1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ким намозни унутса, эслаган чоғида ўқиб олсин!

13:35 / 21.06.2020 3773 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида (ҳамма) Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар.

У зот алайҳиссалоту вассалом:

«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.

Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдод)ни (суннатини) ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».

Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикри келган ҳодиса жуда маълум ва машҳур.

Муҳаддисларимиз иштирокчиларнинг гапларини бир неча ҳадисларда келтирганлар. Жумладан, Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу ан­ҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазотидан қайтганларида кечаси билан юрдилар. У зотни мудроқ босганида, кечанинг охирида дам олишга қарор қилдилар ва Билолга: «Бизнинг қоровулимиз бўл», дедилар.

Билол қудрати етганича намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари уйқуга кетдилар. Тонг яқин қолганда Билол юкларига суянган ҳолда кўзи кетиб, ухлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Билол ҳам, саҳобалардан бирортаси ҳам қуёш уларни урмагунича уйғонмадилар.

Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўчиб уйғондилар ва:

«Ҳой Билол!!!» дедилар.

«Сизнинг нафсингизни олган менинг нафсимни ҳам олди», деди Билол. У зот:

«Туриб, жўнанглар!» дедилар.

Бас, туриб, кўчларини бир оз юргиздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва Билолга амр қилдилар, у такбир айтди. Бас, уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач:

«Ким намозни эсидан чиқарса, эслаган чоғида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деган», дедилар».

Ушбу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда.

1. Намоздан ухлаб қолмасликнинг барча тадбирларини кўриш кераклиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуни қоровул қилиб қўйишлари айни шу муддао учун бўлган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр­ларида бир марта Бомдод намозидан ухлаб қолганларлики.

Кўпчилик уламолар «Бу Аллоҳнинг иродаси ила махсус равишда, қазо намозини қандай ўқишни ўргатиш учун бўлган», дейдилар.

3. Ухлаб, намозни ўтказиб юборган одам уй­ғонганидан кейин дарҳол ўқиб олиши лозимлиги.

4. Шариатга хилоф иш содир бўлган жойдан тезроқ жўнаб кетиш зарурлиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ердан кетиб, бошқа томонга ўтиб, Бомдоднинг қазосини ўқиганлари шуни кўрсатади. Баъзи ривоятларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу водийдан бошқа жойга ўтинглар, бу ерда шайтон бор экан», деганлар.

5. Қазо намозига ҳам азон айтилиши.

6. Қазо намозига ҳам такбир айтилиши.

7. Бомдоднинг суннатининг ҳам қазосини ўқиш лозимлиги.

8. Қазо намозни жамоат билан ўқиса ҳам бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
456. Нубайша Ҳузалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ташриқ кунлари ебичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир,, давоми...

5544 14:00 / 01.01.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Унинг лақаби .эшак, эди. У давоми...

4615 19:09 / 28.04.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қайси бир аёл ўз уйидан бошқа жойда кийимини ечса, албатта, ўзи билан Аллоҳ таоло давоми...

5839 14:21 / 26.01.2020
. . Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик давоми...

5501 13:00 / 27.09.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар