1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ёсин – менинг ҳужжатим

17:00 / 06.02.2021 3758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Цемент сотувчи йигитнинг айтганлари)

...Тўғрисини айтсам, мен илгари ўғри бола эдим. Ўрганиб қолган эканман, ов илинжида бош тиқмаган тешигим қолмаган. Бировнинг ҳамёнини ковлаш, дўкондан нимадир сўрамасдан олиш, қўшнининг молига кўз олайтириш – булар мен учун кунлик майда-чуйда ишлар эди. Тухумдан бошланган бу ишлар товуққа, ҳатто ундан ҳам йирикроқларига қўл урган кунларим бўлган. Юрагим ортига тортадиган ўша жоҳилият замонларимни асло эслагим келмайди. Аммо ўн йил муқаддам ажиб бир ибрат содир бўдиким, ўғриликни ташлаттириб, қалбимга иймон чўғини солган ўша ҳикматли воқеани ҳар доим эслаб тураман.

Чинакам инсонпарвар миршаб(мелиса)лар ўғри билан тўғрини жуда яхши фарқлайди. Уларда қандайдир ички сезги, ички туйғу бўлади, шекилли. Сезимсиз бефаҳмлари туҳматдан тоймайди. Тажрибали миршаблар қадам олишиданми, юриш-туриш ёки кўзларининг ўйноқлагани ё қийшиқ қўлнинг ҳаракатиданми – нима бало билмадим – одамни одамдан дарров ажратади.

Бир куни менинг йўлимни тўсган мелисалар ҳам тажрибалилар тоифасидан эди.

– Ўғрига ўхшайди, – деди бири иккинчисига.

Кўп тўқнаш келган эмасманми, аланг-жаланга чек қўйиб, ўзимни эркин, бепарво тутаман. Тумтарақай чап бериб қочишдан фойда йўқ. Улар жуда тез югуришади. Тажрибада бир неч бор синалган бу. Энди жоҳилига бирор ҳақиқатни исботлашга уриниш ҳам бефойда, барибир.

– Бўлимга олиб бориб, яхшилаб текшириш керак, – деди иккинчиси. Худо кўрсатмасин.

– Ока?! – дея бир оғиз сўз билан эътироз ва ҳайрат билдираман.

Мени бошдан-оёқ кўздан кечирар эканлар:

– Ҳов, анави чўнтагингдаги нима? – дейишди.

– Ҳужжатим? – дейман ва беихтиёр кўйлак чўнтагимдан «ҳужжатим»ни чиқариб бераман уларга. Бу «ҳужжат»ни чўнтакка қачон, қаерда ва нима учун солиб қўйганимни ўйлаб, ҳали бугунгача ўйимнинг охирига ета олмайман.

– Ие, бу «Ёсин» сураси-ку?! – дея улардан бири йўл бўйида тик турганича, «Бисмиллаҳ»ни айтиб ўқий бошлайди: – «Ёсин, Вал Қуръанил ҳаким. Иннака ламинал мурсалин ъала сиротим-мустақим. Танзилал-ъазизир-роҳим...»

Кўзим чиқиб кетди, довдираб донг қотдим. Чунки, аввало, ёнимда ҳужжатим йўқ, иккинчидан, ёлғончи бўлдим...

Худо ҳаққи, Аллоҳ уларга инсоф берди. Қўлимга «Ёсин»ни – Аллоҳнинг каломи битилган мўъжаз китобчани тутқазаркан, бири бошқасига:

– Юринг, кетдик, бу бола ўғри эмас, – деди.

Улар ўз йўлига кетди, мен эса уйга қайтдим.

Шу-шу ўғриликни ташладим. Қалбимда Аллоҳнинг каломига ихлосу муҳаббат ўша воқеадан кейин пайдо бўлган...

Тўғрисини айтай, яшириб нима қиламан, мактабда «икки»чи эдим, китобни ҳарфлаб, қийналиб ўқирдим. Аллоҳга осон экан: уйда ётиб олиб, жуда кўп китоб ўқиб ташладим. Арабий имлони тузук-қуруқ билмайман-у, аммо намозни канда қилмайман.

Мана кўриб турганингиздек, тирикчилик учун шу бозорда цемент сотаман. Бир кун ундай, бир кун мундай. Аллоҳ берган ҳалол ризқни олиб бориб бола-чақага едираман, ота-онамнинг дуосини оламан...

Қалбида ички бир ҳаяжон гупуриб турган бу йигитнинг айтадиган гапи кўп эди. Ҳолбуки, вақтим зиқ. Гап-гапга уланиб бошланиб кетган суҳбатни тўхтатиш ниятида цементнинг нархини яна бир марта такрор сўраб, нари кетдим.

Баҳодир Нурмуҳаммад

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди,.Бешовларидан фақат Термизий ривоят давоми...

6135 05:00 / 03.03.2017
Рисоламни бошлашдан олдин, яқин ўтмишда ўтган олимлардан бирининг ажойиб фикрини эслаб қолдим. Ушбу ажобтовур жумлалар мавзуимизни янада осон суратда давоми...

4338 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига давоми...

4189 05:00 / 04.03.2017
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акаларига айтган гапларини ҳикоя қилиб .Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра давоми...

5887 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021