1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

У кулолмади

09:00 / 12.05.2021 3986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг олдида бир ҳадис ривоят қилинди. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулганлари ҳақида гап бор эди. Ҳадисни ривоят қилаётган ровийлар ҳам кулишарди. Аммо Салоҳиддин кулмади. Ундан бунинг сабабини сўрашганда, «Ал-Ақсо салбчиларнинг қўлида асир экан, мен қандай куламан?» деди.

У кулолмади. Чунки муаммони чиндан ҳис қилиб турганди. У фаластинликларга ҳамдардлик изҳори учун ўзини сиқилаётган қилиб кўрсатмаётганди. Уларнинг туйғуларини ҳурмат қилиб оғриқни сезаётганини даъво қилмаётганди. Балки у чиндан ҳам фаластинликлар каби изтиробда эди. Улар каби аламни туяётганди. Гўё у фаластинликлар танасидан ажралмайдиган аъзо каби эди. Бир тананинг аъзоси бўлган киши эса ўша тана оғриса, оғриб, ўша тана шод бўлса, шодланиб, ўша тана маҳзун бўлса, маҳзун бўлади. Тананинг аъзосидек бўлган киши бундай ишларни сохталик аралаштирмай қилади.

Агар биз ҳам Фаластин, Яман, Сурия, Шарқий Туркистон, Бирма каби давлатлардаги мусулмон биродарларимиз ҳолини, уларнинг бошига тушаётган зулмларни ҳис қила олсак, уларга ҳамдардликни фақат пост ёзувчи қўлимизу ёзувни кўраётган кўзимизнинг ўзи билангина изҳор этмай, қалбимиз ҳам улар тортаётган оғриқни ҳис қилса, кулишга, турли ўйин-кулгулар билан вақт ўтказишга қийналиб қоламиз.

Миср ҳукмдори бўлган Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ 1187 йилда салбчиларни мағлуб этиб, шу йилнинг ўзида Аллоҳ таолонинг фазли билан Қуддусни салбчилардан озод этди.

Рамазоннинг улуғ кунларида Масжидул Ақсо атрофида фаластинлик мусулмон биродарларимиз исроиллик золимлар томонидан зулмга учраяптилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَلَا تَحْسَبَنَّ اللَّهَ غَافِلًا عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ ۚ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الْأَبْصَارُ

 

«Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил деб ҳисоблама. Фақат уларни кўзлар қотиб қоладиган Кунга қолдирадир, холос» (Иброҳим сураси, 42-оят).

Аллоҳ таоло дунёнинг турли нуқталарида зулмга учраётган мусулмон биродарларимизга нусрат берсин, мусулмонлар яшаётган барча юртларда тинчлик бўлишини насиб этсин, золимларга, золимларнинг жиноятларини қўллаётганларга, тарафдор бўлаётганларга Ўзи кифоя қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Нажиб Сирожиддин раҳимаҳуллоҳни Аллоҳ таоло кўзи ва қулоғида яъни, кўриш ва эшитишда икром қилган. Ҳатто умрининг охиригача бу аъзолари унга буткул давоми...

3003 19:00 / 28.12.2021
учинчи мақолаСуфён ибн Уяйнадан Муҳаммад ибн Маймун Маккий ривоят қилганлар .Иброҳим ибн Адҳамга Уйлансангиз бўлмайдимиrdquo ndash дейилганда, у киши Нафсим зўрлик давоми...

2461 18:00 / 01.03.2021
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг иниларининг вафотиМуҳаммад ибн Мункадир ибн Абдуллоҳнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ишончли, фозил, ровий ҳисобланиб, улуғ давоми...

2196 21:06 / 23.12.2022
Мулла Олимхон домла 1953 йил Наманган шаҳри, Дегрезлик даҳаси, ҳозирги Сумалак гузари маҳалласи, собиқ .эски Дашт, кўчасидаги маърифатли хонадонларнинг бирида давоми...

3233 12:47 / 09.01.2023