1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Исҳоқ махдум

14:00 / 21.07.2022 2466 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртимизда Ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган маърифатпарвар олим, диний ва дунёвий илмлар билимдони ҳамда тарғиботчиси, дин ва жамоат арбоби Исҳоқ махдум Мулла Солиҳ охунд афанди (Мулла Сотти охунд) ўғли 1911 йили Наманган вилояти, Янгиқўрғон ноҳияси, Шўркент қишлоғида таваллуд топди.

Исҳоқ махдум арабий, туркий хат саводни қиблагоҳидан ўрганади. Аввалига Умар охунд (Умарча) қори домладан дарс олишни бошлайди. Кейинчалик машҳур мударрис ва ҳофизи Қуръон Абдулғофур махдум (Ғофир қори)дан Қуръондан сабоқ олади ва ўспиринлик давридаёқ ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишади.

Илм йўлида бардавом бўлган Исҳоқ махдум 1946 йилда Бухорода очилган Мир Араб мадрасасининг илк талабаларидан бўлиб, 1957 йилда биринчи битирувчиларидан бўлди. Мадрасани тугаллагач, Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги масжидларда, хусусан, Наманган шаҳридаги «Шайх Эшон», Тошкент шаҳрининг Қорасув мавзесидаги «Жўрабек», Сирдарё вилоятидаги «Гулистон» жомеъ масжидларида ва Ўш, Асака, Қўқон, Уйчи ва Чустдаги масжидларда узоқ йиллар имом хатиблик қилган.

 

 

Мир Араб мадрасасини тамомлаганлик ҳақида шаҳодатнома. 1958 йил.

Юртимиз мустақилликка эришгач Наманганда «Мулла Қирғиз» мадрасаси очилди, Исҳоқ махдум умрининг охиригача шу ерда Қуръони Карим ва тажвид фанидан таълим бериб, кўплаб қориларни тарбиялади.

Исҳоқ махдум билим олишга барчани тарғиб этиб, динимиз кўрсатмалари ва шариат аҳкомларини халққа етказишда кўп жонбозлик кўрсатди. Кўп йиллик имом-хатиблик фаолиятида таъсирли ваъз ва насиҳатлар қилиб, илмий мақолалар ёзиб халқимизга етказди.

Устоз Исҳоқ махдум етук олим, маҳоратли мударрис, шоир ва гўзал хулқ соҳиби эди. У ислом одоби ва тарихига доир бир неча илмий асарлар ёзди. Махдум ҳазратларининг «Тафсир ул-калом ва одоб ут-таом» (Қуръон тафсири ва овқатланиш одоблари), «Мажмуат ул-ахлоқ мин таълифи қори Исҳоқ» (Қори Исҳоқнинг чиройли хулқлар борасидаги китоби) номли асарлари бор. «Ғароиб ул-ахбор» (Қизиқарли хабарлар) номли асарида эса кўплаб маълум ва машҳур зотлар тўғрисидаги қимматли маълумотлар жамланган.

 

Илмий анжуман иштирокчилари.

Исхоқ махдум Наманган шаҳрининг тарихига бағишлаб каттагина мақола ёзади, кейинчалик бу изланишлари «Тарихи Намангон» асарига асос бўлади. Мазкур китобда тарихий воқеалар, географик номлар, туманлар тарихига доир бой маълумотлар ҳамда Наманган вилоятида 1980 йилга қадар охирги 250 йил мобайнида яшаб ўтган уламо ва фузалолар ҳамда шоирлардан 100 га яқини ҳақидаги маълумот жамланган. Китобнинг қўлёзмаси Исҳоқ махдумнинг авлодлари қўлида сақланиб қолган.

Исҳоқ махдум мумтоз адабиётни билимдони, ўзи ҳам аруз вазнида шеърлар битадиган шоир эди. Бу кишидан бир қанча ғазаллар, мухаммаслар, саёҳатномалар, яқинлари вафотига бағишлаб ёзилган марсиялар мерос қолган. Юқорида номлари келтирилган манбалар нашр этилмаган, қўлёзма ҳолида турибди.

Исҳоқ махдум 1956 йили илк бор муборак ҳаж сафарига бориб, Аллоҳнинг фарзини адо этган эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида (1992 йил) иккинчи маротаба бу муборак ибодатни адо этди.

Махдум ҳазратлари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ҳам фаол қатнашган. Жамоат ва дин арбоби сифатида кўплаб халқаро конференциялар, йиғин ва мажлисларда иштирок этган. Имом Бухорий, имом Термизий таваллудларига бағишланган илмий анжуманлар ҳамда 1986 йил Бокуда бўлиб ўтган «Ислом дини ва ҳозирги замон» мавзусидаги халқаро илмий анжуман ана шулар жумласидандир.

Мулла Исҳоқ махдум кўп йиллар эл-юрт ва дин хизматида ҳаёт кечириб, 1994 йил 15 июнь куни Наманган шаҳрида вафот этдилар. У киши «Мавлавий» қабристонига дафн этилди.

Исҳоқ махдум домла Ҳалимахон ойим (1920-2004) Муҳаммад Олим қизлари билан турмуш қурганлар. Бу бахтли оиланинг 2 ўғил, 2 қиз фарзандлари бор. Ўғиллари Юсуфхон (1952) ва Юнусхон (1956) лар.[1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 



[1] .Йўлдошхўжаев. И.Қайюмова. Ўзбекистон уламолари. — Т.; Movarounnahr, 2015. Б. 323.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз тилга олмоқчи бўлган Исмоил Махдум мулла Солиҳ Охунд афанди ўғли милодий 1909 йил Наманганда таваллуд топганлар. Бошланғич таълимни қиблагоҳларидан, давоми...

2999 13:30 / 21.05.2022
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин, вассалоту вассалому аъло хайри халқиҳи Муҳаммад ва аъло олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Азиз давоми...

2146 13:40 / 20.05.2024
биринчи мақолаПешво, имом, ориф, зоҳидлар саййиди Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Ижлий бошқа ривоятда Тамимий Хуросоний Балхий.Шомда давоми...

2563 13:00 / 14.02.2021
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий 1114 ҳ.й.нинг 14 шавволида пайшанба куни Деҳлидаги Пухлат қишлоғи Музаффарнагар маҳалласида таваллуд топган.Унинг тўлиқ исми mdash Аҳмад давоми...

5049 22:00 / 27.04.2017