1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Руқя

13:00 / 04.01.2022 21215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуни бош қилиб бир жойга қўшин жўнатдилар. Улар қайтаётиб араб маҳаллаларидан бирида тўхтаб ўтишди. У маҳалладагилардан жой сўрашди. Улар жой беришмади. Шунда у маҳалланинг бошлиғини бир нарса чақиб олди. Улар саййидларини даволаб кўришди, аммо фойдаси бўлмади. Шунда улардан бири: «Анави келганлардан сўраб кўринглар, шояд бирор манфаат чиқар!», деди.

Улар қўшиннинг олдига келишиб дейишди:

- Бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Даволашга ҳаракат қилдик, аммо қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Сизларда бирор нарса борми?

Шунда мусулмонлардан бири туриб деди:

- Аллоҳга қасамки, ҳа! Мен унга руқия ўқиб қўяман. Аммо биз сиздан меҳмон қилишингизни сўрадик, сизлар меҳмон қилмадинглар. Менга эвазини бермагунингизча бошлиғингизга руқя ўқимайман!

Улар бошлиқлари агар оғриқдан қутилса бир сурув қўй беришларини айтишди. Ҳалиги киши туриб уларнинг бошлиғига етти марта фотиҳа сурасини ўқиди. У ҳеч нарса кўрмагандек оғриқдан қутилди. Буларга бир сурув қўй беришди. Саҳобалардан баъзилари: «Қўйларни бўлиб олайлик!», дейишди. Руқя ўқиган киши: «Йўқ, ундай қилманглар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтайлик. У киши нима десалар шуни қиламиз!», деди.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бўлган воқеани айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам руқя ўқиган кишига қараб:

- Фотиҳанинг шифо эканлигини қаердан билдинг? Уни тақсимланглар, менга ҳам улуш ажратинглар!- дедилар.

Араблар саховат билан танилишган. Шунинг учун қўрқоқ ва бахилни ҳурмат қилишмайди. Аммо ҳар қанақанги қоиданинг истисноси бўлганидек, уларда ҳам бахиллар учраб туради. Юқоридаги қавм шунақа бахиллардан экан. Олдин ҳам инсонлар орасида бахиллар бўлган. Мусо ва Хизр алайҳиссаломлар бирга бир қишлоққа бориб овқат ва жой беришларини сўраганларида қишлоқ аҳли уларга жой ҳам, бир қултум сув ҳам беришмаган.

Қуръон қалблар ва жисмлар учун шифодир. У қалбларни шубҳалар ва шаҳватлардан даволайди. Таналарни иллатлардан тузатади. Фотиҳа сурасига ўхшагани олдинги бирор пайғамбарга берилмаган. Юқоридаги қавмнинг бошлиғи Аллоҳнинг изни билан соғайди.

Биз ҳам Қуръон оятлари билан даволанишимиз керак. Бу дегани, моддий дориларни, шифокорларни ташлаб қўйиш керак, дегани эмас. Бунинг тамоман аксини қилишимиз лозим. Яъни, олдин шифокорга бориб унинг кўрсатмаларини олиб, уларга амал қилишимиз керак. Дори ва шифокорни сабаб деб билишимиз лозим. Булар фойдани ҳам, зарарни ҳам фақатгина Аллоҳнинг изни билан бера олишади холос. Қуръон билан шифокорлар тавсия қилган дорини бирга ишлатиш аввалгилар фиқҳи ҳамда борлиқдаги Аллоҳнинг қонунини яхши англашдир.

Бу ҳадисдан руқя учун ҳақ олишнинг дурустлиги келиб чиқади. Йўқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга уни олмасликни айтар, ундан ўзларига улуш олмас эдилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан беҳожат эдилар. Булар бари шариат қонунларини бизга англатиш учундир. Аммо эваз олишдан ўзини беҳожат билган инсон олмаса ўзининг иши.

Бу қиссадан яна саҳобаларнинг ҳар бир ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб қилганларини билиб оламиз.

Бизнинг ҳам ҳаётимиз шариат меъёри ҳамда саҳобалар парҳезкорлигига мувофиқ бўлганида яхши бўлар эди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдураҳмон розияллоҳу анҳу Абу Бакр Розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғли бўлиб, жоҳилият даврида уни АбдулКаъба дейишар эди. Оиша розияллоҳу анҳо ва Абдураҳмон давоми...

4628 19:26 / 21.04.2017
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

3541 09:01 / 27.12.2021
иккинчи мақола . . Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1605 16:05 / 26 январь
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқадиШу пайт давоми...

5828 14:31 / 21.04.2022
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021