1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Муҳими ҳақда бўлсанг бўлди

10:00 / 02.07.2021 3035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида жуда ҳам қийин шароитда йўлга чиқдилар. Ҳаво жуда ҳам иссиқ эди. Саҳро гўё олов ичида ёнар эди. Сафар эса узоқ эди. Минадиган ҳайвонлар эса оз. Ҳаттоки, ўшанда тўртта киши битта ҳайвонни навбат билан минишган.

Бу ғазотдан жуда кўп мунофиқлар турли баҳоналар қилиб бормасдан шаҳарда қолишган. Аммо мусулмонлигига гувоҳ берилган баъзи мусулмонлар ҳам қолишган. Буларга мисол қилиб Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабиъ, Ҳилол ибн Умайя ва Абу Ҳайсама розияллоҳу анҳумларни айтишимиз мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кетганларига бир неча кун бўлган эди. Абу Ҳайсама розияллоҳу анҳу боғига борди. У ерда икки хотини у ўтириши учун чайла қуришган, ҳамма ёқни хушбўй қилишган, у ейиши учун мевалар ҳозирлашган, ичиши учун муздек сув тайёрлашган. Абу Ҳайсама бу гўзал манзарага қараб туриб деди:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқ шамол, қуёшнинг нури остида бўлсалар-у мен соя-салқин жойда, тайёр овқат ва сув, гўзал хотинлар оғушида ўтираманми? Йўқ, бу адолатдан эмас. Аллоҳга қасамки, бу тайёрланган чайлага кирмайман. Овқат ва сувларни ичмайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олиб уларга қўшилишни истайман!».

Абу Ҳайсама розияллоҳу анҳу ортда қолганига пушаймон бўлиб суюкли пайғамбарига ҳамдард бўлиш учун йўлга чиқди. У чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб олиб қўшинни у ерга жойлаштириб бўлган эдилар. Абу Ҳайсама улар томон келар экан аввал мусулмонлар уни масофа узоқлиги учун танишмади. Келаётган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Ҳайсама бўлсин-да, Абу Ҳайсама бўлсин-да!», дея бошладилар.

У етиб келгач саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, у Абу Ҳайсама экан!», дейишди.

Абу Ҳайсама нима учун мусулмонларга келиб қўшилганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқда қийналар эканлар унга салқин жой ҳам, муздек сув ҳам, гўзал хотинлар ҳам татимаганини сўйлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида дуои хайрлар қилдилар.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мана шу даражада яхши кўришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқда қийналар эканлар, уларга неъматлар татимас эди. Шунинг учун сизга биров саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун хос яратилган инсонлар эди, деса ишонаверинг!

Ақлли инсон ўзи бирга яшайдиган инсонларнинг руҳий оламини яхши билмоғи даркор. Улар ила муомала қилиш воситасида уларнинг нима ишларга қодир эканликларини аниқлаб олиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Абу Ҳайсама бўлсин-да!», деган гаплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг табиатларини ўрганганларига далолат қилади. Ишораларни яхши ёдлаб олинглар. Инсонлар қиладиган ишларга диққат қилинг. Ана шунда улардан кўнглингиз қолмайди.

Дунёда доим хатони тузатишга имкон бўлади. Кеч бўлсада Ҳақ аҳлига етиб боришинг умуман бормаслигингдан афзалдир. Ҳақда дум бўлганинг ботилда бош бўлганингдан яхшироқдир. Инсонлар сендан ўзиб кетишган бўлишса кейинроқ бўлсада уларга етиб олишдан хижолат бўлма. Ҳақнинг охири бўлмайди. Муҳими ҳақда бўлсанг бўлди.

Нафсдаги содиқлик, иймондаги ҳарорат Абу Ҳайсамани Табук ғазотидан ортда қолганлардан ажратиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафларига, муқаддас сафга қўшди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Абу Ҳайсама бўлсин-да» деган юксак мукофотни олди!

Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиръавннинг уйида тарбия топган Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлдилар.Нуҳ алайҳиссаломни уйларида тарбия топган ўғли кофир бўлди.Мушрик Озарнинг ўғли Иброҳим давоми...

2324 14:36 / 07.01.2023
Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турлитуман бўлиши ҳақиқатдир. Табиати бузуқ инсонлар ичида ҳам баъзи бир давоми...

4833 15:55 / 28.10.2019
Кимнинг моли ортса, унинг учун ҳисоб бериши ҳам ортади. Унутманг, молнинг ҳалолига ҳисоб, ҳаромига азоб бор. Кимнинг зулми кўпайса, ниҳояси ёмон бўлади. Золим зулм давоми...

3471 19:00 / 16.07.2022
Фараз қилинг, ёзнинг бир кунида қумлоқда кетяпсиз. Қуёш пешона, қўл ва елкаларимизни қиздираётган бир пайтда денгиз суви оёқларимиздан салқинлик юборади. .Қизиқ, давоми...

2281 14:31 / 18.06.2024