1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Эснаш шайтондандир...

13:00 / 10.01.2021 4168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: التَّثَاؤُبُ فِي الصَّلَاةِ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَكْظِمْ مَا اسْتَطَاعَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَالْبُخَارِيُّ فِى بَدْءِ الْخَلْقِ، وَلَفْظُهُ: التَّثَاؤُبُ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَرُدَّهُ مَا اسْتَطَاعَ، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا قَالَ هَا ضَحِكَ الشَّيْطَانُ مِنْهُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, иложи борича қайтарсин», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Бухорий «Яратишнинг ибтидоси» бобида келтирган. Унинг лафзида:

«Эснаш шайтондандир. Бас, бирортангиз эснаса, иложи борича қайтарсин. Чунки агар у «ҳоҳ», деса, шайтон ундан кулади».

Шарҳ: Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса деб билмайдилар. Эснаш энг камида дангасаликнинг аломатидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни шайтондандир, демоқдалар. Шунинг учун эсноқни доимо, айниқса намозда қайтаришимиз керак. Бўлар-бўлмасга эснайвериб, шайтоннинг кулгисига қолмаслигимиз лозим.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ أَحَدُكُمْ فَأَحْسَنَ وُضُوءَهُ ثُمَّ خَرَجَ عَامِدًا إِلَى الْمَسْجِدِ فَلَا يُشَبِّكَنَّ بَيْنَ أَصَابِعِهِ فَإِنَّهُ فِي صَلَاةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ بِسَنَدٍ مُوثَقٍ.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра масжидни қасд қилиб чиқса, бармоқларини бир-бирига қовуштирмасин. Чунки у намоздадир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ишончли санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Панжаларни бир-бирига кириштириб, қовуштириш беҳуда иш бўлиб, ахлоқсизлик белгиси ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтармоқдалар. Мусулмон киши доимо жиддий бўлиб, беҳуда, бемаъни ишларга яқинлашмаслиги, ҳатто ўшандоқ нарсанинг аломати бор бўлган ишни ҳам қилмаслиги керак.

Мусулмон киши яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан жамоат бўлиб, Аллоҳ ила учрашиб, роз  айтгани кетаётган кишига бекорчи танбалларга ўхшаб, бармоқларни қовуштириш мутлақо ярашмайди. Масжидга кетаётган одам намозда турган ҳисобланади.

Мусулмон киши қанчалар бахтли инсон! Яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон қадам босса ҳам, худди намоз ўқиётганлар ҳисобига ўтади. Бориб, намоз ўқиганда эса унинг қанчалик даражага эришишини шундан билиб олаверинг.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: رَأَىَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غُلَامًا لَنَا يُقَالُ لَهُ أَفْلَحُ إِذَا سَجَدَ نَفَخَ، فَقَالَ: يَا أَفْلَحُ تَرِّبْ وَجْهَكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг Афлаҳ исмли ғуломимиз сажда қилаётиб, (ерни) пуфлаётганини кўриб:

«Эй Афлаҳ, юзингни тупроқ қилавер», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан намоз ўқиётган одамнинг саждагоҳ ёки бошқа жойлардаги чанг, тупроқ ёки шунга ўхшаш нарсаларни пуфлаши макруҳлиги келиб чиқади. Бунга ўхшаш ишларни намозни бошлашдан олдин яхшилаб ўрнига қўйиб олиш лозим. Ибодат қилаётган одам уни берилиб қилиши керак. Баъзи бир чанг ёки шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бериши, уларни пуфлаши намозга бепарволигининг аломатидир. Намозхон намоз туфайли бу дунёда пешонасини ёки юз-қўлини чанг қилса, у дунёнинг шармандалик чанг-ғуборидан халос бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимПарвардигоримизга шукр ва ҳамдлар айтамиз. Оламларга раҳмат ва ўрнак зот бўлмиш Расулимизга салавотлар йўллаймиз.Буюк яратувчимиз давоми...

4473 19:09 / 28.04.2017
779. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ҳасадлашманглар, нажш қилишманглар. Бирбирингизни ёмон давоми...

917 19:00 / 07.11.2025
Ўнинчи ҳижрий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. У зот бу ҳаждаги ҳатти ҳаракатлари ва давоми...

7043 18:57 / 28.04.2017
66. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга мен ва Холид ибн Валид Маймунанинг олдига кирдик. У бизга бир давоми...

7390 17:07 / 07.12.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар