1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръони Каримни ўқийлик ва тинглайлик!

11:00 / 07.05.2022 4162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим – Аллоҳ таолонинг бандаларни ожиз қолдирувчи, тиловати ибодат ҳисобланган, барча замонлар ва маконларда инсониятга дунёю охират саодат йўлини кўрсатиб берувчи Каломидир! Аллоҳ таоло Қуръони Каримни тиловат қилишни, оятлари маъносини тадаббур, тафаккур этишни биз бандаларига амр қилган.

У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا

“Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил сураси, 4-оят)

Роббимиз яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَىٰ قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا

“Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Ёки қалбларида қулфлар борми?” (Муҳаммад сураси, 24-оят)

Қўлингни Мусҳафи Шарифдан узоқ тутадиган бўлсанг, ҳаёт «қўли» сенинг бўғзингдан тутади.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

«Мусҳафимиз устида чанг йиғилгани миқдорича қалбларимизда ғамлар тўпланади».

Уйингдаги Қуръони Каримнинг усти чанг бўлиб, телефонинг экрани чанг бўлмаётган бўлса, катта зиёнга учрабсан. Телефон экранига қадалган кўзларингни Қуръон саҳифаларига йўналтир! Эсингни йиғ! Қуръони Каримни қўлга ол! Қуръон Охиратда ё фойдангга ёки зарарингга ҳужжат бўлишини унутма!

Қуръон ўқиётган пайтингизда:

• икки кўзингизга қараш савобини;

• икки қулоғингизга эшитиш савобини;

• тилингизга нутқ қилиш савобини;

• қўлларингизга Мусҳафни вароқлаш савобини берасиз.

Учта тижорат зарар кўриш нималигини билмайди:

1. Қуръон қироати.

2. Намоз.

3. Инфоқ.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар».

(Фотир сураси, 29-оят).

Роббимиз, шунингдек, биз бандаларига Қуръони Карим тиловатини жим туриб тинглашни ҳам амр қилган.

У Зот Қуръони Каримда бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят)

Қуръони Каримни тинглашдан олдин тинглайдиган сурангизнинг тафсирини, маънолар таржимасини ўқиб чиқинг!

Қуръонни ўқиб, маъноларини тушуниш учун Тафсири Ҳилол, Тафсири Ирфонни ўқиб, ўша маънолар ҳақида тафаккур қилган инсоннинг қалби яхши томонга тез ўзгаради.

Тафаккур қилиб, қалбида ўша маъно жо бўлгандан кейин ўша оятларнинг тиловатини кўзни юмиб эшитилса, катта ўзгариш бўлади.

Кейин кўзингизни юмиб, диққат билан тингланг!

Иложи бўлса, Маҳмуд Халил Ҳусорий, Абдулбосит Абдуссамад, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Моҳир Муайқилий, Саъд Ғомидий, Мустафо Исмоил, Мишарий Рошид Афасий, Аҳмад Ажмий, Идрис Абкар каби қориларнинг ўқиганларидан тингланг.

Тинглаш олдидан биров ҳалақит бермайдиган шароит қилиб олинг, токи хушуъ тарқалиб кетмасин!

Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилинг! Ўқиган тафсир китобидаги маълумотларни кўз олдингизга келтиринг!

Инша Аллоҳ, қалбингизда туғилганингиздан бери туймаган лаззат ва хотиржамликни, ҳайбат ва қўрқувни ҳис этасиз!


عن عثمان -رضي الله تعالى عنه- قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ( خيركم من تعلم القرآن وعلمه ) أخرجه البخاري 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Салафи солиҳларимиз ушбу ва бошқа ҳадисларга амал қилиб, Қуръонни ўқишга, ўқитишга, оятлари устида тафаккур, тадаббур қилишга жуда катта эътибор берардилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Бақара сурасини 8-9 йилда ёд олганлари, ҳар бир оятга амал қилиб ёдлаганлари учун шунча кўп вақт кетгани асарларда келган.

Биз ҳам Қуръони Каримни кўпроқ ўқийлик, оятларининг маъносининг таржимаси борасида тафаккур қилиб, қалбимизни поклашга уринайлик! Зеро, Қуръони Карим фақат ўлганларнинг руҳи шод бўлиши учун ўқиладиган китоб эмас, у аввало биз тирик мусулмонлар ўқиб, амал қилишимиз учун нозил қилингандир.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада барчамизга мадад берсин! Қуръони Каримни ўқиб, ўрганиб, тиловат қилиб, тиловатини тинглаб, амал қилишимизни барчамизга насиб этсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бошланғич мактабни битириб, таҳфиз курсига келганди. Оиласи Фотимани ўз хоҳиши билан келганини айтишди. Рўйхатга олиш учун исмини сўраганимда Фотима деди. У ҳеч давоми...

4651 20:05 / 05.09.2019
Аллоҳ таоло бизга ато этган ҳайит байрамларимиз ҳақида ўйлаб кўрганмизми Ушбу байрамларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар давоми...

5387 08:00 / 02.05.2022
Дунё бўйлаб ҳидоят истаганлар Ислом сари талпинмоқдалар.Бугунги кунда Ислом дини ва мусулмонларни ёмон отлиқ қилиш урфга айланиб бормоқда. Оммавий ахборот давоми...

3638 12:00 / 14.01.2019
Роҳиба ndash художўй, таркидунё қилган зоҳида аёл деган маънода ишлатиляпти.Абулфараж ва бошқаларнинг ривоят қилишича, Маккада бир гўзал аёл яшарди. Бир куни у давоми...

3423 08:00 / 30.12.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021