1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Исро ва меърож ҳодисаси

11:01 / 24.05.2020 3283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижратдан бир йил олдин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Буроқ номли бир уловга миндириб, Байтул мақдисга кечқурун сайр қилдирди. У зотга Жаброил алайҳиссалом ҳамроҳ бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда набийларга имом бўлиб намоз ўқидилар, сўнгра Аллоҳ таоло у зотни осмонларга кўтарди. У ерда набийлар билан учрашдилар. Сўнг Байтул маъмурга, у ердан эса Сидратул мунтаҳога кўтарилдилар.

Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашди ва берадиган нарсаларини бериб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига намозни фарз қилди.

Исро луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилдириш» деган маънони англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида Масжидул ҳаромдан Масжидул ақсога сайр қилдиришига «Исро» дейилади.

Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари билан қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Исро сурасининг 1-ояти каримасида «бандасини» деб таъкидланиши ҳам бу ҳодисаси ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, «бандасининг руҳини» деган бўлар эди.

«Меърож» луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул мақдисдан Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишлари «меърож» дейилади.

Муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинт Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида уйнинг шифти очилди ва Жаброил алайҳиссалом у зотни Байтуллоҳга олиб чиқди. Шу билан Исро ҳодисаси бошланди. Буроқ номли уловга миниб, Байтул мақдисга бордилар. Сўнг у ердаги катта харсангтош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ана шу тош устига қубба – гумбаз қурилган. Унинг думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқалган. Кўпчилик билмаганлар уни Масжидул ақсо деб тушунадилар.

Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар бир осмонга етганда, у киши эшикни очишни сўрар эдилар. Қўриқчи фаришталар «Ким?» деб сўрашарди. У киши: «Жаброил», деб жавоб берар эдилар. Улар «Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: «Муҳаммад», десалар, улар: «У Пайғамбар этиб юборилдими?» дея эшикни очиб сўрашарди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир осмонда пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнг ортга қайтдилар. У зотнинг ўзлари Умму Ҳониъга қиссани тўлиқ сўзлаб бердилар.

Сўнг масжидга чиқмоқчи бўлиб, ўринларидан турдилар. Умму Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга нима бўлди?» дедилар. Умму Ҳониъ: «Агар бу хабарни айтсангиз, қавмингиз сизни ёлғончига чиқаришидан қўрқаман», деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғончига чиқарса ҳам майли», дедилар.

Чиқиб бориб, Каъба ёнидаги Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исронинг хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл: «Эй Бану Каъб (Каъб Пайғамбаримизнинг саккизинчи боболари бўлиб, Бану Каъб ундан тарқалган авлоддир) ибн Луай жамоаси, келинглар!» деб бақирди. Сўнг бўлган гапни уларга айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб, таажжубга тушишди. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб, ҳайратини ифодалади.

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдларга югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар. Улар: «Шом ўлкасига бир кечада бориб, яна тонг отмай туриб, Маккага қайтиб келишига ишонасанми?!» де­йишди. Абу Бакр: «Мен у зотнинг бундан ғаройиброқ сўзларини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишларини ҳам тасдиқлайман», дедилар.

Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» – «доимо тасдиқловчи» деб атала бошладилар.

Одамларнинг ичида Байтул мақдисга борганлари бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжидни сифатлаб беришларини талаб қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга масжид намоён қилинди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни васф қила бошладилар. Улар: «Аммо васфини тўғри қилдинг, – дейишди-да, сўнгра: – Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», де­йишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туяларнинг сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида: «Карвон эртага, қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», дедилар.

Эртаси тонгда ҳаммалари шаҳар четига чиқиб, карвоннинг келишини кута бошлашди. Улардан бири: «Мана, қуёш ҳам чиқди», деди. Бошқаси эса: «Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Муҳаммад айтганидек, олдинда кулранг туя келмоқда», деди.

Аммо шунда ҳам улар иймон келтиришмади. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди. Буни билгандан кейин ҳар қандай инсон иймон келтириши лозим эди. Лекин улар иймонга майл этишмади.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
нубувватнинг 7йили, муҳаррам ойи милодий 615 йил октябрьСийрат илми уламоларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

4488 16:00 / 04.03.2020
халифалик даври ҳижрий 6064 милодий 680683 Тўлиқ исми Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён. Муовия ибн Абу Суфённинг бу эрка фарзанди ёшлигидан роҳатфароғатда ўсди. Овга, давоми...

1394 14:13 / 27.04.2025
1498 йил бундан 523 йил олдин ndash тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли давоми...

8115 11:30 / 26.04.2021
Ушбу жангда мусулмонларнинг енгилишлари улардаги энг олий сифатларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Улардан собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли давоми...

2790 17:00 / 01.12.2020
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021