1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ҳикмат мўъминнинг излаган нарсасидир

14:00 / 28.02.2023 2634 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк тобеъин Абдуллоҳ ибн Муборак бир маст кишининг шеър ўқиётганини эшитиб қолди:

«Ишқ мени хорлади. Мен хор бўлдим.

Менинг ишқим тушганга етишадиган йўл йўқ!».

Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак ёнидан қоғоз чиқариб сархуш кишига жавоб ёзмоқчи бўлди. Шунда ёнидаги кишилардан бири унга деди:

- Бир маст кишига ҳам жавоб ёзаверасизми?!

Абдуллоҳ ибн Муборак деди:

- Гоҳида чиқиндихонада гавҳар ҳам бўлиши мумкин!

Ҳикмат мўъминнинг излаган нарсасидир. Қайси идишдан чиқса уни олаверади. Ҳатто душмани айтса ҳам уни олаверади. Ботил гапни дўстимиз айтса ҳам қабул қилмаймиз-ку!

Биз бу сайёрада ёлғиз эмасмиз. Башарият қанчалар инкор қилишга уринмасин, барча бир оиладир. У ерда, бу ерда ўқиймиз. У билан, бу билан муомала қиламиз. Оқил инсон асаларига ўхшаб гул қаерда унса ҳам унга қўнаверади!

Ғарб адиблари жуда ажойиб ва гўзал гапларни гапиришган. Жоҳилият давридаги шоирларнинг ажойиб ҳикматлари бор.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Зуҳайр ибн Аби Сулмонинг шеърларига қизиқар эди. Уни жоҳилиятдаги киши демас эди. Унинг ҳикматларидан баҳра олар, ширкини тарк қилар эди. Чунки дин ва эътиқодда мухолиф бўлган кишининг яхши фикрларини олиш, унинг дини ва эътиқодини олиш дегани эмас.

Бошқаларнинг қобилиятини тан олиш Набийлар хулқидир. Мусо алайҳиссалом биродарлари Ҳорун алайҳиссаломни эътироф қилиб: «Унинг тили мен(инг тилим)дан фасоҳатлироқ!», деган эдилар.

Ўзгаларнинг хислатини тан олмаслик Иблиснинг хулқидандир. Иблис Аллоҳга Одам алайҳиссаломни кўрсатиб: «Мен ундан яхшироқман!», деган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатлари шу даражага етдики, ҳатто ҳақ гапни шайтон гапирганида ҳам уни тасдиқладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни садақага қоровул қилиб қўйганларида Абу Ҳурайра овқат ўғирлаётган бир кишини тутиб олди. Уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб бормоқчи бўлганида у фақир ва серфарзанд эканлигини айтиб зорланди. Абу Ҳурайра унга раҳми келиб қўйиб юборди.

Аммо бу иш эртаси куни ҳам такрорланди. Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаги асиринг нима бўлди?», деб сўрар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса: «У энди келмаслигини айтиб ваъда берди!», дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У сени алдабди, яна келади!», дер эдилар. Учинчи куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уни яна тутиб олди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бораман, сен келмайман деб яна келаяпсан, деганида у деди:

- Мени қўйиб юборсанг сенга бир калима ўргатаман. Аллоҳ у калима туфайли сенга манфаат беради!

- Нима экан у калима?

У деди:

- Тўшагингга кирганингда оятул Курсийни ўқигин. Ана шунда сенинг олдингга Аллоҳ томонидан бир ҳимоячи келади. Тонггача сенга шайтон яқинлаша олмайди!

Бу гапни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганида шундай дедилар:

- Ёлғончи бўлса ҳам аммо рост гапирибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми?

- Йўқ!

- У шайтон эди!

Буларнинг баридан олинадиган хулоса шуки, барча ҳақ қабул қилинади. Барча ботил рад қилинади. Ибрат гапгадир, айтувчига эмас. Ибрат амалгадир, амал қилувчига эмас. Қолгани ...

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
15581603 йиллар орасида қарийб 45 йил давомида Англия ва Ирландия қироличаси бўлган Елизавета I ҳақида қизиқ маълумотлар бор экан. Ушбу маълумот рус тилидаги давоми...

2508 11:32 / 05.12.2023
Миннатдорлик Эътиқод амал билан улуғМамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, давоми...

4684 22:21 / 13.02.2018
Бутун оламлар Холиқи бўлмиш Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ичидан ўз рисолатига танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ давоми...

4420 14:52 / 27.01.2024
Ривоят қилишларича, бир киши ўғлини тижорат сафарига юборди. Ўғил йўлда борар экан касал, кекса тулкининг ёнидан ўтиб қолди. Тулки ҳаракат қилишга ҳам қодир давоми...

1655 14:22 / 30.04.2025
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021