1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Яхшиликнинг ниҳояси йўқ

09:00 / 04.06.2022 2963 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салим ибн Жобир Ҳужаймий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

- Аллоҳга тақво қилгин! Идишингдаги сувни бошқанинг идишига бўшатиб бериш, биродарингга очиқ юз билан гапириш каби бўлсада, яхшиликлардан бирор-бир ишни кичик санама. Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир. Уни Аллоҳ яхши кўрмайди. Агар бир киши сени сендаги биладиган нарсаси ила айбласа сен уни ундаги биладиган нарсанг билан айблама. Уни ўз ҳолига қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкиб ҳақоратлама!

Яхшиликни кичик ҳисобламанг. Сизни қайси амалингиз жаннатга олиб киришини билмайсиз!

Оддийгина мушук ўтиб кетиши учун машинангизни тўхтатиб туришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияни қўлидан тутиб йўлдан ўтказиб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Ногирон инсоннинг ногиронлик аравачасини етаклашингиз ҳам яхшиликдир. Кўчада ишлаб юрган ишчига бир идишчада сув беришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияга оғирлик қилиб турган юкини унинг қўлидан олишингиз ҳам яхшиликдир. Бир эр-хотиннинг ўртасини яраштириб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Хотинингизнинг айбларини кўрмасликка олишингиз ҳам яхшиликдир. Фарзандларингизни кечиришингиз ҳам яхшиликдир. Қўшнингизга бирор нарса ҳадя қилишингиз ҳам яхшиликдир. Бир беморнинг даволаниши учун ёрдам беришингиз ҳам яхшиликдир!

Яхшиликнинг ниҳояси йўқ. Холиққа олиб борадиган йўлнинг сони халойиқнинг нафаси миқдоричадир. Олдида шунча кўп йўл бўла туриб ундан юрмаганлар нақадар бахтсиздир!

Ахлоқингиз учун инсонларни мезон қилиб олманг. Менга яхшилик қилса мен ҳам унга яхшилик қиламан, деманг. Агар ёмонликка ёмонлик билан жавоб бераверсак ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир ажиб хулқ бор. Унинг номи «ўзни баланд тутиш»дир. Ҳеч кимга сизни ўзининг ахлоқи даражасига туширишига рухсат берманг. Ҳар қандай жанжалга аралашаверманг. Олдингизда пайдо бўлиб қолган ҳар-бир урушга қатнашаверманг. Кундалик ҳаётимиздаги кўп жанжаллар арзимас мақсадлар учун бўлади. Унда ғалаба қозонсангизда, ғолиб бўла олмайсиз. Аммо мағлуб бўлсангиз мағлубият аламини тортасиз. Ўз ахлоқидан воз кечган киши билан тенглашиш учун биз ҳам ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!

Ақлли инсон ўзи учун баҳо деб фақатгина жаннатни билади. Жаннатга олиб бормайдиган ҳар қандай муаммони қўйинг. Ана шунда натижа қандай бўлмасин сиз ғолиб бўласиз. Банда биродарини авф қилса Аллоҳ унинг иззати ва қудратини зиёда қилади!

Кунлар айланаверади. Охирида барибир ҳақ соҳиблари ғолиб бўлишади. Ботил эгалари мағлуб бўлишади. Бу нарса заминдаги Аллоҳнинг қонунидир. Юсуф алайҳис саломни қудуққа ташлаган қўллар куни келиб у кишидан егулик сўраб чўзилган эди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жинни, ёлғончи деганлар Фатҳ кунида раҳм қилишларини сўраб «Сен олийжаноб кишининг ўғли олийжаноб кишисан!», дейишган эди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кун тарихига қарайдиган бўлсак, 26 июнь халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни. Ёдимга келгани, мактабда ўқиб юрган пайтларимизда ҳам шу кун муносабати билан давоми...

1657 11:35 / 12.10.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан давоми...

3540 12:30 / 20.01.2022
Сенегал давлатидаги Ислом тарихи 1000 йилдан ортиқ бўлиб, 913 асрларда Ғарбий Африканинг кичик давлатларидан бири бўлган Текрур қироллигидан келиб чиққан. Унинг давоми...

2364 11:02 / 21.06.2022
Бу воқеа араб мамлакатларидан бирида содир бўлган. Эридан учта гўдаги билан тул қолган Ҳалима исмли аёлнинг аҳволи танг бўлиб қолди. Бир амаллаб кун кўриб давоми...

6024 13:37 / 22.09.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021