1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Йўл четида ўтирганда нима қилиш лозим?

09:00 / 26.08.2021 2473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўл четида улфатлар, қўшнилар, танишлар билан гаплашиб ўтирганларни кўп кўрганмиз. Ўзимиз ҳам баъзан шундай вазиятга тушиб қолганмиз.

Писта чақиб, сув ичиб, сигарет чекиб гаплашиб ўтиришади. Улар кетишаётганда ўзларидан писта пўчоғи, баклашка, сигарет қолдиғи, тупук билан булғанган ҳудуд қолдиришади.

Агар улар бировнинг уйи олдида, девори ёнида шу ишни қилган бўлсалар, мусулмоннинг остонасини булғаб, унинг қалбига озор берган бўлишади.

Баъзан машинаси борлар машиналарини йўл ўртасига яқин жойга тўхтатиб олиб гаплашаётганини кўриб қоламиз. Бирортаси «Машинани четга олиб, бошқаларга халақит бермайлик» демайди.

Йўл катта бувимиздан мерос қолмаганини, жамоат мулки эканини ҳис қилишимиз лозим.

Йўл четида туришимиз шу қадар муҳим экан, унда мана бу ҳадисга амал қилишимиз шарт.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!» дедилар.

Шунда «Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади», дейишди.

У зот: «Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар», дедилар.

Улар: «Йўлнинг ҳақи нима?» деб сўрашди.

У зот: «Йўлнинг ҳақи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш», дедилар».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Йўл четида ўтирган одам ҳадисдаги ҳукмларга амал қилиши лозим.

Бир гуруҳ эркаклар йўл четида гаплашиб ўтиришибди, йўлдан аёл киши ўтяпти ёки бирор эркак аёли билан ўтмоқда. Шунда улар аёлга назар солмай, кўзни тийишлари керак. Номаҳрамга шаҳват назари билан боқиш ҳаром амал.

Баъзан йўлда бораётган киши гаплашиб ўтирган йигитларнинг ёнидан ўтаётганда, йигитлар қаҳ-қаҳа отиб кулишади. Эҳтимол, улар ўзаро суҳбатдаги латифа учун кулишгандир, аммо ўтаётган киши «Менинг устимдан кулишяптими» деган хаёлда ноқулай аҳволга тушади. Шунинг учун бундай қилиқлардан сақланиб, ўтаётганларга озор бермаслик лозим.

Гаплашиб ўтирганлар ёнидан ўтаётган киши салом берганда ўтирганлардан бири алик олиши керак. Саломни эшитиб ҳам индамай ўтиравериш мусулмонга тўғри келмайди.

Йўлда биров биров билан тортишиб қолса, урушса, ўша атрофда ўтирганлар уларни ажратиб, яраштириб қўйишлари, мусулмон бир-бири билан урушмаслиги лозимлигини тушунтиришлари керак.

Кўчада ёмон иш қилаётган кимсани бу ишдан қайтариш ҳам йўл четида ўтирганлар қилиши лозим ишлардандир.

Аслида муҳим гап бўлмаса, йўл четида тўпланиб ўтирмаслик лозим. Бунда вақт исроф бўлади, йўлдан ўтаётган аёл-қизлар ўзларини ноқулай сезишади.

Бир аёл йўлда бораётиб қоқилиб тушади. Шунда аёл ўрнидан туриб, либосини қоқиб, «Хайрият эркаклар йўқ экан» дейди-ю йўлида давом этади.

Чунки ожиза аёлнинг йиқилганига кулиш эркакнинг иши эмас.

Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ қилсин, ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўрта ёш юртдошларимиз ва ёши улуғларимиз жуда яхши эслашса керак бундан 25ndash30 йил аввал кундалик эҳтиёжларимиз учун фойдаланадиган буюмларимизнинг асосий давоми...

2998 16:00 / 20.02.2023
Қул эмас ул ким ndash зарб остида инграган,Ғарибу нотавон эмас ул ким ndash яккамахов яшаган,Маҳрум эмас ул ким ndash бир бурда нон сўраган.Аммо ул ким қул, маҳрум, давоми...

6239 17:44 / 11.09.2017
Россия киноусталари томонидан ишланган .Текинхўрлар, .Паразиты, ҳужжатли илмийоммабоп фильмни кўргач, сиз азиз ўқувчиларимиз билан ушбу фильмдан олган давоми...

5194 12:30 / 08.07.2021
.Бирр, сўзи луғатда яхшиликнинг барча турларини ўз ичига олган.Уламо аҳли .бирр,нинг таърифида турли ибораларни айтганлар. Биз ана шулардан жамловчироқ бир давоми...

5986 19:32 / 10.09.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021