1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ёзувчи Аҳмад ҳожи Муҳаммад Турсун вафот этдилар

10:25 / 18.05.2021 3605 pdf Ўқиш режими + -

2015 йил март ёки апрел ойида устоз Тоҳир Маликнинг, Аллоҳ раҳматига олсин, уйига бордим. У киши шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотираларни эсга олди ва бир воқеани айтиб берди:

 – Мустақиллик остонасида диний идора шоир ва ёзувчилар ўртасида диний-бадиий асарлар бўйича танлов ўтказди. Мен ҳакамлар ҳайъатида эдим. Бизга танловга келган асарлар муаллиф кўрсатилмаган ҳолда берди. Ўрганиб чиқиб, ўз фикримни ёздим. Шайх ҳазратга: «Мана шу асарга биринчи ўрин бериш керак», – дедим. Ҳазрат кулди-да: «Иложи йўқ», – деди. «Нега?» – десам, «Менинг қайин юртим», – деб жавоб берди. «У ҳолда ким ғолиб бўлади?» – деб сўрадим. «Абдулла Орипов», – деди ҳазрат. Ҳайрон бўлдим. Машҳур шоирнинг одатлари бизга маълум эди. Қолаверса, ғолиб одамга мукофот ҳаж зиёрати учун йўлланма эди. «Ҳажга борса, ҳидоятланса!» – деди шайх ҳазратлари. Шундай қилиб, танловда Абдулла Ориповнинг «Ҳаж дафтари»га кирган «Қирқ ҳадис» туркуми ғолиб бўлди.

Азиз ўқувчи!

Нима учун мен бу хотирани бугун эслаб қолдим?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга аёллари томонидан қариндош бўлган бу ижодкор ким эди?

Аслида, диний-бадиий асарлар бўйича ғолиб деб баҳоланган қалам эгаси, кейинчалик ўнлаб китоблар ёзган ёзувчи, «Изтироб лаззати», «Улуғлар шундай яшашган», «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Соҳилсиз денгиз», «Кўҳна дунё», «Ривоятлар китоби», «Ҳикматлар китоби» каби бир неча асарлар муаллифи, баракали ижод соҳиби Аҳмад Муҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ эди.

Аҳмад Муҳаммад Турсун бир неча йиллар Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси нашрларида муҳаррирлик қилди. Кейинги йилларда «Ҳилол-нашр»да фаолият олиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга бағишланган «Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи васаллам, ошиқ Муҳаммад Содиқ» каби юзлаб китобларни нашрга тайёрлади.

Аҳмад Муҳаммад Турсун юртимизда дин ривожи, диний адабиётлар чоп этилиб, етиб бориши учун муносиб ҳисса қўшган ёзувчи эди. Унинг асарлари юз минглаб ихлосмандлар қалбини забт қилган.

Шахсан мен ҳам Аҳмад Муҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ асарларидан кўп манфаат олиб келаман. Тафаккурим шаклланишида бу китобларнинг ўрни беқиёсдир.

Аҳмад Муҳаммад Турсун дин соҳасида хизмат қилаётган Мубашшир Аҳмад, етук араб тили мутахассиси, араб тили ва ҳадисга оид, умуман, Ислом таълимотини асл манбалар асосида етказувчи юзлаб китобларни нашр қилган, араб тили таълимини Ўзбекистонда янги босқичга кўтарган Анвар Аҳмад  каби олимларнинг отасидир.

Муҳтарам устоз Аҳмад Муҳаммад Турсун вафоти муносабати билан ислом.уз жамоаси ўз таъзиясини билдирди:

Аллоҳ таоло марҳум адибимизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Устозимизнинг аҳли байтларига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига сабри жамил тилаб қоламиз.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Биз бу дуо қаршисида қўл очиб, «Омин», деймиз.

Аллоҳдан устоз Аҳмад Муҳаммад Турсунни Ўз раҳматига олиб, барча хайрли амалларини ҳамроҳ қилишини, жаннатлар билан мукофотлашини илтижо билан сўраймиз.

Акром Малик 2021 йил, 18 май

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламоларнинг Тошкент шаҳрига ташрифлари давом этяпти. Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков давоми...

2700 12:06 / 30.06.2021
Москва Исломий маркази кўмаги билан Қуръони каримни ўрганиш бўйича ўқув машғулотлари бошланди, деб хабар беради IQNA.Россиялик ўғил болаларнинг қишки таътилларини давоми...

2590 11:40 / 04.01.2019
Рамазон ойида Татаристон Республикасидаги мусулмонлар оғир касал болаларга ёрдам бериш ва муҳтож оилаларни озиқовқат билан таъминлаш учун маблағ тўпладилар. Бу давоми...

2482 10:30 / 20.05.2021
Бу рақам ўтган йилгига нисбатан 5 мингтага кўп дейди, Россия мусулмонлар бошқармаси раҳбари ўринбосари Рушан ҳазрат Аббясов. Бу ҳақда islamtoday.ru сайти хабар давоми...

1718 10:00 / 20.07.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151235 14:35 / 11.08.2021