1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Икки боланинг тақдирида қаламнинг ўрни

14:00 / 04.09.2021 6638 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни адвокатлар бюросида ўтирган эдим. У ерда бир киши билан танишиб қолдим. Адвокатнинг қўлидаги ҳужжатларнинг жилдига «Ўта хавфли катта ўғри» деб ёзилган экан.

Мен у кишидан: «Қандай қилиб бундай ўғри бўлиб кетдинг?», деб сўрадим.

У кулимсираб: «Бунга онам сабабчи», деди.

«Қандай қилиб?», дедим мен.

У яна кулимсираб, шундай ҳикоя қила бошлади:

«Тўртинчи синфда эдим. Бир куни қаламимни йўқотиб қўйдим. Уйга келганимда онам буни билгач, мени қаттиқ калтаклаб, хунук сўзлар билан уришди, «Ландовур! Латта!» деб бақирди. Онамнинг бунчалик қаттиққўллиги туфайли унинг олдига қуруқ қўл билан қайтмасликка аҳд қилдим-да, эртаси куни синфдошларимдан бирининг қаламини ўғирладим. Қаламни ким ўғирлаганини ҳеч ким билмади. Бундан дадиллашиб, бошқа ўртоқларимнинг қаламларини ҳам ўғирладим. Аввалига ҳадиксираб ўғирлардим, аста-секин қўрқмай ҳам қолдим. Уста ўғри бўлиб кетдим, турли ҳийлалар ўргандим. Энг қизиғи, ўртоқларимнинг қаламини ўғирлаб, кейин яна ўзларига пуллардим. Бир ойдан кейин синфдошларимни тунаш менга қизиқ бўлмай қолди. Энди қўшни синфларга ҳам ўғирликка туша бошладим. Синфдан синфга ўтиб, охири мактаб мудирининг хонасига ўғриликка тушдим. Бу йиллар мен учун ҳақиқий ўғрилик мактаби бўлди. Кейинчалик тажрибам ортиб, катта ўғри бўлиб кетдим».

Иккинчи боланинг онаси шундай ҳикоя қилади:

«Ўғлим иккинчи синфда ўқир эди. Бир куни мактабдан бошқачароқ бўлиб келди. Сўрасам, қаламини йўқотиб қўйибди. Мен ундан: «Кейин нима қилдинг?», деб сўрадим. У: «Ўртоғимнинг қаламини олиб турдим», деди. «Яхши қилибсан. Ўртоғинг сенга қаламини бериб тургани учун сендан егуликми, шарбатми ёки пулми олдими?» дедим. «Йўқ, ҳеч нарса олмади», деди ўғлим. «Ундай бўлса, роса савобга қолибди-да! Қўли очиқ, яхши бола экан. Ўғлим, сен ҳам шундай қўли очиқ бўлгин, хўпми? Сен ҳам бошқаларга яхшилик қилсанг, сенга ҳам ана шундай савоблар, ҳасанотлар ёзилади», дедим.

«Қандай қилиб?», деди ўғлим кўзлари ёниб. «Сенга иккита қалам сотиб оламиз. Биттасида ўзинг ёзасан, иккинчисини «Савоблар қалами» деб атаймиз. Қайси синфдошинг қаламини эсидан чиқариб қўйган ёки йўқотиб қўйган бўлса, унга бериб турасан. Дарсдан кейин яна қайтариб оласан», дедим. Ўғлим бу таклифни эшитиб, хурсанд бўлиб кетди. Эртасига еттита қалам сотиб олдик, биттаси ўзиники бўлди, қолган олтитаси эса «савоб қаламлари» бўлди. Бир неча кундан кейин «Қалами эсидан чиқиб қолган ўртоғимга қалам бериб туриб, савоб олдим!» деб хурсанд бўлиб кириб келди. Буни қарангки, ўғлим мактабда ўқишни унчалик ёқтирмас, шунинг учун ўқиши ҳам бироз суст эди. Лекин савобга қалам бериб тура бошлаганидан кейин мактабни яхши кўриб қолди. Чунки энди мактабда уни ўқитувчилари ҳам, синфдошлари ҳам мақтай бошлашди. Кимнинг қалами йўқ бўлса, ўғлимга айтадган бўлди. Ўқитувчилар ҳам бирорта ўқувчининг ёзмай ўтирганини кўриб қолса, «Қани фалончи, савоб қаламингни ўртоғингга бериб тур-чи» дейдиган бўлишди. Хуллас, ўғлимнинг ўқишлари яхшиланиб қолди. Ўқишга жон-дили билан берилиб кетди. Ҳозир у университетни тамомлади, уйланди, Аллоҳ унга фарзандлар ҳам берди. Ўғлим «савоб қаламлари»ни ҳеч қачон унутмайди. Ҳозир у шаҳримиздаги энг катта хайрия жамғармасининг раҳбари».

Азизлар, фарзандларимизнинг тарбиясида ниҳоятда ҳушёр бўлайлик. Уларга мулойим муомала қилиб, ҳатто салбий воқеаларни ҳам бебаҳо тарбиявий усулларга айлантирайлик.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг

 «Фарзандларимизни меҳр билан тарбиялайлик» китобидан

Таржимон: Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф 

Таржимон
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ниятнинг ўрни қалбдир. Қалбда ният йўқ бўлса, тил билан айтиш кифоя қилмайди. Ниятни тил билан талаффуз қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит давоми...

12400 07:10 / 09.05.2019
Савол Ўзим Қуръони Каримдан ҳар куни аранг бир пора ўқишга имкон топаман. Ўтмишдаги салафларимизнинг Қуръонни кунига бир ёки икки марта, баъзилари ҳафтасига, давоми...

3542 15:05 / 05.06.2020
Шариатда .таварруқ савдоси, деган молиявий муомаланинг ҳукми ҳам баён қилинган. Бу каби савдони бизда .реализацияга мол олиш, дейишга одатланилган. Ушбу савдо икки давоми...

2779 12:30 / 31.07.2019
Савол Мени Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ниҳоятда қизиқтиради. Шунинг учун у зот ҳақларида кўпроқ билишни истайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3283 15:00 / 19.06.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021