1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Устозига ибрат бўлган Тедди

17:00 / 07.06.2022 6845 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи синф муаллимаси бир куни ўқувчи шогирдларига: «Мен сизларни ҳаммангизни яхши кўраман», деди-да, бир ўқувчининг исмини бу рўйхатга киритмади. У ўқувчи доим кийимлари кир, ўзлаштириши пассив, одамови бўлган Тедди исмли бола эди. Муаллиманинг яхши кўрадиганлар қаторига Теддини қўшмаслигининг сабаби, уни бир йил давомида кузатганлиги эди. Шу муддат ичида Тедди болалар билан ўйнамас, кийимлари кир, доим ҳаммомга эҳтиёж сезадиган ва тушкун кайфиятда юрарди.

Бир куни муаллимадан барча ўқувчилар ҳақида аввалги тўрт йил давомидаги устозлар томонидан билдирилган фикрлар қайдномасини кўриб чиқиш сўралди. Қайдномалар орасидаги Тедди ҳақида билдирилган фикрларни ўқиган муаллима даҳшатдан қотиб қолди. Чунки Тедди ҳақида ижобий фикрлар қайд этилган эди.

Жумладан, биринчи синф устози у ҳақида шундай қайд этган эди: «Тедди фавқулодда закий бола, у ишини ниҳоятда эътибор билан ва тартибли равишда бажаради».

Иккинчи синф устози у ҳақида шундай қайд этган эди: «Тедди ақлли, фаросатли, синфдошлари томонидан севилган ўқувчи, лекин онаси саратон касаллигига чалингани учун безовта».

Учинчи синф устози Тедди ҳақида шундай ёзган: «Онасининг вафоти унга қаттиқ таъсир қилди. У бор имкониятини ишга солди. Лекин отаси унинг онасини сақлай олмади... »

Тўртинчи синф устози у ҳақида шундай қайд этган: «Тедди одамови ўқувчи, ўқишга рағбати йўқ, дўстлари ҳам йўқ. Дарс пайтида ухлайди».

Муаллима Томпсон хоним Теддидаги муаммо нима эканлигини англаб етди ва ўзининг қилган ишидан уялди. Унинг Тедди ҳақидаги фикрлари шогирдлар билан дарсдан ташқари учрашувда яна ҳам яхши томонга ўзгарди.

Ўша куни ўқувчилар муаллимага чиройли, гулқоғоз билан қадоқланган совғалар олиб келдилар. Фақат Тедди ундай совға олиб келмади. У устозига кичик бир халтачага солинган ҳадя берди. Муаллима Томпсон хоним Теддининг ҳадясини очиб қараганда, юрак-бағри эзилди. Бошқа ўқувчилар эса у ҳадяни кўриб мазах қилиб кулдилар. Совға қилинган халтача ичида кўпи ишлатилиб оз миқдорда қолган атир ҳамда эски мунчоқ бор эди. Муаллима Теддининг совғаси ёққанлигини айтиб, ташаккур билдиргандагина ўқувчилар кулишдан тўхтадилар. Муаллима дарҳол мунчоқни бўйнига тақиб, бояги атирдан либосига сепиб олди. Ўша куни Тедди дарсдан сўнг уйига кетмай устозини чиқишини кутиб турди. Устози чиққач: «Сизнинг ҳидингиз бугун онамнинг ҳидларига ўхшаяпти», деди. У гапни эшитган устоз ҳўнграб йиғлаб юборди. Чунки Тедди унга онаси фойдаланган атирни ва тақиб юрган мунчоғини олиб келган эди. Шунинг учун ҳам у устозига «Сизнинг ҳидингиз бугун онамнинг ҳидларига ўхшаяпти» деб айтган эди.

Ўша кундан бошлаб, устози унга алоҳида эътибор қарата бошлади. Теддининг ўқишга бўлган иштиёқи жўшиб, аввалги фаоллиги яққол сезилди. Йил охирига бориб, Тедди синфдаги энг аълочи ўқувчи бўлди. Ўқув йили якунига етиб, дарслар тугаган кунларнинг бирида муаллима Томпсон хоним ўз хонаси эшигида бир қоғоз қистириб кетилганини кўрди. У қоғозни Тедди қолдириб кетган бўлиб, унда шундай жумлалар бор эди: «Сиз мен ҳаётимда учратган энг афзал устозсиз!»

Муаллима ушбу қоғоздаги мактубга қуйидагича жавоб ёзди: «Қандай қилиб яхши муаллима бўлишни менга ўргатган, сенсан!»

Орадан йиллар ўтиб, бир куни муаллима бир олийгоҳнинг тиббиёт факультетидан ўша йилги битирувчи талабаларнинг битирув оқшомига таклифнома қабул қилиб олди. Таклифноманинг остида «Ўғлингиз Тедди», деган имзо бор эди. Муаллима битирув кечасига ўша мунчоқни тақиб, ўша атирдан сепиб борди. Маросимда муаллиманинг либосидан Теддининг онасининг ҳиди таралиб турарди.

Орадан яна тўрт йил ўтди ва яна бир хат келди. Хатда бу сафар Тедди бакалавр даражасини олгандан сўнг, узоқроққа боришга қарор қилганини тушунтирган эди. Мактубда Томпсон хоним ҳалигача унинг энг яхши ва энг севимли устози эканлиги айтиб ўтилган эди. Фақат Теддининг имзоси бу сафар узунроқ эди: «Т.Д. Теодор Ф. Стоддард».

Воқеа бу билан тугамайди. Ўша баҳорда муаллимага яна бир хат келди. Унда Тедди орзусидаги қизни учратганини ва оила қурмоқчи эканлигини ёзган. У отасининг бир неча йил олдин вафот этганини Томпсон хонимга тушунтирди ва одатда никоҳ тўйида куёвнинг онаси учун ажратиладиган жойда ўтиришга устозидан розилик олди.

Тўй куни Томпсон хоним ўша мунчоқни тақиб, атирдан сепиб Теддининг никоҳ тўйида онасининг ўрнида она бўлиб иштирок этди. Маросимда доктор Стоддард устози Томпсон хонимнинг қулоғига пичирлади: «Раҳмат, миссис Томпсон, менга ишонганингиз учун. Менга ўзимни муҳим эканлигимни ҳис қилдирганингиз учун, ҳаётимда бирор нарсани ўзгартиришим мумкинлигини кўрсатганингиз учун сизга катта раҳмат».

Томпсон хоним кўзларида ёш билан жавоб қайтарди: «Тедди, сен ҳаммасини нотўғри тушундинг. Сен менга бу дунёда ниманидир ўзгартиришим мумкинлигини ўргатгансан. Сени учратмагунимча мен қандай ўргатишни билмас эдим».

Ҳар бир устоз шогирдларининг ҳаммасини бирдек севиши, мабодо улардан бирортасини ёқтирмаса ҳам буни очиқ айтмаслиги керак. Акс ҳолда бу иш ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир қилиши ва муваффақиятсизлигига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар бир устоз барча ўқувчиларига ўзини яқин тутиб, муомала қилса, ўқувчилар унинг фанини яхши кўриб ўзлаштирадилар. Бу асосан, бошланғич синфларга дарс ўтадиган устозларга тегишли.

Сиз ўша Тедди кимлигини биласизми?

У саратонни даволаш бўйича дунёга машҳур шифокор, Тедди Стоддартдир. У АҚШнинг Айова штати маркази бўлмиш Дес Мойндаги касалхонанинг саратон бўлимида ишлайди.

Фойдаланилган манбалар:

«Роваиъ ул ҳикам», яъни Ҳикмат дурдоналари

«Қаҳватул қурро», яъни Ўқувчилар қаҳваси

sajjadi.livejournal.com

almrsal.com

ru.wikipedia.org

m.msry3net.com

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобирдан, баъзи нусхаларда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Ким сиздан Аллоҳ номи ила паноҳ давоми...

3609 05:00 / 02.03.2017
Бизнингча икки услубдан қайси бирини ихтиёр қилиш имкони бўлса, лаҳад услуб афзал кўрилиши биз мусулмонларга хослиги, бошқа миллатлар эса шаққни ихтиёр давоми...

7103 05:00 / 02.03.2017
Исломий одобларнинг бош хусусиятини уларнинг илоҳий манбадан экани ҳақидаги маълумотлар орқали юқорида кўриб ўтдик. Ана шу ҳолатдан келиб чиқиб, бу одобларнинг давоми...

4778 05:00 / 04.03.2017
У Кўрфаз давлатларидан бирида йигирма йилдан кўпроқ масжидда имомлик қилиб, ватанига, Мисрдаги кичик қишлоғига қайтишга қарор қилди.Қишлоққа келиб Аллоҳ насиб давоми...

2807 11:00 / 25.01.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021