1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Умарали эшон – Нақшбандия тариқатининг олим ва мударриси (биринчи мақола)

09:00 / 11.10.2021 2402 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақола Учкўприк тумани, Яккатут қишлоғида жойлашган Умарали эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг раҳнамоларидан бири Умарали эшон Абу Бакр ўғлининг ҳаёти ва мураббийлик фаолияти илк марта тадқиқ қилинган.

Ҳаётлари

Биз ушбу мақолада XIX асрнинг иккинчи ярми, XX асрнинг 20-йилларида яшаб ўтган қўқонлик нақшбандия тариқатининг пир-муршидларидан бири Умарали Эшон ҳаёти ва фаолияти тўғрисида дастлабки маълумотларни беришга журъат қилдик.

Ўз замонасининг муршиди бўлган Ҳазрат Умарали Эшоннинг мақбаралари Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Яккатут қишлоғида жойлашган. Нақшбандия тариқатининг пири комили, олим ва мударриси сифатида танилган Умарали Эшон ибн Абубакр тахминан 1830 йили Қўқон шаҳрининг Дегрезлик мавзесига қарашли Яланғоч ота маҳалласида таваллуд топди. Отаси Абубакр Эшон асли хўжандлик бўлиб, йигитлик чоғларида Қўқонга келиб, «Халфа домла», «Хаким ҳалифа» номлари билан машҳур бўлган Муҳаммад Ҳаким ибн Баҳоуддин Эшон Ҳазратлари (1815-1896) билан бир мадрасада илм таҳсил қилганлар ва у кишининг сингиллари билан турмуш қурганлар. Мана шу никоҳдан Умарали эшон дунёга келганлар.

Умарали болалигидан ғоят зийрак, илмга салоҳиятли ва хушрўй эди. Буни сезган отаси фарзандининг тарбияси ва таълим олишига қаттиқ эътибор берган. Умарали 6 ёшга тўлганида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган ҳофизи Қуръон бўлган. 7 ёшга кирганларида масжид хонақоҳида Хатми Қуръонга имомликка ўта бошлаган. У дастлабки диний таълимни отаси Абубакр Эшондан олади. Сўнгра Қўқон шаҳридаги «Мадрасаи Мир» ва «Абдужалил халифа» мадрасаларида таҳсилни давом этиради. У ерда араб, форс ва туркий тилларнинг сарф ва наҳвини мукаммал эгаллайди. Бу мадрасаларда толиби илмлар диний ва дунёвий илм олиш билан биргаликда тариқат кўрсатмалари ва ундаги йўналишлар борасида ҳам билим олишар эди. Умарали Эшон мадрасалардаги таҳсилни тамомлагач, ўз ҳаётини тасаввуфга бахш этади ва Марказий Осиёда машҳур бўлган Сўфи Бадал Эшон ва Абдулҳаким Эшон даргоҳларига боради. У ерда шариат ва тариқат илмларини ўрганиб, илму ирфонда камолга етади.

Сўфи Бадал ва Абдулҳаким Эшон ҳазратлари Умаралига «Халифа» унвонини бериб, иршоднома (йўл– йўриқнома, диплом, йўлланма) битиб берадилар. Иршодномада “Қашқар қишлоқлик Умаралига” ёзилганлигининг сабаби айни иршод берилган пайтларда у киши шу номли қишлоқда яшар эдилар. (Қашқар қишлоқ ёки Қурбонқашқар Учкўприк туманида жойлашган). Умарали эшон бир мунча муддат оталарининг хонақоҳларида яшаб, одамларни ҳақ йўлга солиш, шогирд – мурид тарбиялаш билан шуғулланади.

Муршидлик мақомлари

Тарихий манбаларга кўра, 1850 йилларда Қўқон хонлигида қипчоқ аҳолиси билан маҳаллий аҳоли ўртасида фитна пайдо бўлиб, шу жумладан, уламолар, тасаввуф вакиллари ҳам қипчоқ фитнасига қарши чиқадилар.

1852 йили мингбоши вазифасида турган қипчоқ элатига мансуб Мулла Холбек бунга жавобан, баъзи уламо ва суфийларни пойтахтдан узоқлаштиради. Шу тариқа Умарали Эшон ҳам дастлаб «Қашқар» қишлоғига кейин эса «Яккатут» қишлоғига кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Куёвлари Дадахон Маҳдум шундай хотирлайди:

«Мулла Умарали Охунд (қайноталари) етук олим ва фозил инсон бўлганлар, шогирдларидан бир неча муфти, қози ва олимлар чиққан. Улар абул маъоний Мавлоно Собитхон тўра ибн Файзхон ва Дадахон қори Суҳайлий Намангонийлардир».

Дадахон қори Суҳайлий ўз устозининг вафотига атаб марсия ёзган. Қуйида мазкур марсиядан энг муҳим жиҳатларини келтириб ўтамиз.

Офтоби шариати набавий,

Дину миллатни бадри табони.

Қутби зуҳҳоду ашрафи уламо,

Домла Умар охунди Намангоний.

Соф дил, покрў, салиму-т-табъ,

Соҳиби фазлу жуду эҳсони.

Зикри авроди, ҳар ибодати

Эрди элдин ҳамиша пинҳоний.

Хосу ом ичра хўб эди машҳур,

Гарчи қилган билан ўзин фоний.

Шарифу лутфу файзи суҳбатидан,

Баҳраёб эрди кўп мусулмони.

Ушбу мисраларда Умарали эшоннинг инсоний фазилатлари, софдил, тақволи, ибодатли, илм–маърифатли инсон бўлганликлари эҳтирос билан баён қилинган. У Машраб, Сўфи Оллоёр, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Навоий ва Фузулийларнинг асарларини яъни, шеру ғазал ва рубоийлари ҳамда қитъа, ҳикматларини диққат билан ўрганганини унинг мутолаа қилган китобларидан билишимиз мумкин.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил илмий тадқиқотчи.

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, фақиҳ, Насаф қозиси, улуғ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож Насафий. Насаф .Нахшаб, ҳам дейилган.Қутайба ибн Саъид, Жуббора ибн Муғаллис, давоми...

2593 17:00 / 14.03.2021
Абу Исҳоқ Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Мен баъзи китобларда Луқмони Ҳаким ҳақларида ушбу ҳикояни ўқидим .У киши ўғилларига .Эй ўғилчам, албатта, у давоми...

3412 10:00 / 24.12.2022
ndash Муҳтарам муфтий Қайта қуриш, янгича тафаккур шарофати туфайли мамлакатимизда содир бўлаётган хушбахт ўзгаришлардан яхши хабардорсиз. Шууримизга муҳрланиб давоми...

2306 16:49 / 03.05.2024
Имом, муҳаддис Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо Бухорий Малоҳимий.Найсобур ва Бағдодда .Рафъул ядайн, ҳамда .АлҚироату халфал имом, китобларини давоми...

1988 11:23 / 13.09.2021