1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Амал: Юзига ниқоб тортган киши

18:00 / 05.03.2021 3053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умавийлар қўмондонларидан бири Маслама ибн Абдулмалик даврида мусулмонлар ғазотда бир қалъани қамал қилдилар. Мусулмонларга жуда қийин бўлди. Насронийлар тепадан камон ўқи ёғдиргани сабабли қўшинга кўп азият етди.

Маслама ибн Абдулмалик шундай деди:

- Ким тешикдан кириб дарвозани очади? Агар шаҳид бўлса жаннатга киради. Агар эсон-омон тешикдан ўта олса дарвозани бизга очиб беради.

Тешик деганимиз қалъа остидаги сув ўтадиган тор ариқ эди.

Шунда юзига ниқоб тортган бир киши чиқиб:

- Мен кираман бу ариққа, деди.

У ариқ орқали кириб такбир айтди, жанг қилиб қалъа дарвозасини очди. Мусулмонлар қалъага ҳужум қилишди. Ўша номаълум ниқобли қаҳрамон хизмати туфайли мусулмонлар ғалаба қозонди.

Маслама у кишини мукофотлаш учун кимлигини билишни хоҳлади. Жангдан кейин қўшинга қараб деди:

- Ҳалиги ниқобли киши қани?

Ҳеч ким жавоб бермади. Яна сўради. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ниҳоят Маслама деди:

-Мен ҳожибимдан у киши келса олдимга киритишни амр қилдим. Мен ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб бунга қарор қилган эдим (Маслама амирга итоат қилиш вожиблигига ишора қилаяпти).

Кечаси ниқобли киши Масламанинг ҳожибининг олдига келиб:

- Менинг киришим учун изн сўра, деди.

Унга рухсат берилди. У киргач Маслама сўради:

- Тешикдан кирган сенмисан?

- Мен у ҳақда хабар бермоқчиман.

Улар ёлғиз қолгач ниқобли киши Масламага деди:

- Ниқобли киши учрашиш учун сизга учта шарт қўймоқда:

1. Унинг орқасидан одам қўймайсиз.

2. Унинг исмини сўрамайсиз.

3. Унга ҳеч нарса амр қилмайсиз.

Маслама деди:

- Майли, шундай бўла қолсин.

Ҳалиги ниқобли киши ҳаё билан деди:

- Ўша ниқобли киши менман эй қўмондон!

Кейин у тезда чиқиб кетди. Маслама уни танимай қолди.

Шундан сўнг Маслама қачон намоз ўқиса шундай деб дуо қиладиган бўлди:

«Аллоҳим! Қиёмат куни мени ниқобли киши билан бирга қилгин!»

Ҳар-бир қиладиган яхшилигингни сақлаш учун ҳужжат қилиб қўйишинг шарт эмас. Аллоҳ таоло бу вазифа учун маълум фаришталарни мукаллаф қилиб қўйган. Хотиржам бўл. Амалинг ёзилади, савобинг сақланади.

Ҳар-бир қилган яхшилигингни кишилар кўриши шарт эмас. Ҳар-бир тўйдирганинг оч қорин билан суратга тушишинг шарт эмас. Муҳтожларга қилган ёрдамингни, уришиб қолганлар орасини тузатганингни, ҳар-бир артган бировлар кўз ёшини, мазлумга олиб берган ҳаққингни ўзгалар билиши, кўриши шарт эмас.

Қилган ишинг Аллоҳнинг иродаси билан ошкор бўлиб қолса бу Унинг карамидир. Аммо ўзинг қўлингдан келганича қилган амалингни яширишга ҳаракат қил.

Қанча-қанча солиҳ амаллар инсонлар кўриши туфайли соҳибининг нияти бузилиши оқибатида бекорга чиққан, ҳабата бўлган. Бора-бора инсон қилган амалини бошқаларга кўрсатишдан мазза қиладиган бўлиб қолади Аллоҳ сақласин!

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади:

«Мен ширкдан энг беҳожатларнинг беҳожатиман. Ким бир амал қилиб у амалида Мендан бошқани Менга шерик қилса унинг ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк қиламан!».

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома, машриқ фақиҳи, шамсул аимма Абул Ваҳда Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий Ҳанафий Баротқиний.Баротқин ndash Кардарнинг бир томони. Кардар давоми...

3330 15:00 / 03.03.2019
Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир.У давоми...

3916 19:45 / 02.03.2019
Маълумки, Табук ғазотидан кўплаб мунофиқлар, узрли саҳобалар ва соғлом содиқ саҳобалардан уч нафарлари қолиб кетишган. Улардан Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг давоми...

2851 11:00 / 02.05.2021
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у зотни давоми...

3954 18:34 / 29.01.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021