1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳазратнинг кўз қувончлари

19:02 / 01.10.2021 2630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб бордилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, кўнгилхушлик бўлдими? Чунки ансорийларга кўнгилхушлик қилиш ёқади», дедилар». Бошқа ривоятда: «Чилдирма чалиб, қўшиқ айтадиган қиз ҳам юбордингларми?» деганлар. Оиша онамиз: «У қиз нима деб айтади, эй Аллоҳнинг Расули?» деганлар. Шунда у зот биздаги «ёр-ёр»га ўхшаш байтларни айтганлар». Бу ҳадисни ҳар сафар ўқиганимда, кўз олдимда Ҳазратим гавдаланадилар. Ҳар доим тўй маросимлари, саёҳатлардан қайтишимиз билан мени олдиларига чақириб, нималар бўлганини сўрар, мен эса у ерда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни айтиб берар эдим. Агар хурсанд бўлиб қайтган бўлсак, у киши ҳам хурсанд бўлар, агар кўнглимиз тўлмаган бўлса-ю, мен нолиб, шикоят қиладиган бўлсам: "Чатоқ бўлибди-да", дея бизга қўшилиб ғамгин бўлиб қолар эдилар. Зиёратларига келганимизда биз билан алоҳида суҳбат қурар эдилар. Икир-чикир нарсаларгача эринмай сўрардилар.

Ҳазратим муфтий бўлган пайтларида жажжигина қизалоқ эдим. Одина опамдан кейин анча йил ўтиб туғилганим, оиланинг кенжаси бўлганим сабаб, мен билан ёшимга яраша муомалада бўлар, мени кўришлари билан кулиб, эркалатар эдилар... Ҳожи она эса буларнинг барчасига Собирахон бувимга ўхшаганим учун: "Қуйиб қўйгандек ойимларга ўхшайсан-а", деб эркалатар, "Оналарига ўхшаганинг учун сени бошқача яхши кўрадилар, сени кўрсалар, хурсанд бўлиб кетадилар", дер эдилар.

Акам билан опам мендан анча катта бўлгани, Ҳазратнинг ишларига анчагина дастёр бўлиб қолгани учун уларга жиддий муносабатда бўлар, буюрган вазифаларига нисбатан талабчан эдилар. Ҳузурларида қўл қовуштириб, ҳаяжон билан туришарди. Аммо мен дадажонимнинг эркалари, кенжатойлари, кўз қувончлари эдим.

Онамнинг айтишларича, дадажоним қиз болани барака дер эканлар. Оилада биз – қизлар туғилганимизда жуда хурсанд бўлган эканлар. Мен туғилганимдан кейинги ишларни мулоҳаза қилиб, “Оминахоннинг қадами қутлуғ келди. У туғилгандан кейин бизга улуғ сафар насиб қилди. Мўътабар ерларда яшадик. Акаси, опаси илм олишди. “Тафсири ҳилол” ва “Ҳадис ва ҳаёт” китоблари ёзилди”, дер эканлар. Тўйимга тараддуд кўрилаётган кунларда, тўй кунлари, ҳадялар, йўқловлар келганида ҳам: “Аллоҳнинг фазли, қолаверса, қизимнинг баракотидан”, деб қўярдилар.

Хоҳ бирор юмуш бўлсин, хоҳ ўқиш ёки имтиҳон бўлсин, ҳеч бир ишни Ҳазратимдан дуо олмай бошламас эдим. Аллоҳ таолонинг инояти билан дуолари қабул бўлар, ишларимнинг ҳаммаси ўнгидан келар эди. Бирор нарсадан хафа бўлиб, йиғласам, йиғлашимни тақлид қилиб ўзимга кўрсатиб берар эдилар.

Зиёратларига аёллар келишса (одатда аёллар билан кўришмас эдилар), уйдагилар буни Ҳазратга айтишни сансолар қилишиб, охири "Сенга хўп дейдилар" деб, бу "масъулиятли" ишни менга юклашар эди. Қабул кунлари эрталабдан қабулхоналарини тозалашга тушиб кетардим. Баъзан қабул вақти тугагач, баъзан эса маросимлардан қайтгач, мени секингина ёнларига чақириб, ёнларидан пул олиб, "Мана бу сенга", деб узатардилар, хурсанд бўлганимни кўриб, ўзлари ҳам менга қўшилиб хурсанд бўлиб кулар эдилар.

Ливияда ўқиб юрган кезларим кунда-кун ора телефон қилиб, ҳол-аҳволимни, ўқишларимни сўраб турар эдилар. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам бу одатларини тарк этмадилар. Айниқса, набиралари туғилгандан кейин ҳар куни хабар олишни канда қилмас эдилар. Доимо биринчи бўлиб набиралари ҳақида сўрардилар. Ҳазрат уни Муҳаммад Саид деб исмини айтмас, туғилиши биланоқ "Бабақ", деб эркалардилар. Ҳатто вафот этадиган кунлари ҳам эрталаб қўнғироқ қилган эдилар. Мен вақтида жавоб қила олмаган эдим ва бу мен учун афсус бўлиб қолди.

Дадажоним, бу мусибат Аллоҳнинг иродаси, буни инкор қилмайман. Бироқ сизга тўймадим, вафот этганингизга ҳали ҳам ишонгим келмайди. Лекин Аллоҳимдан тинимсиз илтижо қиламан, охиратда сиз билан бирга бўлиб, дийдорингизга тўйишни насиб этсин.

                                                                                                                                                              Оминахон Муҳаммад Юсуф

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Марказий Осиёнинг етук уламоси, Қирғизистоннинг биринчи муфтийси бўлган Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов 1940 йил 10 июль куни Фарғона вилоятининг Янгиобод қишлоғида давоми...

2533 19:12 / 23.11.2022
Беназир имом, ҳофиз Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али ибн Рустам Бухорий Калободий. 323 йилда таваллуд топганлар.Калобод ndash Бухоро давоми...

2329 13:30 / 13.06.2021
Ибн Ақийл шундай деган .Умримнинг бирор соатини зое қилиш мен учун ҳалол бўлмайди. Ҳатто қачон тилим музокара ё мунозарадан бўшаса, кўзларим мутолаадан чарчаса, давоми...

2301 19:00 / 29.11.2020
Аббосийлар халифаси Ҳорун ар Рашид саройдан узоқроқда бўлганида ўша даврнинг улуғ инсонларидан бири бўлган ҳамда халифанинг маслаҳатчиси ҳисобланган Баҳлул давоми...

3285 20:00 / 28.07.2022