1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Маслаҳат сўралган омонат топширилган кабидир

17:00 / 07.09.2022 2607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсамга:

«Хизматчинг борми?» дедилар.

«Йўқ», деди у.

«Бўлмаса, бизга асир келтирилганда олдимизга кел», дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бор-йўғи иккита асир келтирилди. Абу Ҳайсам у зотнинг олдиларига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икковидан бирини танла», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ўзингиз танлаб беринг», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маслаҳат сўралган одам омонат топширилган одам каби бўлади. Манавинисини ол. Мен унинг намоз ўқиётганини кўрдим. Унга яхшилик қил», дедилар.

Хотини:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида айтган нарсага етишишинг учун уни озод қилмасанг бўлмайди», деди.

«Бўпти! У озод!» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қай бир набийни ёки халифани юборган бўлса, уларнинг икки хил яқинлари бўлади. Бирлари унга яхшиликни буюради, ёмонликдан қайтаради. Иккинчилари унинг ишини бузишдан бошқа нарса қилмайди. Ким ёмон яқинлардан сақланса, ёмонликдан сақланган бўлади», дедилар».

Эътибор беринг, бу ҳадиси шарифда одамларнинг яхшисини танлашда асосий сифат намоз бўлмоқда. Намоз ўқиган одам яхши бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гавдаси, қомати ёки бошқа сифатларини эмас, балки намоз ўқиганини кўрганларини айтяптилар.

Абу Ҳайсам хизматчини уйига олиб бориб, бўлган воқеани аёлига батафсил айтиб берди. Шунда хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага етишишинг учун шу қулни озод қилмасанг бўлмайди», деди.

Аёлнинг оқилалигини қаранг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсамга: «Унга яхшилик қил», деган эдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қиламан десанг, уни озод қиласан», деяпти мўмина аёл.

Шунда Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳу: «Бўпти, уни Аллоҳнинг йўлида озод қилдим», деди.

Бу ҳадиснинг давомида айтилган набий ва халифаларга яқин бўлган кишилар ҳақидаги гаплар Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳунинг аёлларига тааллуқли мақтовдир.

Абу Ҳайсам ана шундай яхши маслаҳатчининг маслаҳати туфайли улкан ажрга эришди.

Демак, биров маслаҳат сўраса, маслаҳат сўралган одам ўзининг катта бир масъулият остида қолганини ҳис қилиши керак. Чунки маслаҳат сўраган одам ўзининг манфаатига оид бўлган ишни унга топширади. Энди бу маслаҳатни беришда хиёнат қилмаслик, албатта яхши маслаҳат бериш керак экан.

Бошқа ҳадисларда келишича, билиб туриб ёмонлик қилиш, ёмон маслаҳат бериш, яъни билиб туриб, қасддан ёмон маслаҳат бериш жуда катта гуноҳ бўлади.

Каттами, кичикми, муҳимми, арзимас нарсами – ҳаммаси маслаҳат сўралган одам учун улкан масъулият, омонат бўлади, унга зинҳор хиёнат қилмаслик керак экан.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар ҳеч кимга ҳасад қилмасанг, сенга саодатнинг ярми мерос бўлади. Агар ўзингдан бошқага яхшиликни истайдиган бўлсанг, бахтсаодатнинг барчаси сенга мерос давоми...

2410 14:00 / 25.01.2023
Маккага қадам қўйганимдан бери Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймолари хаёлимдан кетмади. Хаёлимда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

2920 11:00 / 20.02.2021
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Иҳёу улумид дин, китобида келтиради.Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний айтади.Бир киши подшоҳга яқинлашди, унинг хос давоми...

2277 09:00 / 23.08.2023
Илм аҳли даражасини бошқалардан баланд қилган ва башарга илмни Ўзидангина сўрашни амр қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматга илоҳий таълимни берган давоми...

1496 15:06 / 21.04.2025