1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Риёдан қочишни йўлга қўйиш

19:30 / 05.07.2020 3071 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

«Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир». (Бақара сураси, 271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини зиёда қилади.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари шу даражада эътиборга сазовордирлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари худди шуни тақозо қилади. давоми...

5504 20:20 / 06.11.2019
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Китобдан насиба берилганларни кўрмадингми Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига давоми...

4037 20:00 / 11.01.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни давоми...

3797 19:30 / 19.07.2020
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

4120 08:06 / 10.11.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021