1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Фузул иттифоқи

10:53 / 30.01.2022 2866 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги ёшлик пайтларини эслаб шундай дейдилар:

«Амакиларим билан Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир иттифоқнинг гувоҳи бўлганман. Унинг бадалига менга қизил туя беришларини ҳам истамас эдим!».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутган иттифоқ Фузул иттифоқидир. Бунинг ҳикояси қуйидагича:

Ямандаги Зубайд қабиласидан Маккага бир киши сотиш учун ўзининг молини олиб келади. Ундан молни Ос ибн Воил сотиб олади. Аммо Ос айтилган пулни ҳалиги Яманликка бермайди. У киши қурайшнинг катталарига шикоят қилади. Аммо улар Ос ибн Воилнинг ҳурмати баландлиги учун Яманликка ёрдам беришмайди. Шунда ҳалиги Яманлик киши Абу Қубайс тоғига чиқиб шундай деб шеър ўқийди (насрий маъноси):

«Одамлардан ҳайронман! Киши Маккадан узоқда, қариндошлари ва яқинларидан айро ҳолда молидан ажралиб қолди. У эҳромли ва сочлари тўзиган ҳолатда эди. Умрасини ҳам адо қилмаган эди. Ҳижр ва ҳажарул асвад орасида туриб қолди. Масжидул ҳаром буюкларникидир. Бу масжид фосиқ ва ғаддор кишиларники эмас!».

Унинг бу шикояти ва фарёдини биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Зубайр бин Абдулмуттолиб эшитди. Бу амакилари Ислом келишидан олдин вафот қилган эди. Зубайр одамларга: «Бу мусофирга ёрдам бермасдан ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз биз учун айбдир!», деди. У одамларни Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида жамлади. Улар ана шу ерда Фузул иттифоқини тузишди. Улар Маккада мазлумнинг ҳаққини бировда қолдирмасликка ўзаро аҳд қилишди. Сўнг биргалашиб бориб Ос ибн Воилдан унинг ҳаққини олиб беришди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик бу иттифоқ ҳақида: «Исломда ҳам бунга ўхшаган нарсага чақирилганимда албатта ижобат қилар эдим!», деган эдилар.

Бунинг маъноси шу эдики, Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон бўлмаган жамоа мазлумга ёрдам беришларини сўрашганида ҳеч бир тараддудсиз уларнинг талабига ижобат қилган бўлар эдилар.

Бу қиссадан шуни билишимиз мумкинки, арабларда жоҳилият даврида ҳам гўзал хулқлар бўлган. У хулқларни Ислом ҳам мақтаган. Ислом жоҳилият давридаги ширкни, рибони, қотилликни, қизларни тириклайин кўмишни ва фитрат ва ахлоққа зид бўлган барча нарсаларни бекор қилди. Аммо улардаги гўзал ахлоқларга тегмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўзал хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим!», деган эдилар. Бу дегани, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлган вақтларида ҳам гўзал хулқлар арабларда бор эди. Мўъмин киши ғайридинларда кўрган гўзал хулқни эътироф қилса бу айб бўлмайди. Бу адолат бўлади!

Мардлик ва гўзал хулқларга барча пайғамбарлар даъват қилишган. Аммо мусулмон бўлмаган кишиларда ҳам мардлик ва гўзал хулқлар бўлиши мумкин экан. Бу иш соғлом фитратдан. Бу фитратни эса Аллоҳ таоло яратган. Аслида эса мусулмон инсоннинг номард ва бузуқ хулқли бўлиши ажабланарлироқдир!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсонга умри давомида китобдан содиқроқ дўст топилмаса керак. Китоб гапирмайди, лекин сизга жуда кўп нарсани ўргатади. Бу борада уларни ўзига хос устоз дейиш ҳам давоми...

4571 09:23 / 28.01.2024
Нокианинг Майкрософтга сотилиши эълон қилинган мажлисда Нокианинг ижрочи раҳбари шундай деб йиғлаган эди.Биз хато қилмадик, аммо қандайдир сабаб билан зиёнга давоми...

2869 16:00 / 24.08.2023
Аллоҳ таоло жин ва инсонларни яратишдаги мақсадни баён этиб, шундай марҳамат қилади.Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим, Зарийат сураси, давоми...

6600 18:08 / 01.07.2017
ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ 1ҚИСМЗинонинг ҳаром эканиЗино луғатда фужурrdquo, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. давоми...

52347 10:58 / 19.09.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021