1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Фалакиёт илмини Коперникка нисбат берувчилар билиб қўйсин!

11:30 / 22.03.2022 2960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёга машҳур аллома Абу Райҳон Беруний раҳматуллоҳи алайҳининг турли аниқ тажрибавий илмлар бўйича ёзган китобларидан қирқ бештаси фалакиёт илмига бағишланган.

Америка қитъаси борлигига илмий-назарий ишора қилган олим ҳам Абу Райҳон Беруний бўлиб, Коперникдан қарийб беш юз йил илгари оламнинг маркази ер эмас, қуёшдир, деган илмий хулосани айтган. Шунингдек, ер қуёш атрофида айланишини биринчи бор тасдиқлаган олим ҳам Абу Райҳон Беруний ҳисобланади. Бу илмий ҳақиқатларни, Абу Райҳон Берунийдан беш юз йил кейин туғилганларга нисбат бериш ҳақиқатнинг қайси кўчасига тўғри келишини бир ўйлаб қўйиш керак.

Мусулмонлар ичидан чиққан фалакиёт илми олимлари ва уларнинг кашфиётлари ҳақида қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Гапнинг қисқаси, Мусо ибн Шокир, унинг уч ўғли, Абу Машъар ал-Балхий, Собит ибн Қурра, Насириддин Тусий ва бошқа кўплаб олимларимиз бошқа илмлар қатори фалакиёт илмини ҳам бошқа халқларга, жумладан, ғарб халқларига ўргатганлар. Лекин тарихни яхши билмайдиган кимсалар фалакиёт илмини Коперникка нисбат бериб юрибдилар, холос.

Дунё халқларининг кўплари осмон жисмларига «Худо ёки унга тегишли аскарлар», деган назар билан қараб турган бир пайтда мусулмонлар Қуръони Карим оятларидан руҳланиб, фалакиёт илмига асос солдилар.

Бошқа барча илмлар қатори фалакиёт илмидаги кашфиётларга ҳам мусулмонларни Ислом таълимотлари чорлаган. Бир гуруҳ фалакиёт илми мутахассислари ўз касбларига оид бир китобни музокара қилиб ўтиришганда диний уламолардан баъзилари ўтиб қолиб: «Нима қиляпсизлар?» деб сўрабдилар. Шунда фалакиётчилар: «Аллоҳ таолонинг «Назар солмайдиларми?! Туянинг қандоқ халқ қилинганига?! Осмонни қандоқ кўтарилганига?!» деган оятининг шарҳини ўрганмоқдамиз», деб жавоб берган эканлар. Фалак илми ҳақидаги китобларнинг аввалида бу илм осмондаги нарсаларни ўрганиш орқали Аллоҳнинг Биру Борлиги, қудрати чексизлигининг ақлий исботига олиб борувчи илм экани таъкидланади.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар бу илмга катта эътибор берганлар. Уни ўрганишга талаб кучли бўлганидан мусулмон оламининг Самарқанд, Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Фас, Тулайтила, Қуртуба ва бошқа кўпгина шаҳарларда шу илмга хос ўқув юртлари ишлаб турган.

Шу билан бирга, кўплаб расадхоналар барпо этилган ва муваффақият ила илмий изланишлар олиб борилган. Мазкур расадхоналардан баъзиларини эслаб ўтишимиз ҳам мумкин. Халифа Маъмуннинг Бағдодда битта, Дамашқда битта расадхонаси бўлган. Икки халифа Азиз Биамриллаҳ ва Ҳоким Биамриллаҳлар Қоҳирада биттадан иккита расадхона қурганлар. Буюк ватандошимиз Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонаси, Хулагухоннинг Мурғонадаги расадхонаси, ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ўша пайтларда мусулмонлар ичидан бутун дунёга донг таратган буюк фалакиёт олимлари етишиб чиқди. Ана ўша улуғ мусулмон олимлар ичида бизнинг ватандошларимиз ҳам борлиги, уларнинг етакчи ўринларни эгаллаганликлари бизнинг фахримиз.

Дунёда энг кўп донг таратган мусулмон олимларидан Мирзо Улуғбек асос солган расадхона оддий расадхона эмас, балки буюк франсуз тарихчиси Волтер таърифланганидек, фалакиётшунослик академияси эди. У ерда бу илмга тегишли турли маълумотлар йиғилиб, олимлар кенг миқёсда илмий баҳслар олиб бордилар. Расадхонада ишлатиладиган асбоблар яратилди.

Улуғбекнинг «Зижжи Кўрагоний»си фалакиёт илмидаги нодир асардир. Унинг бу соҳада етишган натижаларига ҳозирги энг тараққий этган асбоблар билан қуролланган фалакиёт олимлари ҳам кўп нарса қўша олганлари йўқ.

Иккинчи бир ватандошимиз Аҳмад Фарғоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам фалакиёт бўйича оламшумул кашфиётлар қилди. У ернинг думалоқ шаклда эканини кашф қилгани, қуёш тутилишини биринчи марта олдиндан ҳисоблаб чиқиб айтгани бутун дунёда маълум. Аҳмад Фарғоний қуёшнинг ва юлдузларнинг ҳаракат йўналишини энг аниқ белгилаб, ернинг мустақим чизиғи узунлигини биринчи бўлиб аниқлаган олимдир. У юлдузларнинг ораларидаги масофани ва уларнинг ҳажмини аниқлаб тузган жадвалдан барча фалакиётшунослар, жумладан, овруполиклар илми фалак «асосчиси» деб юрадиган Коперник ҳам фойдаланган.

Аҳмад Фарғонийнинг кўплаб илмий асарларидан бири бўлган «Жавомеъу илмин нужум» китоби лотин тилига бир неча бор таржима қилинган. У кишини ғарбликлар «ал-Фраганус» деб атайдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаИслом барча самовий динларнинг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан, деб эълон қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.У сизга диндан Нуҳга давоми...

2645 19:30 / 20.08.2019
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди.Аделарднинг асарларидан яхшигина хабардор бўлган Морлалик Дениэль ўзининг Париж сафари ҳақида ҳикоя қилади .У ердаги давоми...

2076 12:05 / 08.01.2024
Аллоҳ таоло инсонни фақат моддий манфаатлар орқасидан қувадиган ёки фақат руҳий ибодатлар билан машғул бўладиган қилиб яратгани йўқ. Балки, ҳар икки тарафга ҳам давоми...

2271 09:00 / 20.08.2021
Биринчи башоратАллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Биз китоб берган кишилар яҳудий ва масиҳийлар уни Муҳаммад алайҳиссаломни худди болаларини давоми...

5590 10:08 / 29.10.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021