари, яъни ота-онаси, бобо-момолари, неча поғона юқори бўлсалар ҳам киради. Ана ўшаларга мазкур киши закот бериши мумкин эмас.

Яна кишидан туғилганлар, яъни ўғил-қизлари ва уларнинг ҳам ўғил-қизлари, неча поғона паст бўлсалар ҳам унинг закотини олишлари мумкин эмас.

Демак, закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмас. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки боланинг мол-мулки ота-онаники ҳисобланади.

«Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига закотини берса бўладими?» деган саволга баъзи мазҳаблар «Бўлади» деб жавоб берганлар.

Ҳужжат маъносида, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, «Закотимни эримга берсам бўладими?» деб сўраганида, «Бўлади», деб жавоб берганларини келтирадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса Зайнаб розиялоҳу анҳонинг ҳодисасини хусусий деб биладилар ва: «Хотин ўз эрига закотини бериши дуруст эмас, чунки эр уни олиб яна хотиннинг ўзига ишлатади», дейдилар.

Бошқа қариндошларга закотини берса бўладими, деган саволга баъзи уламолар: «Уларнинг нафақаси лозим бўлса бўлмайди, нафақа ўрнига закот бериш ила ўзи фойда топади», дейишган.

Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари: «Бўлади, чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади. Аммо яқин қариндошлар билан ота-болага ўхшаб мулки бирлашиб кетиши йўқ. Яқин қариндошга берилганда, мулк закот берувчидан закот олувчига кўчади. Бу эса закот бериш мумкин эканлиги гаровидир», дейишади.

Бинобарин, саволда сўралган кишиларга закот бериш мумкин. Уларга берилган закот учун савоб икки баробар бўлади: закот ибодати адо этилганига бир баробар, қариндошлик алоқаси қилинганига бир баробар.
Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуйидаги амаллар рўзанинг мустаҳабларидир1. Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш, саҳарликни кечанинг охиригача суриш.2. Қуёш ботиши давоми...

2204 10:00 / 14.05.2019
Бир мутакаббир золим хизматкорига фалончи аёлни келтиришни буюрди. Унинг мақсади бечора аёлни азоблаб, устидан кулиш эди. Аёлни олиб келишди. Золим бу аёлни ерда давоми...

3244 07:00 / 29.01.2019
Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида ўзини осиб ўлдириш ҳоллари учраб турибди. Бунинг сабаблари суриштирилганда, ўзини ўлдириш учун давоми...

6354 18:09 / 13.12.2018
Воиз Ибн Саммок айтади .Ибодатгўй бир киши ҳақида эшитиб қолдим. Уни қидириб топиб, уйига бордим. У киши уйида ўзига қабр кавлаб олган экан. Ўзи эса қабрнинг бир давоми...

4394 11:00 / 29.06.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021