1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Динга жафочи бўлиш сабаблари

05:00 / 02.03.2017 3628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динга жафочи бўлиш сабаблари

   Ҳозиргача динга жафочи, нуқсонга йўл қўювчи, камчилик келтирувчи каби номлар билан атаб келаётганимиз тоифани бугунги кунда арабчасига кўпроқ «тафрит» сўзидан олиб, «муфаррит» деб атайдилар. Бу сўз арабларда бир ишда камчиликка йўл қўйиб, уни зое қилишни, ожизликни англатади.

Машҳур фиқҳ луғати китобларидан бири – «Мисбоҳул мунийр»да диндаги тафритни: «У дин ҳукмларида камчиликка йўл қўйиш, унинг ҳақларини зое қилиш ва унинг вожибларини адо этишда ожизликни изҳор қилиш» деб таърифланган.

Тафритнинг юзага келишига ақийда тақозо қилган нарсаларда камчиликка йўл қўйиш, диний ҳукмларни зое қилиш, ожизликни кўрсатиш, диний ҳукмларнинг ҳикмати ва ғояларига нисбатан ёмон гумонда бўлиш каби ишлар сабаб бўлади. Уламоларимиз тафритнинг бир неча сабабларини санаб, баён қилиб ўтганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз:

1. Дангасалик.

Дангасалик ҳар бир нарсада яхшиликка олиб бормаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо у бошқа нарсалардан кўра динда катта зарарга сабаб бўлишини яхши билишимиз лозим. Дангаса одам динда келган амрларни бажармасдан ёки уларда нуқсонга йўл қўйиш орқали ўзига ҳам, элу юрти ва ватанига ҳам кўплаб зарар келтиради.

Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ҳокимлар Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ожиз – ҳавойи нафсига берилган ва Аллоҳдан турли умидларни қилган одамдир», деганлар.

Ҳавойи нафсининг кўйига кириб, дангасалик дардига дучор бўлган мазкур кимсалар диний мажбуриятни бажаришдан четда турганликлари борасида «Ҳали вақт бор», «Тавба қилса, кечирилар экан», «Биз ҳам ният қилиб юрибмиз» каби турли баҳоналарни тўқийдилар.

2. Шаҳватларга берилиш.

Бандани диний вазифаларни тўлиқ бажаришдан тўсадиган омиллардан бири шаҳватларга берилишдир. Банда шаҳватларга рухсат берилганидан кўра кўпроқ бериладиган бўлса, диний вазифаларни бажаришда нуқсонга йўл қўйиши турган гап.

3. Ёмон одамларга қўшилиш ва уларни дўст тутиш.

Ёмон кишилар билан бирга бўлиш ва уларнинг гапига қулоқ осиш ҳам бандани диндан узоқлаштирадиган ишлардан биридир. Чунки ёмон одам доимо ёмонликка бошлайди. Бу ҳақиқатни барча яхши билади.

4. Динни билмаслик.

Динда нуқсонга йўл қўйишнинг боисларидан бири динни билмаслик ёки чала билишдир. Исломни билмаган одам қандай қилиб унга амал қилиши мумкин? Исломий таълимотларни кераклича ўрганмаган одам ўзи ҳам адашиши, ўзгаларни ҳам адаштириши ҳеч гап эмас.

Зотан, Али розияллоҳу анҳу: «Жоҳилни фақатгина ҳаддан ошувчи ёки нуқсонга йўл қўювчи ҳолда кўриладир», деганлар.

Динда нуқсонга йўл қўйиш ёки ҳаддан ошишнинг оқибатлари жуда ҳам ёмон. У турли бузуқликларга, ҳаром-харишларга, зарар ва офатларга, охири бориб, у дунё ва бу дунёнинг барбод бўлишига сабаб бўлади.

Мусулмон халқлар мустамлака асоратида қолган пайтда айнан шу дардга – динда нуқсонга йўл қўйиш ёки унда ҳаддан ошиш, динни эҳтиром қилмаслик дардига мубтало бўлган эдилар. Аста-секин мустамлакадан озод бўлиб, мустақилликка эришганларида, уламоларнинг ҳаракатлари билан ўз динларининг моҳиятларини тушуниб етиб, унга ихлос билан амал қила бошладилар. Бизда ҳам худди шу жараён бошдан ўтди ва ўтмоқда.

Ҳозирги кунда олиб борилаётган диний таълимлар, ваъз-насиҳатлар, кўрсатув ва суҳбатлар, китоб ва нашрларнинг ҳаммаси шу масалага қаратилган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун бу масалага батафсил тўхталмай, ҳаммани ташвишга солиб турган муаммога эътибор қаратамиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Васатия- ҳаёт йўли китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Футбол истаймизми, истамаймизми, бугунги кунда миллионлар ўйини бўлиши билан биргаликда, баъзилар учун ҳаёт мамот баҳсига айланиб бормоқда. Буни тил луғатида давоми...

4444 05:00 / 01.03.2017
Ушбу ҳадиси шарифдан одамлар орасини ислоҳ қилиш нақадар яхши иш эканини билиб оламиз. Шу билан бирга одамлар орасини бузиш нақадар ёмон иш эканини, у ҳудди устара давоми...

3684 05:00 / 02.03.2017
Буюк Британиялик собиқ насроний Брюс Патерсон ўзининг Исломга кириши қиссаси ҳақида шундай ҳикоя қилади .Фурсатдан фойдаланиб ўзимнинг Исломга қандай кирганим давоми...

3345 17:00 / 14.06.2022
Аллоҳ таоло .Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни давоми...

3983 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021