1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Маошига қизиқмаган ходим

14:00 / 23.11.2022 2681 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир фақир киши бор эди. У бировнинг қўлида ходим бўлиб ишлар, ўз ишида ихлосли, ишларини пухта, комил қилиб бажаришга уринарди. Шу билан бир қаторда онаси, аёли ва фарзандларининг нафақасини ҳам қилар эди. Бир куни ишга келмай қолди. Раҳбар ўзича: «Маошига бир динор қўшиб берсам ана шунда ишга келса керак. Ҳа, у маошимни оширсинлар деб атайин ишга келмаган, чунки унга эҳтиёжим борлигини билади-да», деб ўйлади. Эртаси куни ходим ишга келганда раҳбари унинг маошига бир динор қўшиб берди. Ишчи ҳеч нарса демади, раҳбаридан қўшимча пулнинг сабабини сўрамади ҳам. Орадан бир муддат вақт ўтиб ишчи яна ишга келмади. Бу сафар раҳбар қаттиқ ғазабланди ва ўзига-ўзи «Қўшиб берган бир диноримни камайтираман» деди-да чиндан ҳам шундай қилди. Бу сафар ҳам ишчи гапирмади, ҳатто маоши нега камайтирилгани ҳақида сўрамади ҳам. Раҳбар ходимининг ўзини тутишидан ажабланиб: «Ойлигингни ошириб берсам нега бу ҳақда сўрамадинг, камайтирганимда қизиқиб ҳам кўрмадинг», деб сўради.
Ходим раҳбарга вазиятни шундай баён қилди: «Биринчи маротаба ишга келмаганимда, Аллоҳ таоло фарзанд неъматини ато қилган эди. Шундан кейин сиз бир динор қўшиб бердингиз. Ўшанда мен: «Бу фарзандимнинг ризқи, ўзи билан бирга келди» дегандим. Иккинчи бор ишга келмаганимда онам вафот этдилар. Сиз ўшанда маошимдан бир динор камайтирдингиз. Мен: «Ўша бир динор онамнинг ризқи эди. У вафот этганда бу ҳам тўхтади» деб ўйладим».
Ходим маошининг кўтарилиши ёки камайишига нега қизиқмаганини англагандирсиз. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига, ризқига қаноат қилиб, унга рози бўладиган қалблар қандай ҳам гўзал. Ҳа, қаноат ва ризо энг улкан неъматлардандир.
Азизлар, қаноат деб аталган фазилатни ўзлаштирайлик. Подшоҳлардек яшамасак ҳам, қаноатимиз борлиги учун ризқ масаласида хавотирга тушмаймиз. Сиз дунё подшоҳларига бир назар солинг, кафандан бошқа яна бирор нарса олиб кетганини кўрдингизми? Шундай фақирлар борки, қаноати сабабли унча-мунча пулдордан бой ҳисобланади, шундай бойлар борки, таъмагирлиги сабабли унча-мунча пули оздан камбағалроқ ҳисобланади. Биз барчамиз тақдирга иймон келтирганмиз. Шундай экан, Аллоҳнинг қазойи қадарига рози бўлсак, У зотга бутун борлиғимиз билан ишониб, раҳмату мағфиратидан умидвор бўлиб яшасак, ризқ, эртанги кундан хавотирланмай яшаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло берган ризқга рози бўлиш Аллоҳнинг ҳузурига олиб борадиган энг катта эшиклардан, обидларнинг истироҳат майдони ва дунёдаги бўстондир. Аллоҳ таоло барчамизга қаноат, берилган ризққа рози бўлиш, дунёга муҳаббат қўймаслик неъматларини ато қилсин.


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 
Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Танишим қарз олган эди. Мана уч йил бўлди. Бир ойда бир маротаба қўнғироқ қиламан. Қайтараманrdquo, дейди. Ваъда беради, ўзини олиб қочмайди. Ночор инсон эмас оиласи, давоми...

18190 17:46 / 16.07.2017
Таътилга берилган муддат ниҳоясига етиб, юртига қайтиш учун бир йигит самолётга чиқди. Йигитнинг ёнида содда, кекса бир онахон ўтирарди. Самолёт манзил сари давоми...

3877 17:00 / 01.08.2022
Ҳаёт бу мусофирчиликдир. Дунёга келар эканмиз умр бўйи давом этадиган узун йўлга мусофир бўлиб қадам босамиз. Баъзан йўлнинг ўзидан ҳам кўра елкамизга ортган давоми...

2439 16:11 / 03.03.2024
Пешинга яқин масжид тараф йўл олдим. Машинадан тушар эканман, атрофи оқ сурп билан ўралган тобутга кўзим тушди. Демак ёши катта инсон вафот этибди. .Биз давоми...

3766 13:15 / 13.10.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021