1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғийбатни бас қилайлик!

15:17 / 15.07.2020 5639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз тил орқали содир этиладиган гуноҳлардан қайтарган. Хусусан, бундай гуноҳларга ёлғон гапириш, чақимчилик қилиш, ёлғон гувоҳлик бериш, бировнинг обрўсига тил теккизиш, бировни ҳақорат қилиш, мазах қилиш, сўкиш, бўҳтон қилиш ва ҳоказо. Булар тил офатлари дейилади. Ана шундай тил офатларидан бири — ғийбатдир. Барчамизга маълумки, биродаримиз эшитса хафа бўладиган гапни у йўқ пайтида гапириш ғийбат дейилади.  

Афсуски, бугунги кунда бу гуноҳни содир этадиганлар кўпайиб қолди. Суҳбатларнинг кўпи ғийбатдан холи бўлмаяпти. Икки гапнинг бирида ғийбат қилиб қўйиляпти. Ғийбат қилаётган кимса «Ўша одамнинг ўзи шу ерда бўлганда юзига ҳам айтардим» деб ўзини оқлашга уриняпти. Ваҳоланки, бундай гап билан ўзини оқлаш ва ғийбатни давом эттириш аҳмоқлик, жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларини гуноҳлардан қайтарар экан, ғийбат ҳақидаги оятда ғийбатнинг нақадар жирканч гуноҳ эканини мисоллар билан баён қилган.

У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Бас, ундан нафратланасизлар-ку!» (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Эътибор берсак, бу оятда ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилмоқда. Ким ўлик биродарининг гўштини ейишни истайди?! Кимнинг табиати бундай ишни кўтаради?! Ҳеч кимнинг, тўғрими? Бу ишдан табиатимиз шунчалик жирканар эканми, демак, ғийбатдан ҳам ана шундай жирканишимиз лозим.

Ғийбатчи охиратда аламли азобга дучор бўлади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди”. 

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Улфатлар билан чойхонадами, уйдами, дам олиш масканларидами ёки бошқа бирон жойда ўтирганимизда суҳбат қизиб, ғийбатга ўтиб кетишдан сақланишимиз керак. Бўладиган суҳбатимиз дунёимиз ва охиратимизга фойдали гап-сўзлар бўлиши, бировни камситиш, обрўсини тўкиш бўлмаслиги керак. Шерикларимиз кимнидир ғийбат қилишни бошласалар, дарҳол уларни бу гуноҳдан қайтаришимиз, унинг нақадар жирканчлигини эслатишимиз керак. Бордию улар насиҳатимизни олмай, ғийбат қилишда давом этсалар, у ҳолда ўзимиз ундай мажлисни тарк этишимиз, ғийбатчилар билан бирга ўтирмаслигимиз керак.

Ҳар сафар ғийбат қилмоқчи бўлганингизда, кўзларингизни юмиб, шундай хаёл суринг:

Вафот этиб, уйида юзи ўраб қўйилган ҳолда ётган биродарингизнинг танасидан бир парча гўштни пичоқ билан кесиб олиб, оғзингизга солиб чайнамоқчисиз, қон аралашган қип-қизил гўштни тишларингиз орасига олиб эзиб-эзиб емоқчисиз.

Энди кўзингизни очинг! Хўш, ғийбатни давом эттирасизми ёки бас қиласизми?

Жоҳиллик қилиб бировни ғийбат қилиб қўйсак, ундан узр сўрашимиз, ғийбат қилган мажлисимизда, ғийбатимизни эшитган одамлар олдида ўша одамни мақтаб, яхши сифатларини эслашимиз, “Мен фалон куни фалончини ғийбат қилгандим. Аслида у кишининг бундай-бундай фазилатлари бор” деб, хатойимизни тузатишимиз керак.  

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбат қилишдан ва бошқалар томонидан ғийбат қилинишдан асрасин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Довуд Ибн Абу Маликдан ривоят қилади .Оиша розияллоҳу анҳога .Бир аёл эркаклар пойафзалини кияди,, дейишди. У .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини давоми...

1884 08:00 / 21.01.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таоло .Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг давоми...

3131 19:00 / 26.04.2020
Абу Атийянинг ўғли Ҳаммод ибн Саид айтади .Отам Абу Атийянинг ўлими яқинлашганда бироз бетоқат бўлдилар. У кишига .Ўлимдан қўрқяпсизми, дейишди. Отам шундай жавоб давоми...

2341 07:09 / 28.07.2019
Али ибн Ҳусайн ибн Воқид отасидан ривоят қилади .Абу Муслим Иброҳим ибн Соиғ ўлдирилганидан кейин уни тушда кўргим келаверди. Бир куни у тушимга кирди. Ундан давоми...

2480 07:05 / 08.10.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021