1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Уйқудан вақтида уйғонган одам

14:00 / 08.02.2023 2753 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Чорсуда тушлик қилиб ўтирганмизда гапдан гап чиқиб, Муҳаммад Собир исмли дўстимиз: «Қизиқ бир воқеани айтиб берайми?» деб қолди. Ўтирганлар қулоқ тутди.
Ҳеч эшитганмисизлар, стенокардия деган юрак хасталиги бўлар экан. Бунинг аломати шуки, юракнинг уриши сустлашиб, бора-бора тўхтаб қолиши мумкин. Одам уйғоқ бўлса-ку, ҳай майли, тезда врачга бориб, касаллик олди олинади. Бироқ Худо кўрсатмасин, одам тунги уйқуда бўлса – саҳарда уйғонмай қолиши ҳам ҳеч гап эмас-да.


Бир таниш акахонимиз бор. Унинг чап кўкрагидаги чандиқни кўриб, сабабини суриштирганимда, автоҳалокат туфайли жароҳатланиб ҳалигидай – стенокардия касаллигини орттириб олганини айтдилар.
Бир куни ухлаб ётса, аллақачонлар оламдан ўтиб кетган отаси тушига кирибди. Чуқур чоҳ ичида ўтирганмиш, тинимсиз нолиётганмиш: «Сизларга на бир оғиз калимани, на намозни ўргатдим. Дину диёнатдан сабоқ бера билмадим, ўзим ғофил ўтдим, сизларни ҳам ғафлатда қолдирдим, афсус. Мана аҳволим – чоҳдаман, пушаймонли оҳ-воҳдаман, атрофимдагилар аллақачон тепага чиқиб кетди, мен ҳануз ночор ўлтирибман», деб ёзғираётганмиш. Яна шунга ўхшаш, тушга хос алламбалолар. Аммо ўтиб кетган, нолишлар қилаётган ота кутилмаганда аниқ-тиниқ қилиб: «Тур ўрнингдан, ҳой ўғлим, таҳорат ол, намозингни ўқи!» дебди.


Шунда ҳалиги акахонимиз ярим тунда отанинг даъватидан беихтиёр уйғониб кетибди.
Буни қарангки, оёқ ва қўл бармоқларини ушлаб кўрса, совуб, музлай бошлаган экан – ҳалиги юрак хасталиги аста-секин ўз асоратини ўтказа бошлаган экан. Дарров шифохонга бориб, касаллик олди олинибди. Шу акамиз бир оз ўзига келгач, шифохонада нуроний юзли, намозхон бир чолни кўриб, ҳолини баён қилибди. Ундан ибодат ва итоатни ўрганибди.


Қисқаси, ўша раҳмоний туш ва касаллик баҳонаи сабаб бўлиб, Аллоҳнинг ҳидояти ила тўғри йўлга кирибди; барча шайтоний амалларидан юз ўгирибди. Ҳозир ибодатлари жойида, тақво кучли, баъзан аввалги қазоларини ўқийди.
Юрак хасталигидан ҳам шикояти йўқ...
Ўтирганлардан кимдир воқеани эшитгач: «Бу киши энди, албатта, ором олиб бемалол ухласа керак», деди. Яна биров: «Жуда ибратли воқеа экан, буни ёзиш керак», деди. Мен ёздим.
Илова:
Кейинчалик бу кишининг исми Норбой ака эканини билиб олдим. Танишдим. У киши бошидан кечирган яна бир ғалати воқеани шу ўринда илова қилишни лозим кўрдим. Норбой аканинг ҳар кунги ибодатлари, тақволари рисоладагидек давом этаверган. Аммо бир куни бандачиликми ва ё нафс балосими ёки шайтон васвасасими, ҳарқалай, кунлик тартибга хилофан кичик бир нуқсон-адашув юз берган. Яна кечки уйқу... Ухлаб ётсалар, оппоқ кийинган, оқ соқолли бир нуроний чол у кишини тим қоронғи зулматга зарда қилиб отиб юборибди. У қоронғиликни сўз билан тасвирлаш қийин. Уни кўриш амри маҳол. «Қани сендаги ваъда? Нега алдадинг?» дея саволга тутибди чол. Сўнгра тавбасига таянганини эшитгач, нуроний зот қўлидаги ҳассасини унга узатибди ва Норбой акани зулмат ичидан қутқариб олибди. Илова шу.

Баҳодир Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журналининг 10 (43) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

6080 05:00 / 03.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир давоми...

3772 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло айтади Агар Аллоҳ барча бандаларининг ризқини кенгмўл қилиб қўйса, албатта улар Ер юзида зулмтажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот давоми...

3638 05:00 / 03.03.2017
Бир нарсага ҳирс қўйиш унга қаттиқ муҳаббат қўйиб маҳкам ёпишиб олиш ила бўлади. Ҳирс асосан молу дунё, мансаб ва обрўга қўйилади. Чексиз умид эса инсон ўзига давоми...

3697 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021