1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Асл фитрат илоҳни инкор қилмайди

09:00 / 14.12.2022 1822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоният тарихига назар солган киши башариятнинг илоҳий ақидага нисбатан муаммоси ушбу коинотни тадбир қилиб турган Зотни инкор қилишда эмаслигини кўради. Илоҳни мутлақ инкор қилиш маъноси жуда ҳам оз ва нодир ҳолатдир.
Француз файласуфи Бергсон айтган экан: «Илм-фан ва фалсафаларга эга бўлмаган жамиятлар бўлган ва топилади ҳам. Лекин диёнатсиз бирорта жамият бўлмаган».
Муаррихлардан бири айтган экан: «Тарихда қўрғонлари йўқ шаҳарлар, таълим даргоҳлари йўқ шаҳарлар, қасрлар ва завод-фабрикалари йўқ шаҳарлар топилади. Лекин ибодатхоналари йўқ шаҳарлар ҳеч ҳам учрамайди».
Ҳамма асрларда, ҳамма шаҳарларда доим ибодатхоналар бўлган. Лекин муаммо ўша ибодатхоналарда кимга ибодат қилинишида.
Ҳа, башариятнинг муаммоси ибодат қилишда эмас, балки кимга ибодат қилишдадир.
Коҳинлар, сеҳргарлар, диндан тижорат сифатида фойдаланувчилар одамлар учун турли илоҳларни ўйлаб топишди ва уни зийнатлаб кўрсатишди. Фиръавн ва Намруд каби баъзилари эса илоҳлик даъвосини ҳам қилишди.
Асл инсоний табиат илоҳга сиғиниб, унга ибодат қилиб яшаш билангина хотиржам бўлади. Инсоннинг асл фитрати шу. Гоҳида мана шу асл фитратни турли хил шубҳа ва шаҳватларнинг чангу ғуборлари қоплаб олади. Лекин шундай бўлса-да, бу фитрат бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Инсон турли ташвишларга ва оғир мусибатларга дуч келиб, уни бартараф этишда на ўзида, ва на ўзгада куч тополмай қолган пайтда фитратини қоплаб олган мазкур чангу ғуборлар кетиб, қалбининг қаъридан асл фитрати намоён бўлади ва ич-ичидан Аллоҳдан ёрдам кутади:
«Денгизда сизларга бирор мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган Ундан бошқа (маъбуда)лар ғойиб бўлур» (Исро сураси, 67-оят).
Ривоят қилинишича, зиндиқлардан бири Жаъфар Содиқнинг ҳузурида Яратувчини инкор қилди. Жаъфар унга: «Денгизни ва унинг қўрқинчини кўрганмисан», деди.
У: «Ҳа, денгизга чиққанман, қўрқинчли шамол эсган. Кема синиб денгизчилар ғарқ бўлишган. Мен тахталардан бирига осилиб олдим. Сўнгра у тахта ҳам мендан кетиб қолди. Тўлқинлар мавжи мени улоқтириши натижасида соҳилга етиб олдим», деди. 
Шунда Жаъфар: «Сен таянган нарса кема, тахта ва денгизчилар эди. Уларни йўқотганингдан кейин ҳам омон қолишни умид қилганмидинг?», деди.
У: «Ҳа», деди. 
Жаъфар: «Кимдан?», деди. 
У жим қолди.
Шунда Жаъфар: «Сен умид қилган зот ўша Яратувчи зот бўлади. У сени ғарқ бўлишдан қутқарди», деди. У киши Жаъфар Содиқнинг қўлида Исломни қабул қилди.
Демак, башариятга етган катта тойилиш илоҳнинг борлигини инкор қилишда бўлмаган, балки Унга ширк келтиришда, Ундан бошқага ибодат қилишда бўлган. Шунинг учун барча пайғамбарларнинг асосий вазифалари одамларни якка Аллоҳга ибодат қилишга чорлаш ва ибодатни қай тарзда адо этишни ўргатиш бўлган, илоҳнинг борлигини исботлаш бўлмаган.
Аллоҳни инкор қиладиган айрим кимсалар ҳам ўзлари билмаган ҳолда кимларгадир сиғиниб яшашади. Шахсларни илоҳ қилиб олишган бўлади. Уларнинг илоҳлари кўп бўлади. Бирини олиб, бирини қўяверишади.
Айниқса, мусибатга учраганда, ҳеч ким ёрдам беролмай қолганда ҳам ич-ичларидан ёрдам кутишади. Ўшанда улар ўзлари билмаган ҳолда ёрдамни Аллоҳдан кутаётган бўлади.
Шайх Юсуф Қаразовийнинг мақолалари асосида


Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади

Муаллиф
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у У Зотга етишишга сабаб бўлади.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ давоми...

8159 16:21 / 29.04.2018
269. 322. Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни давоми...

6842 16:16 / 22.03.2018
Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича давоми...

6432 05:58 / 29.09.2018
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури ndash ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли давоми...

4263 09:00 / 19.08.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021