1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаё ва хижолатнинг фарқи

16:00 / 14.03.2023 4863 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. У бошқа бир биродарига ҳаё ҳақида гапираётган эди. Яъни, “кўп ҳаёли бўлиш ҳам керак эмас”, деяётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

“Уни ўз ҳолига қўй. Ҳаёдан фақатгина яхшилик келади!”.

Кўпчилик инсонлар “ҳаё” билан “хижолат бўлиш”нинг орасини аралаштириб юборишади. Уларни битта нарса деб ўйлашади. Аслида эса улар орасидаги фарқ ер билан осмон қадардир. Ҳаё мақтовли хулқдир. Хижолат бўлиш эса ёмон хулқдир. У шахсиятнинг заифлигидир.

Ҳаё буюк хулқ бўлиб, у диндаги салобатдан келиб чиқади. Яъни, ҳаёли инсон барча қилмишини Аллоҳ кўриб тургани учун Ундан ҳаё қилади. Ҳаё ҳақида айтилган энг гўзал жумла қуйидаги жумладир:

“Ҳаё бошни пастга тушириш ёки юзнинг қизариши эмас. Ҳаё бу Аллоҳ сени қайтарган нарсаларида топмаслиги, амр қилган нарсаларида йўқотмаслигидир!”.

Ҳаёнинг натижаларидан бири қалбнинг юмшоқлиги ва табиатнинг ёқимли бўлишидир. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга биргина сўз билан бўлсада азият бермасликка ундайди. Ҳаёли инсон сўзларини бошқаларга азият бермаслиги учун танлаб-танлаб гапиради. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга нисбатан бурчларини бажаришга ундаб туради.

Ҳаё пайғамбарлар хулқидир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчаклардан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирор нарсани ёқтирмасалар буни юзларидан билса бўлар эди!”.

Ҳаё Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. Ҳадисда келади: “Роббингиз ҳаёли ва сахийдир. Бандасининг Ўзи томон дуо қилиб чўзилган қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади!”.

Ҳаё фаришталар хулқидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақларида: “Фаришталар ҳам ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайми?!”, деганлар.

Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир. Ҳадисда: “Иймоннинг етмишдан ортиқ шохлари бор. Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир!”, дейилади.

Хижолат қилиш эса ёмон хулқдир. Зеро, инсон у билан ўзини бошқалардан паст ҳисоблайди, бошқалар олдида ўзини нуқсонли ҳис қилади. Ўзига ишонмаганидан кишилар олдида ўзини одамови сезади. Хижолат бўлишнинг энг ёмон тури инсоннинг ўз ҳаққини талаб қила олмаслиги, ўзини ҳимоя қила олмаслигидир. У буни ҳаё қилиш деб ўйлайди. Аслида эса у хижолат қилиш ва қўрқоқликдир.

Бу иккаласининг орасини яхши ажратиб олишимиз лозим. Ана шунда ҳаёни мақтаб, ҳаёли инсонни шижоатлантирамиз, хижолат бўлишни муолажа қилиб уни тугатамиз.

Болаларимиз хижолат бўлганида хурсанд бўлмаслигимиз лозим. Уни одобнинг юқори чўққиси деб ўйламаслигимиз керак. Улар хатарли касаллик билан касаллангандир. Уни даволамасак катта бўлганида хижолат бўлиш уларнинг ҳаётини барбод қилади.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юсуф алайҳиссалом воқеаларини Қуръони Карим орқали яхши биламиз. У зот катта синовга мубтало бўлдилар ва ўша синов натижасида у зотнинг қалбларида гуноҳнинг давоми...

1680 13:11 / 01.11.2025
Қуйида тартиб билан келтирилган фарзлар нималардан иборат эканини ҳар бир эркагу аёл, оқил ва болиғ мусулмон билишга ва уларга амал қилишга бурчлидир. Авваллари давоми...

1935 09:20 / 11.12.2025
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида саҳобалар билан биргаликда Маккага кириб, Каъбани тавоф қилаётган эканлар. Уйқудан тургач, давоми...

3369 10:08 / 17.12.2024
Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт ndash уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганликларидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни давоми...

2262 15:07 / 26.12.2024