1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота онага вафотидан сўнг яхшилик қилиш (иккинчи мақола)

11:00 / 05.12.2020 4611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. Истиғфор айтиш.

Аллоҳ таолодан ота‑онасининг гуноҳини кечишини сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота‑онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تُرْفَعُ لِلْمَيِّتِ بَعْدَ مَوْتِهِ دَرَجَتُهُ، فَيَقُولُ: أَيْ رَبِّ، أَيُّ شَيْءٍ هَذِهِ؟ فَيُقَالَ: وَلَدُكَ اسْتَغْفَرَ لَكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Бас, у:

«Эй Роббим, бу нима?» – дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», – дейилади».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Албатта, инсоннинг ўзи вафотидан сўнг амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмайдиган, кутиб туришдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳолга тушади.

Аммо, ўлганидан кейин бир кишининг даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб ўлимидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. У:

«Эй Роббим, бу нима?» – дейди».

Унинг ажабланиш ила берган бу саволининг жавобига:

«Боланг сенга истиғфор айтди», – дейилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан боланинг истиғфори – мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота‑онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.

Шунинг учун ота‑онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилмоқчи, уларнинг ортидан савоб етказмоқчи ва охиратдаги мақомининг яхшиланиши, даражасининг кўтарилишини истаган фарзанд уларга мағфират сўраб, дуода бўлиши лозим.

Ўтиб кетган ота‑онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота‑онасига мағфират сўрайди.

3. Ота‑онанинг аҳдига вафо қилиш.

Ота‑она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота‑онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлар экан.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг қарзини узишдир.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг назрини адо қилишдир.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг васиятларини бажаришдир.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафз хотинига нисбат бериб ишлатилади..Бас,, давоми...

3599 16:00 / 02.02.2023
Ўғил болаларни хатна қилдириш отанинг бурчи ва боланинг ҳаққидир.Хатна сўзи луғатда .кесиш, маъносини англатади.Фақиҳлар таърифида эса .Махсус аъзонинг махсус давоми...

6316 12:04 / 11.01.2020
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

3142 11:20 / 30.04.2020
Бу ҳолда эр киши учун баъзи бир аёлга уйланиш бирор сабабга кЎра вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланиш мумкин. Никоҳи вақтинчалик давоми...

8044 09:05 / 04.12.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021