1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳиссиёт

10:30 / 01.01.2021 3921 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар Роббимдан бўлак яна бир дўст тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни дўст тутган бўлардим» деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу нималарни ҳис қилдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, сени яхши кўраман» деганларида Муоз розияллоҳу анҳунинг қалбларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумони бағриларига босиб, «Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин» деб дуо қилганларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қандай ҳислар оғушида қолдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Баййина» сураси нозил бўлганда, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Албатта Аллоҳ таоло менга бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди» дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло мени исмимни айтдими?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, Аллоҳ таоло сени исмингни айтди», дедилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Йиғлаётган пайтларида қалбларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради» деб, байроқни Али розияллоҳу анҳуга берганларида, бу саҳобий қандай туйғулар ичра қолдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни Саъд розияллоҳу анҳуга «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деганларида, Саъд розияллоҳу анҳу нималарни ҳис қилдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига кетаётган мусулмонлар қўшинини қурол, овқат, улов билан таъминлаган Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида «Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди» деганларида, у кишининг қалбидан нималар ўтди экан?!

Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг овозлари ширали эди. У киши бир куни масжидда Қуръони Каримни тиловат қиладилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига "Агар кеча сенинг қироатингни тинглаганимни кўрганингда эдинг...» дейдилар. Ана шу онда мазкур саҳобий қандай аҳволга тушдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамлар бир йўлга юрсалар-у, ансорийлар бошқа йўлга юрсалар, албатта, ансорийлар йўлига юрган бўлар эдим» деганларида, ансорийлар нималарни ҳис этдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўринда иймон ва нифоқ белгиларини баён қилиб, «Иймоннинг белгиси, ансорларни яхши кўрмоқдир. Мунофиқликнинг белгиси эса, ансорларни ёмон кўрмоқдир» деганларида, ансорлар қандай аҳволга тушдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга «Эй Билол, менга ўзингнинг Исломда қилган энг умидли ишингни айтиб бер, чунки мен жаннатда шундоқ олдимда поябзалинг товушини эшитдим» деганларида, муаззин саҳобийнинг дилларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳобаларга жаннат башоратини берганларида, улар қандай туйғу ичида қолишди экан?!

Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар сафар кўрганларида, суҳбатларини тинглаганларида нималарни бошдан кечирдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга «Биродарларимни кўргим келди» деганлар. Саҳобалар «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?» дейишганда, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар. Мени кўрмасдан менга иймон келтирадилар» деганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин келиб, у зот алайҳиссаломни кўрмай, у зот алайҳиссаломга иймон келтирган биз умматлари бу гапни эшитиб қандай аҳволга тушамиз, нималарни қалбимиздан ўтказамиз?!

Аллоҳ таоло барчамизни саҳобалардан ўрнак олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиб боришимизни ва охиратда шафоатларига эришиб, жаннатда суҳбатларини тинглашимизни насиб этсин!

Манбалар асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Имом Қози Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий Куфий Бағдодий ҳижрий 113 санада таваллуд топган ва 182 санада вафот этган бўлиб, Имом Абу Ҳанифа давоми...

3900 16:40 / 05.02.2019
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларидаги биринчи таассуротим онам Махфиратхон Зокиржон қизидан бошланган. Онамнинг падари бузрукворлари бобом раҳматли давоми...

2199 15:30 / 19.08.2020
Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ давоми...

2973 07:10 / 16.08.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир, Муъминун сураси, 12оятлар Ушбу давоми...

9504 14:00 / 12.12.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021