1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ифторликни хурмо билан очишнинг фойдаси

17:00 / 06.03.2025 5211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي عَطِيَّةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ أَنَا وَمَسْرُوقٌ عَلَى عَائِشَةَ فَقُلْنَا: يَا أُمَّ الْمُؤْمِنِينَ، رَجُلَانِ مِنْ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كِلَاهُمَا لَا يَأْلُو عَنِ الْخَيْرِ، أَحَدُهُمَا يُعَجِّلُُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ، وَالْآخَرُ يُؤَخِّرُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ، قَالَتْ: أَيُّهُمَا الَّذِي يُعَجِّلُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ؟ قُلْنَا: عَبْدُ اللهِ بْنُ مَسْعُودٍ، قَالَتْ: كَذَلِكَ كَانَ يَصْنَعُ رَسُولُ اللهِ r. وَالْآخَرُ أَبُو مُوسَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:

«Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликни ортга сурмайдилар. Бирлари ифтор билан (Шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (Шом) намозни ортга суради», дедик.

«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди.

Бошқаси Абу Мусо эди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийларнинг ифторни тез қилиш ва Шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга, икковларидан қай бирларининг тутаётган ишлари суннатга мувофиқ, тўғри эканлигини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда ифторни вақти кириши билан қилиш ва Шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эканлиги маълум бўлган.

Шунинг учун биз ҳам ўз ҳаётимизда шунга одатланишимиз лозим. Вақт кириши билан оғизни очиб, нафсни бир оз қондиргандан кейин дарҳол Шом намозини ўқиб олишимиз керак бўлади.

عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ فَإِنَّهُ بَرَكَةٌ، فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى مَاءٍ فَإِنَّهُ طَهُورٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки бирортангиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Кун бўйи рўза тутиб юрган инсоннинг жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг организмга таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан.

Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Бу борада илмий тажрибалар ўтказган олимларнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаганлари, хурмо дарахти ўсадиган минтақадан эмасликлари учун асосан сув билан оғиз очиш яхши эканлигини таъкидламоқдалар.

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда оғизни хурмо ёки сув билан очишга одатланмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси ndash мағфират, ва охири ndash дўзах азобидан озод бўлишдир.Муборак ойнинг яхшиликларидан бизларни насибадор қилган Аллоҳга давоми...

6649 16:29 / 19.05.2018
Дин душманлар рўза инсон соғлиғи учун кони зарар деб қанчалик оламга жар солмасинлар, тиб олимлари, ҳақиқий илм кишилари рўзанинг ҳақиқий кони фойда эканлигини давоми...

3003 10:00 / 11.04.2023
Рамазон Ислом тақвимига кўра тўққизинчи ой бўлиб, мусулмондан махсус рўзага, намозга ва руҳий тадаббурга боғлиқ, диний тиришқоқликни талаб қилади. Иш давоми...

5156 13:44 / 21.05.2018
...Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик давоми...

35612 05:00 / 11.01.2017