1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунларининг рўзасини тутиш

11:30 / 06.08.2022 2871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.

Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:

«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.

«Қачон Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.

Мен:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай қилиб тутар эдиларми?» дедим.

«Ҳа», деди у».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Бу ривоятда Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундай эканлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак, яхши бўлар, деган умиддамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.

Одамлар:

«Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар.

Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудий ва насороларнинг Ашуро кунини улуғлашларини эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаган ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дийн эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб, Муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунининг эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи кунининг рўзасини ҳам тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари келгуси йилнинг Ашуро куни келмасидан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.

Лекин гаплари ўз кучида қолди. Барча мўмин-мусулмонлар у зотнинг айтганларини қилиб, Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатландилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.

Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.

Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.

Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари, яъни, тўққизинчи кунни, сўнг ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро сўзининг луғавий маъноси «ўнинчи кун» эканлигини аввал ҳам айтиб ўтдик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Кўз тегмасин, деб чақалоқларнинг қўлига кўзмунчоқ тақиб қўйиш бидъат эканлигини биламан. Лекин дуо, оятлар ёзилган тумор тақиб юриш мумкинмиЖавоб давоми...

4966 18:02 / 04.11.2018
Ёлғон қасам ичиш. ndash Савдо молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичиш энг катта гуноҳлардан биридир. . ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

4425 09:10 / 23.11.2023
Қози Шурайҳ айтадилар .Менга битта мусибат етса, Аллоҳ азза ва жаллага тўрт маротаба ҳамд айтаманБиринчиси ndash бундан ҳам каттароқ мусибат етмагани учун ҳамд давоми...

4609 08:30 / 22.01.2019
Тарихда ўтган шундай аёллар борки, уларнинг баъзилари эрлари билан, баъзилари фарзандлари билан ва яна бошқалари оталари билан машҳур бўлишган. Аммо сиз ҳеч давоми...

3566 20:01 / 14.08.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021