1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди

16:20 / 26.12.2022 2366 pdf Ўқиш режими + -

Аллоҳ таолонинг ҳикматига кўра, инсонларга турли тақдирлар битилган. Кимдадир беморлик, кимдадир камбағаллик ва ҳоказо синовлар. Инсон ўша синовларни бардош билан енгиб ўтишда Аллоҳ берган тақдирга рози бўлса, хотиржамликка эришади ва улкан ажрлар қозонади, ин ша Аллоҳ.

Маълумки, пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган, таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган болалар учун 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар жисмонан заиф бўлса-да, уларнинг ҳаётга интилиши, илм олишга рағбати, эзгу мақсадлари таҳсинга сазовор. Қолаверса, улар ўзларидаги имкониятлардан унумли фойдаланиб, республика ва халқаро мусобақаларда ҳам фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда.

Куни кеча мактаб интернатида «Shafii» лойиҳаси ташаббуси билан спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш ва ўқувчиларга хурсандчилик улашиш мақсадида тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда футбол, сузиш, эшкак эшиш, таэквондо, қўл жанги, бадминтон каби спорт турлари бўйича чемпионликни қўлга киритган ҳамда нуфузли ўринларни эгаллаган совриндорлар, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.



Жумладан, Улуғбек Тошпулатов футбол бўйича жаҳон чемпионатида фахрли учинчи ўринни эгаллаган. Алижон Неков сузиш бўйича, Камол Чулиев таэквондо бўйича, Санжар Абдусаломов ва Отабек Рихсибоев қўл жанги бўйича, Муҳайё Абдусатторова эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритишган.

Қолаверса, Равшан Алишеров, Жасур Жахбаров, Нафиса Ҳимматова, Гулсевар Маҳкамова, Шинор Асатиллаева, Илҳом Ҳабибуллаевлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, совриндорлар қаторидан жой олишган. 

Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳам иштирок этиб, ўқувчиларнинг илм олиш, хорижий тилларни ўрганиш билан бирга, спорт мусобақаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни олаётганидан мамнунлигини ва бу ютуқлар ўқувчиларга бахтиёрлик, юртимизга шараф бўлаётганини таъкидладилар. Улуғ алломаларнинг ҳаётларидан мисоллар келтириб, гарчи уларда жисмоний имкониятлар чекланган бўлса-да, улкан илм хазинасини қолдириб кетганликлари, хусусан, кўзлари ожиз бўлган имом Шотибийнинг асарларидан бугунги кунда ҳам кенг фойдаланилаётганини эслаб ўтдилар.

Тадбир давомида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ташкилотчилар, мактаб маъмурияти ва барча хайрихоҳлар ҳақларига дуолар қилинди. 

Бу тадбир билан ўқувчиларнинг қалбига хурсандчилик кирганини юзларидан, кулгуларидан англаш қийин эмас. 

Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳ таъбири билан айтганда: 

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, 

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Қамариддин Бекмуҳаммад

 

Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Америкалик тадқиқотчилар пандемия пайтида ҳалол маҳсулотларга бўлган талабнинг бироз пасайганини қайд этиб, кафолатланган ўсишни башорат қилмоқдалар. Ҳалол давоми...

2077 13:00 / 26.08.2021
21 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Имом Термизий номидаги ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Самарқанд Ҳадис илми мактабида давоми...

687 19:30 / 24 январь
Муборак Рамазон ойида Масжидул Набавийда бўлиб ўтаётган Қуръон кўргазмасида Қуръоннинг 51 тилга таржималари намойиш этилмоқда.Музейлар ва кўргазмалар давоми...

2090 11:00 / 11.05.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Ватанимиз тарихида ғоят мураккаб ва синовли давр бўлган XX аср бошида майдонга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий давоми...

1796 11:42 / 12.01.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021