1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам (иккинчи мақола)

16:00 / 21.02.2021 2274 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига аралашишни тарк этсин. Мана шу иккисини қилмаса, муродига етмайди», – деганларини эшитдим».

Халаф ибн Тамим Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Ибн Ажлон мени кўрганларида, қиблага қараб сажда қилдилар ва: «Сени кўрганим учун Аллоҳга шукр саждасини адо этдим», – дедилар», – деганларини эшитганлар.

Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтганлар: «Ибн Муборакдан Иброҳим ибн Адҳам кимлардан ҳадис эшитганлари ҳақида сўрадим. «Кўп одамлардан ҳадис эшитганлар. У киши ладуний илм ва фазилат соҳиби эдилар. Ошкора тасбеҳ ўгирганларини кўрганим йўқ. Яхши амалларини кўз-кўз қилмасдилар. Қавм билан овқатланаётганларида, шерикларидан олдин қўлларини тортмасдилар», – деб жавоб бердилар».

Абу Нуъайм айтганлар: «Суфённинг: «Иброҳим ибн Адҳам Иброҳим Халилуллоҳга ўхшардилар, саҳоба бўлганларида, фозил бир киши бўлардилар», – деганларини эшитдим».

Бишр Ҳофий айтганлар: «Мен динини ҳаёт кечириш воситасига айлантирмай умргузаронлик қилган тўрт олимнигина биламан. Улар: Вуҳайб ибн Вард, Иброҳим ибн Адҳам, Юсуф ибн Асбот ва Салам Хаввос».

Шақиқ ибн Иброҳим айтганлар: «Иброҳим Адҳамдан: «Хуросонни тарк қилдингизми?» – деб сўрадим. У киши: «Мен Шомдаги ҳаётимдан қониқдим. Динимни саломат сақлаб, тоғма-тоғ қочдим. Мени баъзилар васвосга, айримлар эса туякашга чиқарди. Эй Шақиқ, ҳеч ким жиҳод билан ҳам, ҳаж билан ҳам улуғ мақомга эришмади, балки улар бу даражага ҳалол луқма (яъни еб-ичадиган нарсаларга диққат-эътибор бериш) билан етдилар», – деб айтдилар».

Халаф ибн Тамим айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамдан Шомга қачон келганлари ҳақида сўраганимда, у киши: «Йигирма тўрт йил олдин, жиҳод учун ҳам эмас, сарҳад соқчилиги учун ҳам эмас, балки ҳалол ризқ талабида келганман», – деб жавоб бердилар».

Иброҳим айтганлар: «Зоҳидлик учун ҳаромдан сақланиш – фарз, шубҳадан сақланиш – саломатлик, ҳалолдан сақланиш – фазилат».

Бақийядан Яҳё ибн Усмон Бағдодий ривоят қилганлар: «Мени Иброҳим ибн Адҳам таомга чақирдилар. Ҳузурларига бордим. Чап оёқларини думбаларининг тагига, ўнг оёқларини тикка қўйиб, тирсакларини ўнг оёқларининг тиззаси устига қўйиб ўтирдилар. Сўнгра: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай, худди қуллардек ўтирар эдилар. Басмала айтиб, овқатдан олинглар», – дедилар. Таомдан кейин шерикларига: «Иброҳим ибн Адҳам билан ўтказган, хотирада муҳрланиб қолган энг машаққатли кунларингни айтиб бер», – дедим. У: «Биз рўзадор, ифторликка эса ҳеч нарса йўқ эди. Шу ҳолда тонг оттирдик. «Эй Абу Исҳоқ, Растан шаҳарчасига бориб, мардикор бозорида ўтирмаймизми?» – дедим. «Майли», – дедилар.

Мени бир киши бир дирҳамга ёллади. Шеригим ҳам борлигини айтганимда, «Унинг менга кераги йўқ, жуда заиф кўринади», – деди. Кўп ялинаверганимдан сўнг, уни дирҳамнинг учдан иккисига ёллашини айтди. Ишлаб топган пулимдан эҳтиёжимга яраша нарсани олиб, қолганини садақа қилиб юбордим. Олган нарсаларимдан Иброҳим ибн Адҳамга берганимда, у киши йиғлаб: «Биз ваъда қилинган нарсани олдик. Аммо ишимиз хўжайинга маъқул бўлдими, йўқми, билмаймиз», – дедилар. Бу гапдан ғазабланган эдим, «Ишимиз маъқул бўлганига кафилмисан?» – дедилар. Шундан сўнг келтирган нарсаларимни ҳам садақа қилиб юбордим».

Бақийя айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам билан кемада кетаётганимизда, шамол қўзғалиб, тўлқин кўтарилди. Кема қаттиқ чайқала бошлади. Одамлар йиғладилар. Биз: «Эй Абу Исҳоқ, кўрмаяпсизми?» – дедик. Шунда ул зот: «Эй тириклар бўлмаганда, тирик бўлган Зот. Эй барча тириклардан олдин бўлган Зот. Эй барча тириклардан кейин тирик қоладиган Зот. Ё Ҳайй (доимо тирик Зот), ё Қайюм (иш бошқарувчи Зот), ё Муҳсин (яхшилик қилгувчи Зот), ё Мужмил (ишларни гўзал қилгувчи Зот), биз Сенинг қудратингни кўрдик, энди афвингни ҳам кўрсатгин», – деб дуо қилдилар. Шу лаҳзада шамол тиниб, кема чайқалишдан тўхтади».

Замра айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Хушламаган лаззатли таомимни тарк қилишдан савоб ололмайман, деб қўрқаман», – деганларини эшитдим. Ул зот олдиларига лаззатли таом қўйилса, шерикларига берардилар. Ўзлари эса нон ва зайтун билан қаноатланардилар».

(Давоми бор)

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

7142 22:15 / 27.04.2017
Хожа Саййид Аҳмад эшон юрт равнақи, халқ фаровонлиги ҳамда илм маърифат ривожи учун Учқўрғонни кенгайтиради. Ўша даврда Чортоқдан турли касб эгалари, савдогарлар, давоми...

2332 12:30 / 10.01.2022
Имом Мусилийнинг Ихтиёрrdquo китобида қуйидагича келтирилади Ҳар бир ўрганиш ва амал қилиш қатъиян вожиб бўлган далилга хилоф бидъат куфрдир. Ҳар бир бунга хилоф давоми...

5400 10:50 / 09.02.2018
18971988 Комил қори 1897 йили Наманган туманининг Эшобод қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Падари бузруквори Абдубой ота, волидаи муҳтарамаси Сорахон ая давоми...

1965 15:51 / 23.04.2025