1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тилингизга эҳтиёт бўлинг!

15:00 / 16.01.2022 3735 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу қўли шол бўлиб қолган кекса кишини кўриб, ундан "Қўлингга нима бўлди?" деб сўрадилар. У "Отам жоҳилият даврида "Қўлинг шол бўлсин!" деб дуоибад қилгандилар. Шундан кейин шол бўлиб қолган" деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Умар розияллоҳу анҳу "Оталарнинг жоҳилият давридаги дуоси шундай бўлса, Исломга кириб, мусулмон ҳолда қилган дуоси қандай экан-а?!" дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ. Ота-онанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.

Ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси ижобат бўлиши ушбу ҳадисда баён этилмоқда. Демак, ота-оналар фарзандларини нима деб дуо қилсалар, дуои хайрми ёки дуоибадми, ижобат бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзандлари ҳаққига дуоибад қилишдан сақланиб, хайрли дуо қилишлари лозим.

لَا تَدْعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ وَلَا تَدْعُوا عَلَى أَوْلَادِكُمْ وَلَا تَدْعُوا عَلَى أَمْوَالِكُمْ لَا تُوَافِقُوا مِنْ اللَّهِ سَاعَةً يُسْأَلُ فِيهَا عَطَاءٌ فَيَسْتَجِيبُ لَكُمْ

“Ўзингизни қарғаманг, болаларингизни ҳам қарғаманг, молингизни ҳам қарғаманг! Аллоҳ таолодан сўралган нарса сўссиз бериладиган вақтга мувофиқ келиб қолиб, дуоингиз ижобат бўлиб қолмасин тағин…” (Муслим ривояти).

Шундай вақтлар бўладики, унда Аллоҳ таоло биз бандаларининг сўраганимизни ато этади, дуоларимизни ижобат қилади. Бомдод вақти киришидан олдин, азон ва иқомат ўртасида, Жумъа кунида, Қуръони Карим тиловатидан сўнг, ибодатдан сўнг, ота-онанинг, мусофирнинг, мазлумнинг дуо қилаётган пайти каби лаҳзаларда дуолар ижобат бўлишидан умид қилинади. Шунинг учун ҳар қандай вақтда ҳам тилдан фақат яхши гапларни чиқариш, дуолар қилиш, гуноҳ, дуоибад бўладиган лафзлардан тийилишимиз даркор.

Биродарлар! Фарзандларимизнинг бирор аъзосига нуқсон етишига сабаб бўлмайлик, тилимизни тузатайлик! Болаларимизни дуоибад қилмайлик, тағин қилган дуоимиз ижобат соатига мувофиқ келиб, ижобат бўлиб қолмасин!

Аллоҳ раҳмат қилгур каттаямла (онажонимнинг оналарини каттая дердик) бирор набираларига танбеҳ бермоқчи бўлсалар, "оғзингга палов" дердилар. Ҳатто бир-биримизни сансираб чақиришимизга қарши эдилар. Агар акамизними ёки укамизними, бирорта кишини бўлса ҳам, сансирасак, "тавба қилинг, кечирим сўранг" дердилар.

Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни мағфират этсин, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган.Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, давоми...

4851 10:00 / 21.02.2022
Қавминг янги мусулмон бўлмаганида... Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳижри Исмоил ҳақида сўрадилар Эй Аллоҳнинг Расули У ҳам давоми...

2278 15:14 / 30.06.2025
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига .сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, давоми...

1239 14:13 / 10.07.2025
Барчамиз гуноҳ қиламиз. Агар шу гуноҳ ва маъсиятларимизни тарк этсак, қуйидаги фойдаларни қўлга киритамиз1. Мурувватнинг тикланиши.2. Обрўнинг сақланиши.3. Молнинг давоми...

2754 09:00 / 29.12.2021