1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Буқаламунлик балоси

11:00 / 26.09.2021 5573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Буқаламун» деган бир жонзот бор. Уни бошқа тилда «хамелеон» ҳам дейишади. Бу жонзотнинг ўзига хос томони табиий шароитга қараб тусини, рангини, кўринишини тез ўзгартира олишидир. У-ку фитратан шундай яратилган, лекин ер юзининг халифаси саналмиш бани Одам орасида ҳам ана шундай тез ўзгарувчан кишиларнинг борлиги баъзида ўйлантириб қўяди.

Аслида бир кишини «буқаламун» деб аташ уни камситиш, ҳақорат деб қаралса-да, бугун табиатидаги ана шу сифатдан уялмайдиган, ҳатто: «Ҳозирги шиддатли замонда буқаламун бўлиб олмасанг, истаганингдек ҳаёт кечира олмайсан. Аслида ҳаммамиз ҳам буқаламунмиз, ичимиздагини ташимизга бошқача йўсинда чиқарамиз. Агар шундай йўл тутмасак, турмуш жуда оғирлашиб кетарди», деган иддаоларни пеш қилувчилар ҳам кўпайиб кетди.

Мени масаланинг бошқа жиҳатлари ўйлантиради. Биринчидан, бундай тоифадагиларнинг феъл-атворини ижобий санаш қийин, чунки буқаламунлик остида иккиюзламачилик, мунофиқлик ётади. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган.

Қолаверса, буқаламунга ўхшаш одамлар «шамолнинг қаёқдан эсиши»га қараб фикрини тез ўзгартирадиган субутсиз кишилар бўлишади. Бугун бир одамни унда сира бўлмаган хислатлари билан кўкларга кўтариб, оғиз тўлдириб мақтаса, эртага ўша одамни ер билан яксон қилади, табиатида йўқ айбларини «катта жасорат билан фош этиб ташлайди». Бугун сизнинг пинжингизга кириб олиб, ўзини «энг содиқ дўст» қилиб кўрсатаётган бўлса, эртага сиздан бирор манфаат йўқлигини сезиб қолса, душманингизга қўшилиб сизга қарши ҳужумга ўтади.

Иккинчидан, нуқтаи назарини, йўли ва фикрини вазиятга қараб осонгина ўзгартиравергани учун бу тоифа ҳар доим ҳам одамлар ишончини қозонавермайди. Шу боис уларнинг дўсти ҳам, ғаними ҳам бўлмайди. Бундай «принцип»сиз кимсанинг атрофидаги дўстлар ва ҳамкасбларга ёқиши мушкул. Бу кабилар ўз фойдаси йўлида ҳамиша «ўйин қилиш»га мажбур: бугун ёқимтой, ювош кўринган ана шундай одамнинг думини сал босиб қўйсангиз, эртага у важоҳатини ўзгартириб, қопағон итдай сизга ташланади. Ҳозиргина ёнингизда гиргиттон бўлиб, сизга ғамхўрлик ва марҳаматлар кўрсатиб турган одам учун эртасига сиз ҳеч ким бўлмай қоласиз. У юзингизга тупуради-да, яна янги «дўст»лар орттиргани йўл олади. Уларнинг бу қилиғи болангизнинг сиздан ширинлик ундириш учун ўзини минг мақомга солиб, айёрлик қилиши, ялиниб-ялтоқланиши, зардага бориши, ҳатто керак бўлса ўйинга тушиб беришига ўхшаб кетади.

Тўғри, ҳар қандай инсон ҳам вазиятга қараб фикрини, қарашларини, йўлини ўзгартириб туради. Инсон учун бугун энг муҳим саналган бир воқеа эртага умуман аҳамиятсиз нарсага айланиб қолиши мумкин. Аммо бу ҳамма нарсада буқаламунлик қилиб, бошқаларга ўзингнинг иккиюзламачилигингни кўз-кўз қилавергин, дегани эмас! Одамда шахсий фикрнинг йўқлиги, «мен»идан мосуво экани, кўпчиликка қарши чиқолмаслиги ва аниқ йўли йўқлиги одамни кўпинча буқаламунликка етаклайди.

Аммо буқаламунликнинг яна бир хатарли тури борки, у динга, иймонга муносабатда кўпроқ очилиб қолади. Бундайлар динга сал эркинлик берилиши билан дарров тўнларини ўзгартириб, ўзларича мусулмонларга «энг дўст одам» бўлиб олишади. Шамол сал бошқачароқ эсиши билан хижолат ҳам бўлмай диндорларни ёмонлайдиган, уларга мафкуравий «ҳужум» қиладиганларнинг энг биринчи сафидан жой олишади.

Балки одамларнинг дунёвий масалалардаги буқаламунлигини қайсидир маънода кечирса бўлар. Чунки инсон ожиз, ўз фойдаси йўлида жуда кўп нарсага интилади, жуда кўп нарсалардан воз кечиб юборади. Аммо иймон-эътиқод борасидаги буқаламунликни ёқлаб бўлмайди. Чунки бунинг тагида мунофиқлик ётади. Мунофиқ эса мусулмон учун куфр ва ширк эгаларидан ҳам хатарли ғанимдир.

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволБугунги кунда замонавий тиббиёт ҳар бир дарднинг давосини топмоқда, хусусан, тиш емирилишининг ҳам. Лекин айтишларича, қўйиладиган пломба таҳорат ва ғуслга давоми...

7307 18:32 / 09.08.2020
Савол Маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан .Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса, адо этасизми, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач, жаноза давоми...

4199 15:30 / 05.07.2020
Аҳмад ибн Осимдан ривоят қилинади .Суфён Саврий билан Фузайл ибн Иёз суҳбатлашиб қолишди. Суфён Саврий .Умид қиламанки, шу ўтиришимиз энг баракали мажлис бўлади,, давоми...

2500 08:00 / 19.03.2020
ndash Савдода ҳаром қилинган нарсалардан яна бири рибонинг барча турлари ва кўринишларидир..Рибо, луғатда .зиёда, маъносини англатади. Шариатда эса молни молга давоми...

3041 17:23 / 15.07.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021