1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қалбнинг ҳукмини Аллоҳга топширайлик!

15:25 / 25.10.2022 1646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламолар иймонни қасд, уни сўзлаш ва унга кўра амал қилиш, дея тушунтиришади (жумҳур уламо амални иймоннинг шарти эмас, балки камолга етказувчи жиҳати, дейишади). Ва буни Аллоҳнинг ҳузурида мақбул иймон, дея аташади. 

Инсонлар ҳузурида мақбул иймон эса, фақат «шаҳодатайн»га иқрор бўлишгина, дейишади. Яъни, Аллоҳнинг ҳузурида иймонли бўлиш учун юқоридаги учта шарт топилиши лозим.

Жумладан, «шаҳодатайн»га ёлғондан иймон келтирса, қалбларни билувчи зот уни мўмин эмас, мунофиқ ўлароқ қабул қилади.

Амалга бепарво бўлса, фосиқ ёки (буюрилган амални қилиш шарт эмас, деган эътиқодда бўлса) кофир сифатида ҳукм қилади. Аммо бу ишларга инсонларнинг асло ҳаққи йўқ.

Инсонларнинг наздида эса киши мўмин бўлиши учун «шаҳодатайн»га иқрор эканлигини айтса бўлди.

Мўмин сифатида мўминларнинг бурч ва ҳуқуқлари унга татбиқ бўлади ва кофирларга қилиниши керак бўлган муомалалардан қутилади. (Бу масалалар кенг мавзу).

Ҳозир бизда динни тушунмаслигимиздан ёмон бир вазият юзага келмоқда.

Ўтмиши нохуш бир киши солиҳ амаллар қилишга ўтса, мен унга ишонмайман, олдинги ишларига жавоб берсин, қабилидаги танбеҳ ва инкорлар кўпайиб кетди.

Улар қўяётган талаб Аллоҳ таолонинг талаби, бандаларнинг бундай талаб қилишга ҳаққи йўқ.

Чунки ҳиссиёт аъзолари нуқсонли бўлган инсон сифатида биз унинг қалбидаги қасд ва қарорини аниқлай олмаймиз. Заиф яратилган банда бўлганимиз туфайли, биздан яшириб қилган амалларини кўра олмаймиз.

Бизга у одамнинг «шаҳодатайн»ни тили билан талаффуз қилиши кифоя. Биз уни мўмин ҳисоблаймиз, қалби ва яширин амалларини Аллоҳга ҳавола қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ваҳий орқали билдириб тургани учун замонларидаги ҳамма мунофиқларни таниганлар. Лекин бирортасининг номини ошкор қилмаганлар.

Айрим мақсадларни кўзлаб сир соҳиби бўлган Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуга уларни айтиб берганлар.

Чунки умматлари бир кун келиб қалбларни тафтиш қилиш ва одамларнинг иймонини қабул қилиш мансабини эгаллаб олишини билганлари учун шундай йўл тутганлар.

«Мана Пайғамбар алайҳиссалом мунофиқларни ошкор қилганлар», дея бу қабиҳ ишни суннат тутиб олмасликлари учун ҳам шундай қилганлар.

Хуллас, инсоннинг қалбидаги қасди ҳақида гапириш, уни тафтиш қилиш Ислом таълимотларига зид амал.

Амалларини пойлаб ҳукм чиқариш иложсиз ва оғир иш. Шундай экан, унинг иқрорига ва зоҳир-бизга кўриниб турган амалларига ишонайлик ва шу билан кифояланайлик.

Қалб ва кўринмас амалларини эса уларнинг эгаси Аллоҳга топширайлик! Энг асосийси ўзимизнинг иймон ва амалларимизни тафтиш этайлик!

«Шаҳодатайн» Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг элчиси эканига шаҳодат келтириш, гувоҳ бўлишдир.

Мубашшир Аҳмад домла

Муаллиф
Мубашшир Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.... Сўнгра ndash Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми Рўза сақловчидир. давоми...

5394 09:22 / 02.10.2020
Қадимда бир шаҳарда бой савдогар яшарди. Бир куни шу савдогарнинг умри тугаб, вафот этибди. Унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам сафарда эди. Кишилар марҳумнинг ўғлини давоми...

4591 05:00 / 17.02.2017
Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, саҳобалар ҳам атрофларида ўтирар эди. Шундай мажлисларнинг бирида кимдир орқасида боласини опичлаб давоми...

6125 17:03 / 22.12.2023
Бир дўстим келиб хотинидан ажралишини айтди. У хотинидан ниҳоятда ғазабда эди. Худди отилай деб турган вулқон сингари эди.Мен ундан сўрадимУ хиёнат қилдимиУ деди давоми...

2220 11:00 / 24.07.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021