1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Бахиллик қилишга Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан

09:08 / 18.09.2021 3206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг зодагонларидан эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу даврида Басра волийси бўлган. Кўплаб шаҳарларнинг фатҳ этилишида иштирок этган. Абдуллоҳ ибн Хозим билан бирга Кобулни фатҳ қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ва бошқалардан ривоят қилган. Ундан Ато ибн Абу Рабоҳ, Ибн Авн раҳимаҳумаллоҳ ривоят қилишган.

Умар ибн Убайдуллоҳ сахийлиги билан ном чиқарган эди. Ҳикоя қилинишича, бир киши жория сотиб олади. Жория Қуръони Каримни чиройли тиловат қилар, шеър айтишга моҳир эди. Хожаси уни яхши кўриб қолиб ҳамма пулини унга сарф қилади. Хожасининг пули қолмаганини кўрган жория унга “Аҳволингизни кўриб турибман. Агар мени сотсангиз, пулимдан фойдаланиб аҳволингиз ислоҳ бўлармиди” деди. Хожаси уни ўша пайтда Басра волийси бўлиб турган Умар ибн Убайдуллоҳга юз минг дирҳамга сотади. Хожа пулни олгач, ўзи ҳам, жорияси ҳам қилган ишларига надомат қила бошлашади. Чунки улар бир-бирини яхши кўришарди. Фироқ азобида қийналаётган жория шеър битади. Шеърни эшитган Умар ибн Убайдуллоҳ вазиятни тушунади ва “Аллоҳга қасамки, севишганларнинг орасини ҳеч ажратмайман” дейди. Сўнг юз минг дирҳам пулни ҳам, жорияни ҳам аввалги хожасига беради. Хожаси пул ва жорияни олиб у ердан жўнайди.

Бу Умар ибн Убайдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг саховатига бир мисол.

Бир куни Умар ибн Убайдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ йўлда борар экан бир боғ ёнидан ўтиб қолди. Боғ девори остида бир йигит таомланиб ўтирарди. Ёнига бир ит келди. Йигит бир луқмани итга берса, бир луқмани ўзи ерди. Умар йигитнинг қилган ишидан ажабланди ва “Бу ит сеникими?” деб сўради. Йигит “Йўқ” деди. “Унда нега бу итга овқат беряпсан?” деб сўради Умар. Шунда йигит “Таом еб турганимда кимдир менга қараб турса, уни таомимга шерик қилмасликка Аллоҳдан ҳаё қиламан” деди. Умар раҳимаҳуллоҳга йигит ёқиб қолди ва ундан “Ҳурмисан ёки қулмисан?” деб сўради. Йигит “Шу боғ эгаларининг қулиман” деди. Умар раҳимаҳуллоҳ бир муддат кўздан ғойиб бўлди, сўнг қайтиб келиб, “Хушхабар, ҳой йигит, Аллоҳ сени озод қилди! Бу боғ энди сеники” деди. Йигит севинч ва чин қалбдан “Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, бу боғнинг мевасини Мадина фақирларига садақа қилдим” деди. Бу гапни эшитган Умар раҳимаҳуллоҳ ҳайратланиб, “Сендан ажабландим. Ўзинг фақир ва боғга эҳтиёжинг бўла туриб шундоқ қиласанми?!” деди. Шунда йигит иймон ва ишонч билан “Менга бирор нарса тортиқ этилганда, ўша нарсада бахиллик қилишга Аллоҳдан ҳаё қиламан” деди.

Ибн Қатта айтади “Умар ибн Убайдуллоҳ мени минг динор ила Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобга юборди. Ибн Умар юборилган нарсани қабул қилди...”

Ибн Қатта айтади “Ибн Умар менга “Соҳибинг ҳақида менга етиб келган хабарга кўра, у муҳожирларга минг-мингдан, ансорларга етти юз-етти юздан берар экан” дедилар. У кишининг гапини Умарга билдирдим. Шундан сўнг у уларнинг (муҳожир ва ансорларнинг) орасини тенглаштириб қўйди”.

Яъни ҳаммаларига минг динордан берадиган бўлди. Валлоҳу аълам.

Умар ибн Убайдуллоҳ ҳижрий 82-санада 60 ёшда вафот этди.

Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин ва қилган эҳсонларининг ажрини зиёда қилиб берсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Дўстмуҳаммад Насриддинов домланинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Дўстмуҳаммад давоми...

7795 16:20 / 21.02.2018
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби имомларидан энг улуғи, Ислом миллатининг фақиҳи Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг саксонинчи йили Ироқнинг Куфа шаҳрида туғилганлар. Бир давоми...

5887 22:16 / 27.04.2017
Уларнинг қисқача таржимаи ҳоли ва илмий фаолияти билан таништирамиз. Устоз Миср Араб республикаси, Қоҳира шаҳрида истиқомат қилади. Қоҳира университети усулид давоми...

2584 18:58 / 15.11.2022
Бу киши Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг оталаридирАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон келтирганлар Биз сизларга ризқ қилиб давоми...

2928 10:00 / 03.05.2021