1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Мода

11:00 / 13.01.2021 2887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Очиқ-сочиқ кийиниш, айримлар даъво қилаётгандек, эркинлик ёки замонавийликни англатмайди. Балки бу қолоқликнинг, маданиятсизликнинг белгисидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى

«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». (Аҳзоб сураси, 33-оят).

يَا بَنِي آدَمَ لاَ يَفْتِنَنَّكُمُ الشَّيْطَانُ كَمَا أَخْرَجَ أَبَوَيْكُم مِّنَ الْجَنَّةِ يَنزِعُ عَنْهُمَا لِبَاسَهُمَا لِيُرِيَهُمَا سَوْءَاتِهِمَا إِنَّهُ يَرَاكُمْ هُوَ وَقَبِيلُهُ مِنْ حَيْثُ لاَ تَرَوْنَهُمْ إِنَّا جَعَلْنَا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيَاء لِلَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ۝ وَإِذَا فَعَلُواْ فَاحِشَةً قَالُواْ وَجَدْنَا عَلَيْهَا آبَاءنَا وَاللّهُ أَمَرَنَا بِهَا قُلْ إِنَّ اللّهَ لاَ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاء أَتَقُولُونَ عَلَى اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ۝

«Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг тўдаси сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. Қачон бирор фаҳш иш қилсалар: «Ота-боболаримизни шунинг устида топдик ва буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар». (Аъроф сураси, 27–28-оятлар).

Албатта, аёл кишининг ташқи кўриниши муҳим аҳамиятга эга, яъни гўзал бўлиши лозим, зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади». Лекин бу ички олам гўзаллигига, ахлоқий зийнатга ҳамоҳанг кечиши даркор.

Аллоҳ таоло аёлларга зийнатни ҳаром қилмаган:

قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللّهِ الَّتِيَ أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالْطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِي لِلَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ۝

«Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. Сен: «Улар дунё ҳаётида иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт». (Аъроф сураси, 32-оят).

Бироқ шуниси аниқки, қиз боланинг эгнидаги либос унинг шахсияти, маънавияти ва ички дунёсининг инъикосидир. «Қалбим пок бўлса бўлди-да», деган даъво билан очиқ-сочиқ юриш қуруқ даъво, ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.

Аёл кишига инсоний хусусиятлари, руҳий ва ахлоқий гўзалликлари, шахсияти, ҳатто либоси ҳам бир четда қолиб, фақат қуруқ ҳузурбахш жисмдан иборат деб қараш, у билан шу асосда муомалада бўлиш уни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас.

Мода борасидаги хатарли жиҳатлар:

Биринчи: Тақлид қилиш.

Ҳозирги кунда кўплаб хотин-қизларимиз миллий кийимларимиздан воз кечиб, кийинган-кийинмаганининг, ҳатто эркак ёки аёллигининг ҳам фарқига бориб бўлмайдиган ярим-яланғочларга эргашиб кетишмоқда.

Иккинчи: Ҳой-ҳавас, исроф ва совуриш.

Ҳар бир мавсумга хос кийимлар, ранг-баранг ва турли кўринишдаги моделлар, урфдаги либосларни намойиш этувчи ва яна кўпгина телеканаллардаги либослар рекламаси билан шуғулланувчи кўрсатув ва дастурлар, электрон сайтлар – буларнинг барчаси аслида исрофнинг бир кўринишидир. Мисол учун, «Стил» номли биргина сайт дунёдаги 250 та мода уйини ўз ичига олган. Ушбу сайтнинг асосий мақсади – базм либосидан тортиб, чўмилиш либосигача, кийиниш усулларини, яъни аёлларнинг ташқи кўринишларини бошқаришдир.

Биз, ҳар соҳада Европага тақлид қилишга, мода кетидан қувишга ўрганиб қолган халқлар эса мазкур мода уйларидан нима улоқтирилса, ўшани шавқу завқ билан, кўзимизга суртиб сотиб олмоқдамиз. Чунки одамлар бизни қолоқ, маданиятсиз деб «айблашларини», шарманда бўлишни хоҳламаймиз-да. Истеъмолчи қора бозор вакиллари бўлганимиз учун мода уйлари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларини бир чеккадан бозорларимизга, дўконларимизга тўкиб ташлайди. Биз эса гўёки уларни сотиб олишга мажбурмиз. Кийинишга бўлган бундай кўр-кўрона муносабат моддий имкониятларимизни, мол-дунёмизни совурмоқда. Бу ҳол ортиқча сарф-харажат, исрофгарчилик, кибр каби салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто қизларимиз бир марта кийган либосини бошқа муносабат билан иккинчи марта кийишдан уялиш даражасигача боришди. Тўйлар, байрам кечалари, турли йиғинлар либослар кўргазмасига айланиб кетган.

Учинчи: Суратпарастлик.

Биз яшаётган ушбу асрда компьютер технологиялари соҳасида, идора қилиш услубида, турли-туман маълумотлар тўплашда, илм-маърифат соҳасида фойдали янгиликлар ниҳоятда кўпайди. Бироқ ташқи кўринишда кўр-кўрона тақлид қилиш аср билан ҳамнафас бўлиш дегани эмас. Балки ҳамнафаслик давр руҳиятини тушуниш, унинг энг олис қирраларини­да билиш, ҳақиқий, фойдали, илмий, асос нарсаларга эҳтимом бериш билан бўлади, юзакилик, шаклу шамоилни ўзлаштириш билан битмайди.

Биз бошқа халқларнинг ўз миллатига хос либос ва кийимларга алоҳида эътибор беришларини кўрамиз. Ҳатто сафарда ҳам, бошқа юртларга кўчиб борсалар ҳам, ўзларининг миллий кийимларини тарк этишмайди. Улар айниқса кийиниш борасида бошқаларга тақлид қилишни ёқтиришмайди, маданий ва ижтимоий хусусиятларини муҳофаза қилишади. Аммо мусулмонларга нима бўлганки, қадимдан бобо-момоларидан мерос бўлиб келаётган миллий либосларни фақатгина фестивалларда, миллий байрамларда кийиладиган кийимларга айлантириб олишган.

Тўғри, бу билан биз қиз бола момосининг кийимини кийиши шарт, демоқчимасмиз. Ислом маълум бир рангни ёки махсус бир либосни кийишни фарз қилмайди. Бироқ у кийимда маълум сифатлар бўлишини шарт қилади ва ўз тобеларидан онгли бўлишни талаб этади.

Либос инсон танасини иссиқ ва совуқдан тўсиши, аврат саналадиган аъзоларни беркитиши, шаҳватни қўзғатишга сабаб бўлмаслиги шарт.

قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشًا وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ۝

«Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир». (Аъроф сураси, 26-оят).

Исломда либос қарши жинсдагиларнинг жинсий майлини қўзғатмайдиган, баданнинг шаклини, рангини билдириб турмайдиган, танадаги аъзоларни бўрттириб кўрсатмайдиган бўлиши лозим. Акс ҳолда кийимдан кўзланган асосий мақсад – авратларни тўсиш рўёбга чиқмайди. Фақат ётоқхонада кийиладиган кийимларга бу каби шартлар қўйилмайди. Зотан, либос ҳаёга, иффатга, эркак ва аёл ўртасидаги алоқаларнинг соф инсоний суратда кечишига ундаши керак. Шунинг учун ҳам иффат асосида кийиниш бахт-саодат руҳини акс эттиради.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий олтинчи сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. давоми...

3389 19:35 / 02.10.2019
Баҳор келиб, табиат келинчак мисол сепини ёйган, атроф муаттар бўй ва қушларнинг шодиёна куйларига тўлган гўзал кунларнинг бири. Болалар боғчасидан хиёбон оралаб давоми...

3376 17:30 / 18.05.2019
.Ва батаҳқиқ, сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик, Аъроф сураси, 11оят дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Холиқ сифатига мос ҳамду санолар бўлсин. давоми...

2830 16:24 / 21.01.2024
Алҳамдулиллаҳ муборак Рамазон ойи ҳам кириб келди. Аллоҳим бу гўзал ойни бизга барокатли қилиб берсин.Рамазон ойи танни ва руҳни даволовчи шифо ойидир. Бу муборак давоми...

2807 18:36 / 13.04.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021