1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тақвонинг мукофоти

08:00 / 06.11.2020 4059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дамашқда «Тавба» деб аталган катта масжид бўлиб, унинг ўзига хос гўзаллиги ва жозибаси бор эди. Ўша масжидда Шайх Салим Масутий деган олими боамал зот бор эди. У фақирлиги, ибоси, яхши инсонлиги ва бошқаларга ёрдам бериши билан тилларда достон эди. Масутий масжиднинг бир хонасида фақирона кун кечирарди. Бир сафар у икки кун егани ҳеч нарса топа олмади. Учинчи куни очликдан ўлар ҳолатга етди. Нима қилишини билмай, бу аҳволимда ўлмайдиган даражада ўлимтик есам ёки ўғрилик қилсам бўлса керак деб ўйлади. Масжидга бир неча уйлар қўшилган бўлиб, бир уйнинг томидан бошқасига бемалол ўтса бўлар эди. У бир амаллаб масжиднинг томига чиқди, сўнг у ердан қўшни уйнинг томига ўтди. Қараса, ҳовлида аёллар бор экан. У дарҳол кўзини пастга қаратиб, уйдан узоқлашиб, кейинги уйнинг томига ўтди. Шу алфозда томма-том ўтиб, бир уйга бориб қолди. Бу уйдан пишаётган таомнинг ҳиди келарди. Овқатнинг ҳиди иштаҳасини қитиқлаб, уни худди оҳанрабодек торта бошлади. Жон ҳолатда томни тешиб, айвонга тушди. Ошхонага кириб, қайнаётган қозоннинг қопқоғини очди. Қараса, бақлажон қовурилаётган экан. Дарҳол биттасини олди-ю, очлигидан унинг иссиқлигини ҳам сезмай, бир тишлади. Бироқ шу заҳоти ақлу ҳушини йиғиб, нима қилаётганини ўйлаб қолди. Ўзига-ўзи: «Аллоҳим, Ўзинг паноҳ бер. Мен масжидда яшайдиган толиби илм бўлсам, уйларга кириб, ўғирлик қилиш менга ярашадими?» деди. Қилган ишидан афсусланиб, истиғфорлар айтди. Тишланган бақлажонни жойига қўйди. Масжидга қайтиб, устозининг дарс ҳалқасига ўтирди. Аммо очлигидан эшитган гапларини фаҳмламасди. Дарс тугаб, одамлар тарқалгач, юзини ёпган бир аёл келиб, устозга нимадир деб шивирлади. Устоз аёлнинг гапини эшитиб, атрофга қараб кимнидир қидира бошлади. Масжидда очликдан ўлаёзган Масутийдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Устоз уни чақириб, «Уйланганмисан?» деб сўради. У «Йўқ», деди. Шайх: «Уйланишни хоҳлайсанми?» деди. У жим қолди. Шайх саволини такрорлаган эди, «Устоз, Аллоҳга қасам, битта нонга етадиган пулим ҳам йўқ. Нимамга уйланаман?» деди. Шайх: «Бу аёлнинг эри вафот этган экан, энди бу шаҳарда ёлғиз экан. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Ёлғиз қолгани учун уйланадиган бирор киши топмоқчи экан. Унга уйланишни хоҳлайсанми?» деди. Масутий розилик билдирди. Шайх аёлнинг амакисини ва яна икки гувоҳни чақириб, шогирдининг номидан маҳрни ҳам ўзи тўлаб, уларни никоҳлаб қўйди. Сўнг: «Аёлингнинг қўлидан тут», деди. Масутий унинг қўлидан тутди, аёл уни ўз уйи томон бошлади. Уйига киргач, юзини очди. Аёл ҳам ёш, ҳам чиройли эди. Масутий уйни кўриб, турган жойида қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, бу ўша бақлажон қовурилаётган уй эди. Аёли «Қорнингиз очми?» деб сўради. У: «Ҳа, қорним жуда оч» деди. Аёл қозоннинг қопқоғини очди. Бақлажонни кўриб, «Қизиқ, уйга ҳеч ким кирмаган бўлса, бу бақлажонни ким тишлаб кетди экан?» деди. Масутий йиғлаб юборди-да, бўлган воқени айтиб берди. Аёли: «Бу омонатнинг самараси. Сиз ўзингиз учун ҳаром бўлган бақлажондан тийилдингиз, Аллоҳ эса бунинг эвазига сизга бу уйни, ундаги ҳамма нарсани ва ҳалол соҳибасини ҳам берди», деди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Мени шундай савол қизиқтиради юртимизда Қуръони Каримнинг қандай кўҳна ва нодир қўлёзмалари борСалом билан, Нодирбек Абдулҳафиз ўғлиМарғилон давоми...

3332 12:00 / 11.06.2020
Ушбу мақолада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган бир қанча хусусиятларни келтириб ўтамиз. Зеро, у зотга боғлиқ бўлган ҳамма нарсани, давоми...

7520 12:00 / 15.04.2019
Ийсо ибн Умар айтади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад кечаси отига миниб, қабристонга борарди. Отидан тушиб, қабрлар олдида тўхтаб қолар ва .Эй аҳли қабр Саҳифалар ёпилди, давоми...

2021 07:10 / 17.09.2019
Фаришталар сенинг ҳаққингга дуо қиладиган саккиз ҳолат 1. Жамоат намозида биринчи сафда ҳозир бўлганингда.2. Намоз тамом бўлгандан сўнг масжидда дуо қилиб давоми...

2120 14:00 / 07.03.2023
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021