1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Жаннатдан тўсувчи амал

14:31 / 21.04.2022 5827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар:

- Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқади!

Шу пайт ансорлардан бир киши чиқди. Унинг соқолларидан таҳоратининг сувлари оқиб турар эди.

Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:

- Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқади!

Яна кечаги ансорий кириб келди.

Учинчи куни бўлганда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқади!-дедилар.

Масжидга яна ўша ансорий кириб келди!

Масжиддан тарқалгач, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўша ансорийдан сўради:

- Мен отам билан хусуматлашиб қолдим. Уч кеча унинг уйига кирмасликка қасам ичдим. Шу уч кунда сеникида қолсам бўладими?

Ансорий:

- Марҳабо! Хуш келибсан!-деди.

Абдуллоҳ унинг уйида уч кун турди. Ансорий кечаси ҳам, кундузи ҳам бирор-бир ортиқча нафл ибодат қилмади. Фақатгина кечаси уйғонганида Аллоҳни зикр қилиб қўяр эди. Токи муаззин бомдодга азон айтгунича ана шу ҳолатда тонг оттирди. Сўнгра туриб бомдодни ўқиди!

Уч кун ўтганидан сўнг Абдуллоҳ унинг қиладиган амалларини оз деб ўйлади ва ансорийга деди:

- Мен билан отам ўртасида ҳеч қандай хусумат ва келишмовчилик бўлмаган эди. Аммо уч кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!», дедилар. Ўша уч кунда ҳам сен кириб келдинг. Сен бунга нима билан эришганингни билмоқчи бўлдим!

Ансорий деди:

- Кўриб турганингдек ортиқча амалим йўқ. Аммо менда мўъмин-мусулмонларга нисбатан ғаш-алдов йўқ, Аллоҳ уларга берган нарсаларда қалбимда ҳасад йўқ!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу унга деди:

- Сен мана шу амалинг билан жаннатга эришгансан. Биз тоқат қила олмайдиган нарса ана шу!

Қалбингизни ислоҳ қилинг. Ана шунда фарзлардан бошқа ибодатлар қилмасангиз ҳам сизга зарар бермайди. Инсонларнинг бошига келган нарса қалбларининг хароблигидан келгандир!

«Аммо менда мўъмин-мусулмонларга нисбатан ғаш-алдов йўқ!».

Яъни, муомалада ростгўйлик, савдода ростгўйлик, маслаҳатда ростгўйлик, насиҳатда ростгўйлик...

Ҳадисда келади: «Ким бизни алдаса биздан эмас!».

«Аллоҳ уларга берган нарсаларда қалбимда ҳасад йўқ!».

Ширкдан кейин қалбдан жой оладиган энг ёмон нарса ҳасаддир. Ҳасад Аллоҳга қилинган биринчи гуноҳдир. Иблиснинг Одам алайҳиссаломни ёмон кўриб қолишига, Аллоҳ унга Одам алайҳиссаломга сажда қилишни амр қилганида сажда қилмаганига сабаб ҳасаддир! Ўшанда у ўзини Одам алайҳиссаломдан афзал деб ўйлаган, бу мақомга ўзини муносиб деб билган эди!

Аллоҳ сизга берган нарсага қаноат қилинг, кишиларнинг энг бойи бўласиз. Бошқаларнинг қўлига қараманг. Агар бошқаларга берилган неъматларга қарайверсангиз ўзингизга берилган неъматларга шукр қилиш учун вақт топа олмай қоласиз.

Ҳадислардан бирида: «Ҳасаддан сақланинглар! Чунки ҳасад олов ўтинни егани каби яхшиликларни еб битиради!», дейилади.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳл ибн Адий Кирмон томон юрди. Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Атабонни унга мададга юборди. Улар бориб, Кирмонда форсларнинг катта кучлари давоми...

1121 13:50 / 29.04.2025
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар .Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у давоми...

2662 11:00 / 10.05.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига тонг ёки кечқурунда бориб турар эдилар. Кунларнинг бирида одатларига хилоф ўлароқ давоми...

1552 11:23 / 23.08.2025
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

5647 19:35 / 21.04.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021