1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Иймондан айрилишдан ҳам катта зиён борми?

19:00 / 18.01.2022 3970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوَاْ إِن تُطِيعُواْ الَّذِينَ كَفَرُواْ يَرُدُّوكُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ فَتَنقَلِبُواْ خَاسِرِينَ

«Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз». (Оли Имрон сураси, 149-оят).

Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мунофиқлар мусулмонларга:

«Агар у ҳақиқий пайғамбар бўлганида, бу мусибат етмас эди. Ҳали ҳам бўлса, қайтинглар», – дейишган.

Шундан кўриниб турибдики, кофир ва мунофиқлар Уҳуд жангида етган мусибатдан мусулмонларни Аллоҳнинг динидан қайтариш учун фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Шу боис ҳам, Аллоҳ таоло ушбу оятда мўмин бандаларига хитоб қилиб, кофирларнинг гапига кирмасликка чақирмоқда:

«Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар».

Яъни, «Уларнинг гапига кирсангиз, сизни иймон ва Исломдан яна куфр ва ширкка қайтарадилар.

«Бас, зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз».

Иймондан айрилишдан ҳам катта зиён борми? Исломни тарк этиб, жоҳилиятга қайтишдан ҳам катта зиён борми?! Хўш, кофирларнинг гапига кириб, улар томон қайтишдан мақсад нима? Турмушда улардан ёрдам ва ҳимоя сўрашми?

بَلِ اللّهُ مَوْلاَكُمْ وَهُوَ خَيْرُ النَّاصِرِينَ

«Йўқ! Аллоҳ Хожангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг энг яхшисидир!» (Оли Имрон сураси, 150-оят).

Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз У Зотдир.

Кейинги оятда мўминлар қалбига таскин берувчи сўзлар келади:

سَنُلْقِي فِي قُلُوبِ الَّذِينَ كَفَرُواْ الرُّعْبَ بِمَا أَشْرَكُواْ بِاللّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَمَأْوَاهُمُ النَّارُ وَبِئْسَ مَثْوَى الظَّالِمِينَ

«Тезда куфр келтирганларнинг қалбларига, Аллоҳга Ўзи у ҳақида ҳеч қандай ҳужжат нозил қилмаган нарсаларни шерик қилиб олганлари учун қўр¬қувни солурмиз. Уларнинг жойи оловдир. Золимларнинг турар жойи қандай ҳам ёмон!» (Оли Имрон сураси, 151-оят).

Агар мўминлар ҳақиқий иймон эгалари бўлсалар, улар ҳар қачон кофирлар билан тўқнашганларида, Аллоҳ таоло кофирлар қалбига қўрқувни солиб қўяди. Чунки кофирлар ҳужжатсиз, қувватсиз, имконсиз нарсаларга таянадилар. Бут, санам, шахс, тузум ёки фолбинларни ўзларига ақийда қилиб олганлар. Асоси пуч бўлганидан кейин дарров оёғи қалтираб қолиши турган гап. Фақат мўминлар иймонларида содиқ қолиб, ўзларидаги ҳақда маҳкам турадилар, бас, Аллоҳ ваъдасига вафо қилиб, кофирларнинг қалбига қўрқувни солади ва улар мағлуб бўладилар. Бу иш кофирларга бу дунёда куфрлари сабабидан етадиган азоблардан биридир. У дунёда эса:

«Уларнинг жойи оловдир».

Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун улар бу жазога муносибдирлар.

«Золимларнинг турар жойи қандай ҳам ёмон!»

Улар ширк келтириш билан жуда ҳам катта зулм қиладилар. Бундай катта ва ёмон зулм қилганлар, албатта, энг ёмон жойга лойиқдирлар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар ва насоролардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга давоми...

2014 19:00 / 14.01.2025
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ва Мусога китобни бердик ва уни .Мендан ўзгани вакил тутманглар, ndash дея Бану Исроилга ҳидоят қилиб давоми...

2119 19:00 / 20.12.2023
Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай марҳамат қилади .Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. давоми...

4350 11:59 / 27.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ башар учун китобни, ҳукмни ва нубувватни берганидан сўнг у одамларга .Аллоҳни қўйиб, менга давоми...

2956 19:50 / 26.10.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021