1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Инсоний фитрат

17:00 / 03.04.2022 2821 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-бидая ван ниҳая» номли китобида келтиради:

«Жуъайф Самарқандий Аббосий халифалардан бўлган Мўътазиднинг дўсти эди. Бир куни у халифа билан овга чиқди. Улар қўшиндан анча узоқлашиб кетишди. Иккови ёлғиз эди. Уларнинг олдидан шер чиқиб қолди. Шунда халифа Жуъайфга деди:

- Эй Жуъайф! Бугун сенда яхшилик борми?

Яъни, халифа бу гапи билан «бугун мени қутқара оласанми шердан?», демоқчи бўлди.

Жуъайф деди:

- Аллоҳга қасамки, йўқ эй мўъминлар амири!

Халифа деди:

- Ҳеч бўлмаганда тушиб олишим учун отимни ушлаб турарсан?!

- Майли!

Халифа отидан тушди ва қиличини яланғочлади. Шер унга ҳужум қилди. Халифа қиличи билан шернинг қўлига урди, шернинг қўли кесилиб кетди. Шер қўли билан овора бўлиб қолди. Шунда халифа унинг бошига уриб ўлдирди.

Жуъайф айтади:

«Мен халифа билан умрининг охиригача бирга бўлдим. У шерни ўлдирганини бирор кишига айтмади, мақтанмади. Мен нимадан ажабланишни ҳам билмайман. Халифанинг шижоатиданми ёки унинг ўз қаҳрамонлигини нишонламаганиданми?! Ҳатто мен унга ёрдам бермаганим учун ҳам у мени койимади. Аллоҳга қасамки, у мени бирор марта юзимга солмади!».

Шуни билишимиз лозимки, инсонлар мусулмон бўладими, кофир бўладими, бой бўладими, фақир бўладими барибир инсонлик қафасидан чиқиб кета олишмайди. Ҳатто башариятнинг энг тозаси бўлган пайғамбарлар ҳам ҳаётларида, инсоний ҳис-туйғуларда бошқа инсонлар каби бўлишган.

Мусо алайҳиссалом сеҳргарлар арқон ва таёқларини ерга ташлаганда қўрқиб кетган эдилар. Чунки у киши Набий бўлиш билан бирга инсонлар. Аллоҳ билан гаплашиб қавмлари олдига қайтиб келганларида уларнинг бузоққа ибодат қилаётганини кўриб ғазаблари қўзиб кетди. Таврот ёзилган лавҳларни ерга ташлаб юбориб биродарлари Ҳорун алайҳиссаломнинг соқолларидан тутдилар. Чунки у киши ҳам гўшт ва қондан иборат инсондирлар!

Ғарқ бўлаётган кофир ўғилларини кўриб Нуҳ алайҳиссаломнинг қалблари парчаланди. Чунки у киши Набий бўлиш билан бирга ота ҳам эдилар!

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳимни, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни, завжалари Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳони йўқотганларида йиғладилар. Чунки у кишига ҳам суюкли кишиларини йўқотиш оғриқ берар эди!

Кишиларга мана шу ўлчов асосида муомала қилишимиз керак. Улар аввало инсон!

Аёл кишида Қоруннинг мулки бўлсада, у суюкли ёри ҳадя қилган оддий гулдан хурсанд бўлади. Уни сотиб олишга кучи етмаганидан эмас, балки бир нарсага молик бўлиш ундаги шодлик ва қувончга ҳам эга бўлиш дегани эмаслигидан.

Аёл киши қанчалар катта мансабга ўтирмасин эркакнинг ғамхўрлигидан, соғинчла унинг қўлини ушлашидан, ширин сўзидан беҳожат эмас. Чунки аёл ҳам, эркак ҳам мансабдор бўлишидан олдин инсондир!

Инсон бутун бир халқ устида ҳукмрон бўлсада, фарзандга эҳтиёжи бор. Зеро, бу инсоний фитрат ва эҳтиёждир.

Инсонлардан фаришта бўлишни талаб қилмаслигимиз лозим. Чунки биз модомики инсон эканмиз, қўрқамиз, ғазаб қиламиз, синиб қоламиз, муҳаббатни йўқотиб қўямиз, рози бўламиз, кечирамиз, куламиз, йиғлаймиз. Шундай экан, инсонлигимизча яшашимиз керак. Шуни унутмайликки, биз муомала қилаётган атрофимиздаги инсонлар ҳам инсон!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жамиятда олий маълумотли, олий даражали шахслар борки, барчалари институт ёки университетларда таҳсил олишган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, биринчи университет давоми...

2563 15:30 / 24.12.2021
Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш .нифоқ, сўзи ичи давоми...

15041 23:55 / 13.05.2017
Ким айбдорАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсинСарлавҳадаги давоми...

4077 05:00 / 06.03.2017
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят тушган. Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

4619 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021